42-модда. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари
ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг чекланиши
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари давлат манфаатларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, муҳандислик коммуникациялари қуриш ва улардан фойдаланиш манфаатларини, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг манфаатларини, шунингдек фуқаролар хавфсизлигини кўзлаб фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда чекланиши мумкин.
1. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланади ва ҳимоя қилинади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланишича, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади (13-модда), давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини устунлигии ҳисобга олиб, уларнинг муҳофаза этилишини кафолатлайди. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари, ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг чекланишига фақатгина қонунда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилиши мумкин. Бунда ердан фойдаланувчи субъектларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланади, ҳуқуқларнинг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланади. Ўзбекистон Республикаси “Қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги қонунида ўрнатилишича, қишлоқ хўжалиги кооперативига берилган ер участкаларини олиб қўйиш белгиланган кафолатларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади (14-модда). Ер участкаси давлат ва жиноят эҳтиёжлари учун олиб қўйилган таъдирда пудратчи зарар (шу жумладан бой берилган фойда) ва бошқа ҳаражатлар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (15-модда).
2. Шарҳланаётган моддада белгиланишича, ер эгалари, ундан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларининг ҳуқуқлари қуйидаги мақсадларда чекланиши мумкин: 1) давлат манфаатларини кўзлаб; 2) атроф муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида; 3) муҳандислик коммуникациялари қуриш ва улардан фойдаланиш манфаатларида; 4) бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг манфаатларини кўзлаб; 5) фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида. Мулкдорнинг ер участкасидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиши қонун ёки шартномада белгиланган доирада чекланиши мумкин. Ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши ҳам ушбу чеклашни бекор қилмаслиги мумкин. Ер участкасига бўлган ҳуқуқ қонун ёки шартномада қуйидаги ҳолатларнинг белгиланиши орқали чекланиши мумкин: 1) белгиланган муддат давомида муайян шахслар томонидан ер участкасини сотиш ёки ўзгача тарзда бегоналаштиришни таъқиқлаш; 2) ижара(субижара)га беришни таъқиқлаш; 3) ер участкаси сотилган тақдирда уни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга шахснинг сотиб олиши; 4) меросни фақат муайян меросхўрларгина олиши мумкинлиги шарти; 5) ер участкасини белгиланган муддат давомида ўзлаштириш ёки унда маълум иншоотларни қуриш шарти; 6) алоҳида фаолият турлари билан шуғулланишнинг таъқиқланиши; 7) ер участкасининг фойдаланиш мақсадининг ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги; 8) ер участкасида тегишли йўлаклар қуриш, қайта таъмирлаш шарти; 9) табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш ёки муайян тадбирларни амалга ошириш мажбурияти; 10) бошқа чеклаш, мажбурият ёки шартлар. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини чеклаш бир неча усуллар орқали амалга оширилиши мумкин: 1) қонунчиликда ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини чекловчи тўғридан-тўғри норма белгилаш; 2) қонун ёки шартномада ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларига қўшимча мажбуриятлар юклаш; 3) қонун ёки шартномада ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини чекловчи муайян шартлар киритиш орқали.
3. Ер эгалари, ундан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларининг ҳуқуқлари давлат манфаатларини кўзлаб чекланиши мумкин. Бунга классик мисол сифатида ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишини келтиришимиз мумкин. Чунончи, Ер кодексининг 37-моддасида кўрсатилишича, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда тегишича туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан олиб қўйилади. Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг ҳоҳишига кўра туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхона, муассаса ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин. Агар ер эгаси ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаса бу қарорлар устидан судга шикоят қилиши мумкин.
4. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаси ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари атроф муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида ҳам чекланиши мумкин. Хусусан, Ер кодексининг 86-моддасида белгиланишича, давлат қўриқхоналари, заказниклар, миллий табиат боғлари, табиат ёдгорликлари, маданий-тарихий ёдгорликлар, сув ҳавзалари, сув таъминоти манбалари, курортлар теварагида, дарёлар, каналлар, сув ташламалари, йўллар, трубопроводлар, алоқа линиялари ва электр узатиш линиялари бўйлаб муҳофаза, санитария ва иҳота зоналари белгиланиши муносабати билан ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаси ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланиши мумкинлиги ҳамда бунда етказилган зарар тўла ҳажмда қопланиши белгиланган.
5. Маълумки, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори ишлаб турган муҳандислик коммуникацияларини соз ҳолатда сақлаб туриши лозимлиги Ер кодексининг 40-моддасига биноан уларнинг мажбурияти этиб белгиланган. Агарда ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори эгалигидаги ер участкасида бундай иншоотлар бўлмаса ҳамда уларни қуриш талаб этилса, муҳандислик коммуникациялари қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнида уларнинг маълум ҳуқуқлари (қурилиши ишлари олиб борилаётган ер участкаси қисмида бўлиш, фойдаланиш, ушбу ҳудудда муайян ҳаракатларни амалга ошириш ва ҳ.к.) чекланиши мумкин.
6. Асосий қомусимизнинг 54-моддасида белгиланишича, мулкдор ўз мулкини тасарруф этишида бошқа фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Ушбу конституциявий қоида ривожлантирилиб, Ер кодексининг 40-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ўз фаолиятларида бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини бузмасликлари ҳамда уларга етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплашлари шартлиги уларининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида кўзда тутилди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш мақсадида ер участкасига бўлган ҳуқуқ чекланиши мумкин. Масалан, ер қонунчилигимизда ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) кўзда тутилган. Унга кўра қўшни бўлган бир ёки бир неча ер участкалари фойдаланувчилари қўшни ер участкаларидан чекланган тарзда фойдаланишлари мумкин. Бу уларнинг қонуний ҳуқуқи бўлиб, уни таъминлаш мақсадида, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари тегишли шарт-шароитлар яратиб беришлари лозим. Бу қўшимча мажбурият юклаш кўринишидаги ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаси ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини чеклаш ҳисобланади.
7. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқларини чеклаш шарҳланаётган моддада белгиланган чеклашларнинг сўнгги асоси ҳисобланади. Башарти, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг қонуний фаолияти жараёнида ёки натижасида бошқа фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказиш хавфи туғилса бундай фаолият зудлик билан тугатилиши лозим. Бунда ушбу фаолият билан шуғулланувчи шахснинг мулкидан (ер участкасидан) ўз хоҳишича фойдаланиш ҳуқуқи фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |