65-модда. Шаҳарлар ва посёлкалардаги қишлоқ
хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерлар
Шаҳарлар ва посёлкалардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерларга қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларининг эгалигидаги ҳайдаладиган ерлар, боғлар, узумзорлар, тутзорлар, мевазорлар, полизлар, питомниклар, яйловлар, пичанзорлар, суғориш, зах қочириш ва йўл тармоғи, иморатлар, ҳовлилар, майдонлар эгаллаб турган ва бошқа ерлар киради.
Шаҳарлар ва посёлкаларнинг чегарасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерларга қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда ишлаб чиқариш иморатлари қуришни шаҳар ёки туман ҳокими билан келишилган ҳолда амалга оширадилар.
Шаҳарларда (посёлкаларда) қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ерлар мавжуд бўлиб, ушбу ерлар бир пайтнинг ўзида умумий тартибдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳамда аҳоли пункти ерлари тоифасига киритилади. Шу сабабли шаҳарлар ва шаҳар типидаги посёлкалар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларининг ҳуқуқий ҳолатида ҳар иккала тоифадаги ерларга хос хусусиятларни учратиш мумкин. Айнан шу ҳолат бундай ерларнинг такрорланмас сифатларини белгилаб беради. Яъни, ушбу ерлар бугунги кунда алоҳида қимматга эгадир. Шаҳарлар асосан фан, маданият, бошқарув, санъат каби соҳаларнинг маркази бўлишига, шунингдек, шаҳар ерларидан қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланиш иккиламчи даражали аҳамият касб этишига қарамай, ушбу ерлардан оқилона, самарали фойдаланиш аҳоли учун жуда кўп қулайликларни келтириб чиқаради. Шаҳарлардаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда кўпинча мева, сабзавотлар етиштирилиб, ушбу маҳсулотларни шаҳар аҳолисига етказиш ёки уларни қайта ишлаш қишлоқдагига нисбатан анча осон кечади. Аммо шунга қарамай, одатга кўра шаҳар ҳудудининг асосий қисмини қурилиш ерлари эгаллаши туфайли зарур ҳолларда турли мақсадларга мўлжалланган бино-иншоотларни қуришни шаҳарлар бош режаларига асосан айнан қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ерларда амалга ошириш назарда тутилади. Яъни, шаҳар қурилиши ерлари энг аввало шаҳар таркибидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ҳисобига кенгайтирилади. Шаҳар ҳудудини кенгайтириш зарур бўлган ҳолларда эса шаҳар атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар шаҳар таркибига киритилади. Демак, айтиш мумкинки, мамлакатимизда шаҳарлар қишоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобига кенгайтирилади.
Шаҳарлар ва посёлкалардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга қуйидагилар киради: ҳайдаладиган ерлар, боғлар, полизлар, питомниклар, яйловлар, қишлоқ хўжалиги учун хизмат қиладиган суғориш ва йўл тармоқлари, иморатлар, шунингдек фуқароларга қарашли бўлган ҳовлилар, майдонлар эгаллаб турган ерлар. Санаб кўрсатилган ер майдонларига қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа давлат, жамоат қишлоқ хўжалик корхоналари ёки фуқаролар фойдаланишида бўлган ерлар киради.
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг (04.04.2002 й.) 48-моддасида қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар кўрсатилган бўлиб, унга кўра шаҳар ва посёлка чизиғи доирасида ҳайдаладиган ерлар, боғлар, токзорлар, полизлар, пичанзорлар, яйловлар ва бошқа ер майдонлари, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бинолар ва иншоотлар эгаллаб турган қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган зоналар ажраталади. Мазкур зоналарнинг ҳудудларидан фойдаланиш тури бош режа ва қуриш қоидаларига мувофиқ ўзгартирилгунига қадар бу ҳудудлардан қишлоқ хўжалигини юритиш мақсадида фойдаланиш мумкин.
Шаҳарлар таркибидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тақдири шаҳарларнинг бош режаларига боғлиқ бўлади. Чунки шаҳар ҳудудидаги ер участкаларидан фойдаланиш тартиби маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тасдиқланадиган ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболли дастурлари, шаҳар бош режаси асосида белгиланади.
Шаҳарлар ёки шаҳар типидаги посёлкалардаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар асосан қишлоқ хўжалик корхоналарига фойдаланиш учун берилади. Шу билан бир қаторда айтиш лозимки, бундай ерлар кўпинча шаҳар ёки шаҳар типидаги посёлкалар чегараси доирасига қишлоқ хўжалик корхоналарини қўшиб олиниши, ёхуд бошқача айтганда, шаҳар ҳудудини кенгайтириш натижасида вужудга келади ва шунинг учун қишлоқ хўжалик корхоналари фойдаланишида бўлади.
Умумий қоидага биноан, барча қишлоқ хўжалик ерларига бир хил ҳуқуқий режим жорий қилинишига қарамай, шаҳарлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг ҳуқуқий ҳолати ўзига хос фарқли жиҳатлари билан ажралиб туради.
Шаҳар (посёлка)лардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар умумий тартибдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади:
бу ерлардан фойдаланиш вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, ҳар қандай вақтда заруриятга қараб шаҳарни ривожлантириш эҳтиёжи учун олиб қўйилиши мумкин;
шаҳарлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар шаҳар маҳаллий ҳокимият органи томонидан бошқарилса, умумий тартибдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар туман ҳокимияти томонидан бошқарилади;
бундай ерлардан фуқароларга деҳқон ёки фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари ажратилмайди;
бу ерлардан фойдаланиш характери тасдиқланган шаҳарсозлик лойиҳасига мувофиқ белгиланади;
шаҳар чегаралари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобидан кенгайтирилади;
бу ерларда ҳар қандай турдаги қурилиш шаҳар ҳокимлиги билан келишилган бўлиши лозим;
ер солиғи қишлоқ хўжалик ерларига қараганда икки баравар кўп олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |