57-модда. Ёрдамчи қишлоқ
хўжалигини юритиш учун ер бериш
Ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ана шу корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек ошхоналар, болалар муассасалари, мактаблар, касалхоналар, кексалар ва ногиронлар уйларини, санаторийлар, дам олиш уйлари ва шу кабиларни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган ерларни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларни ҳам доимий эгалик қилишга бериши мумкин.
Шарҳланаётган модда мамлакатимизда саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш мақсадида ер участкалари ажратиб бериш тартибини белгилайди.
Таъкидлаш жоизки, мулкий – иқтисодий муносабатларда давлатнинг монопол ҳуқуқи ўрнатилган собиқ Иттифоқ даврида қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам фуқароларга эмас, балки айнан давлат корхоналарига ер ажратиб бериш яхши йўлга қўйилган эди. Бунда фуқароларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш, шунингдек турли йўналишларда фаолият юритаётган корхона, муассаса, ташкилотларни қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан яхшироқ таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ваколатли давлат органлари томонидан фуқаролар меҳнат қиладиган корхоналарга ер участкалари ажратиб бериш ҳоллари тез-тез учрар эди. Мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг турли соҳаларида бўлгани каби қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу соҳада бозор талабларига жавоб берадиган қонун-қоидалар қарор топди. Яъни, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан фермер, деҳқон хўжаликларига ер участкалари ажратиб бериш тартиби йўлга қўйилди, 90-йилларнинг бошлариданоқ бутун республика бўйича фуқароларга томорқа ерлари ажратиб берила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йилдаги «Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши муносабати билан фуқароларга уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ер участкаларига бўлган ашёвий ҳуқуқ кимошди савдоларида сотила бошланди. Бунда уй-жойни ободонлаштириш деганда, фуқароларнинг уй-жойлари атрофида қўшимча ер участкалари – томорқа ерларига эга бўлишлари, унда ёрдамчи хўжалик юритиб фуқароларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондиришлари назарда тутилган эди.
Шарҳланаётган модда мустақиллик йилларида қабул қилинган ва ҳозирда амалда бўлган Ер кодексида мавжуд эканлигига қарамай, юқорида назарда тутилган сабабларга кўра бугунги кунда ўз долзарблиги йўқотиб бормоқда дейиш мумкин. Шунга қарамай, назаримизда шарҳланаётган моддани амалиётга татбиқ этишнинг ижобий жиҳатларини қайд этиш жоиз:
Биринчидан, саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ходимларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилашга хизмат қилади;
Иккинчидан, ушбу моддани амалда татбиқ этиш ўз фаолиятини асосан давлат бюджети ҳисобидан юритувчи корхона, муаассаса ва ташкилотлар иш фаолиятида қўл келади;
Учинчидан, шарҳланаётган моддада кўрсатилган тартибга амал қилиш ҳудуддаги фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган ерларни ўзлаштиришга асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |