58-модда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган
ерларни қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишдаги корхоналар,
муассасалар ҳамда ташкилотларга бериш тартиби ва шартлари
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ерлари олиб қўйилаётган ер эгаларининг розилигига кўра ва ердан фойдаланувчилар билан келишувга мувофиқ ер участкаларини ажратиш лойиҳаларига асосан туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан берилади.
Янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари улар туман ёки вилоят ҳокимининг қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилган, қайта ташкил этилган ёки тугатилган пайтдан эътиборан вужудга келади ёки тугатилади.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш хўжалик фаолияти учун қулай чегараларда амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланишидаги ер участкаларининг тарқоқ, ўзга ерларга суқулиб кирган бўлишига ва бошқа камчиликларга эга бўлишига, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.
Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланишидаги ерларнинг тарқоқ, ўзга ерларга суқулиб кирган бўлишини ва бошқа камчиликларни бартараф этиш хўжаликлараро ер тузиш тартибида амалга оширилади.
1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар – қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ер қонунчилигида уларни муҳофаза қилишнинг ҳамда фойдаланиш учун тақдим этишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш ушбу ер участкаларига нисбатан ҳуқуқни вужудга келтирувчи асосий восита бўлиб, ушбу жараён маълум босқичлардан ташкил топган: яъни биринчи босқич ер берилишини сўраб ариза беришидир; иккинчи босқич мазкур аризани ваколатли давлат органида кўриб чиқиш; учинчиси ер ажратиш тўгрисида қарор чиқариш; тўртинчиси натура тартибида ер участкасини жойида ер тузилишида асосан ажратиб беришдан иборат. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга бериш тартиби ва шартлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи Ер кодексининг 46-моддасига асосланади. Маълумки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар асосан қишлоқ хўжалиги йўналишидаги корхона, муассаса ва ташкилотларга берилади. Ер кодексининг 46-моддасига асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги кооперативларига (ширкат хўжаликларига), бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига-товар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини юритиш учун; тажриба-ишлаб чиқариш, ўқув, ўқув-тажриба ва ўқув-ишлаб чиқариш хўжаликлари, илмий-тадқиқот ва бошқа қишлоқ хўжалик муассасалари ва ташкилотларига-илмий-тадқиқот ва таълим мақсадлари, товар қишлоқ хўжалигини юритиш ва илғор тажрибани тарғиб қилиш учун; Ўзбекистон Республикаси фуқароларига-фермер хўжаликларини, деҳқон хўжаликларини, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун; жамоа боғдорчилиги, полизчилиги ва узумчилиги учун; қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмайдиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга-ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун берилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги ерлари ўзга мақсадларда, қоида тариқасида, кейинчалик қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш шарти билан вақтинча фойдаланишга тақдим этилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ер участкаларини ажратиш лойиҳаларига асосан туман ёки вилоят ҳокимининг қарори билан берилади.
Қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг бошқа моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари, жумладан, “Қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда низом, намунавий уставлар ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам белгиланиши мумкин.
2. Қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари туман ёки вилоят ҳокимининг қарори асосида вужудга келади ёки тугатилади. Қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган тақдирда унинг ер участкасига бўлган ҳуқуқлари улар ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган вақтдан бошлаб вужудга келади ёки тугалланади.
3. Қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқара олишларини таъминлаш мақсадида шарҳланаётган модданинг 3-қисмида уларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш хўжалик фаолияти учун қулай чегараларда амалга оширилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу моддада қоида тариқасида, қишлоқ хўжалиги корхона, муассаса ва ташкилотлар фойдаланишидаги ер участкаларининг тарқоқ, ўзга ерларга суқулиб кирган бўлишига ва бошқа камчиликларга эга бўлишига йўл қўйилмаслиги ҳам белгиланган. Ушбу норманинг белгиланиши муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини таъминлайди, шунингдек, уларнинг ушбу ер участкаларини муҳофаза қилишга доир чора-тадбирларни самарали ташкил этишини кафолатлайди. Шарҳланаётган модданинг кейинги тўртинчи қисмида қишлоқ хўжалиги корхона, муассаса ва ташкилотлар фойдаланишидаги ер участкаларининг тарқоқ, ўзга ерларга суқулиб кирган бўлишига ва бошқа камчиликларга эга бўлишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш ҳамда бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида хўжаликлараро ер тузиш амалга оширилиши мумкинлиги кўзда тутилган.
4. Ер кодексининг 12-моддасига мувофиқ, янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларига ер ажратиб бериш лойиҳаларини тузиш хўжаликлараро ер тузиш ҳисобланади. Шарҳланаётган модданинг 4-бандига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фойдаланишидаги ерларнинг тарқоқ, ўзга ерларга суқулиб кирган бўлишини ва бошқа камчиликларни бартараф этиш мақсадида хўжаликлараро ер тузиш амалга оширилиши мумкин. Хўжаликлараро ер тузиш ер тузишнинг амалиётда энг кўп учрайдиган тури ҳисобланади. Хўжаликлараро ер тузиш ишлари натижасида янги объектлар ҳосил бўлади ёки мавжудлари тартибга солинади, уларнинг чегаралари жойида белгиланади. Хўжаликлараро ер тузиш ер участкаларини жойлаштиришнинг қулай ва оқилона тартибини танлаш, уларни ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва мулкдорларга ажратиб беришда мақсадга мувофиқликни таъминлаш ҳамда ер участкаларига бўлган маъмурий-ҳудудий ва эгалик, фойдаланиш, мулк ҳуқуқини яхлитлаш каби масалаларни ҳал қилиш учун амалга оширилади. Ушбу тартибда ер тузиш лойиҳалари вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |