33-модда. Ер участкасига бўлган
ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар
Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери, ер участкаси ижараси шартномаси ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш шартномаси ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлардир. Бу ҳужжатларда ер участкаси қайси ҳуқуққа асосан берилаётганлиги, ер участкасидан фойдаланишнинг белгиланган мақсади, уни ўзлаштириш муддатлари, ер участкасини сақлаш вазифалари ва сервитутлар кўрсатилади. (ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонуни тахриридаги модда)
Ер участкаларини давлат рўйхатига олиш ва уни ўтказишда асосий ҳуқуқлар ва зарурий ўрнатиладиган ҳуқуқларни тасдиқловчи расмий ҳужжатлар ва маълумотлар жумласига қуйидагилар киради:
1. Ерга доимий эгалик ҳуқуқига доир давлат далолатномаси.
2. Ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқига доир давлат далолатномаси.
3. Меросга қолдирилган ерга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига доир давлат далолатномаси.
4. Ер участкасидан муддатли (вақтинчалик) фойдаланиш тўғрисидаги шартнома.
5. Ер участкасини ижарага олиш шартномаси.
6. Мерос ҳуқуқи тўғрисидаги далолатнома.
7. Маҳаллий ҳокимият органларининг ўз ваколатлари доирасидаги қарори.
8. Суд қарори.
9. Ер участкаси кимошди савдосида ёки танлов бўйича сотиб олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома.
10. Савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштиришда ер участкасига мулкчилик ҳуқуқи учун давлат ордери.
11. Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар томонидан ваколатхоналар учун фойдаланиладиган биноларга улар жойлашган зона участкалари билан бирга, шунингдек, кўрсатиб ўтилган ваколатхоналарнинг биноларини қуриш учун ер участкаларига эгалик қилиш тўғрисидаги олди-сотди шартномаси (гувоҳномаси).
12. Хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тураржойларнинг улар жойлашган ер участкалари билан бирга олди-сотди (эгалик қилиш ҳуқуқини сотиб олиш) шартномаси.
13. Бинолар ва иншоотларнинг олди-сотди, алмаштириш, ҳадя қилиш, рента шартномалари, тураржойни умрбод сақлаш шарти билан бегоналаштириш шартномаси.
14. Ер участкаси ёки унга нисбатан ҳуқуқларни гаровга қўйиш (ипотека) шартномаси.
15. Маҳаллий ҳокимият органларининг ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини тўхтатиш тўғрисидаги қарори.
16. Белгиланган тартибда тасдиқланган ерларни ажратиш ва олиб қўйишга доир материаллар.
17. Белгиланган тартибда тасдиқланган ер кадастри материаллари.
18. Кадастр хизмати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган ер участкасининг режаси.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисида гувохнома берилади. Унинг мазмуни қуйидагилардан иборат бўлади:
ер участкасига бўлган ҳуқуқни олган шахс тўғрисидаги маълумотлар;
ер участкасининг тавсифи (ерларнинг тоифаси, фойдаланиш мақсади, ер турлари, майдони, биргаликда эгалик қилиш ёки фойдаланиш улуши, чегаралари, кадастр тартиб рақами ва бошқа тавсифномалари);
ер участкаси бериш тўғрисидаги шартнома талабларига, ер участкасини сақлаш вазифалари ва сервитутларга оид маълумотлар;
ваколатли органларнинг ер участкасини давлат ёки жа-моат эҳтиёжлари учун ажратиб олиш минтақасига киритиш тўғрисидаги қарорлари;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар.
34-модда. Ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари
Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ҳокимлар бошчилигидаги доимий ишлайдиган комиссиялар тузилиб, улар таркибига давлат кадастри ва ер тузиш хизмати, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқаролар йиғинларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритилади.
Республикамизда ер фондидан фойдаланиш самарадорлигини оширпш, ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш бевосита ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари билан боғлиқдир. Ушбу комиссиялар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 1994 йил 24 ноябрдаги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1994 йил 29 ноябрдаги 575-сонли қарори ва ушбу қарор асосида қабул қилинган “Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.
“Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия тўғрисида”ги Низом шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги ердан самарали фойдаланиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияларнинг функцияларини ва иш тартибини белгилаб берди.
Ушбу низомга мувофиқ махсус комиссия туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарори билан Давлат мулки қўмитаси, молия, солиқ, табиатни муҳофаза қилиш органлари, ер тузиш, сув хўжалиги хизматлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакилларидан ва бошқа мутахассислардан иборат таркибда тузилади. Комиссия аъзолари орасидан раис, раиснинг ўринбосари, комиссия котиби тайинланади.
Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия қуйидагиларни амалга оширади:
- ўз ҳудуди бўйича ерларнинг тоифалари ва сифатига кўра (тупроқ бонитети, зарар кўриб ишловчи ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқалар) ҳисобга олинишини таъминлайди, ерларнинг сув билан таъминланганлик даражасини, сув хўжалиги иншоотлари билан жиҳозланганлигини ва бошқаларни ҳисобга олади;
- мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун сотиб олинган, меросга олинган ерларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.
Шунингдек, ҳокимликка ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун ким ошди савдосида сотиш ҳақида, ер солиғининг жарима ставкаларини белгилаш ҳақида, ердан фойдаланишнинг белгиланган тартиби бузилган тақдирда олиб қўйиш хақида таклифлар киритади.
Булардан ташқари комиссия корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан ахборотни сўраб олиш ҳамда ўз функцияларини бажариш учун мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўз фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссиянинг ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалалари тўғрисидаги қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан ҳал қилинади ва комиссия аъзоларининг 50 фоиздан ортиғи овоз берса ҳақиқий ҳисобланади. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида тегишли ҳокимлик олдида ҳисоб беради.
Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг қарорларига ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |