Ер тузиш жараёни деганда, алоҳида ер тузиш ҳаракатларини бажаришнинг умумий тартиби тушинилади. Ўзбекистонда ер тузиш қуйидаги белгилардан иборат:
ер тузишни ўтказиш тўғрисида ариза бериш;
ер тузиш лойиҳасини тайёрлашга оид ташкилий ишлар;
ер тузиш лойиҳасини тайёрлаш;
лойиҳани кўриб чиқиш ва уни тасдиқлаш;
лойиҳани натурага (жойнинг ўзига) кўчириш;
ер тузиш ҳужжатлари ва материалларини расмийлаштириш ва бериш;
ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ер тузиш лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан ер тузишнинг таркибий қисми бўлган муаллифлик назоратини олиб бориш.
Ер кодексида истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузиш ишлари алоҳида-алоҳида тур ер тузиш қилиб белгиланган бўлса-да, ҳар иккала турдаги ер тузиш ишларида бир хилдаги тадбирлар амалга оширилади. Масалан, истиқболга мўлжалланган ер тузишда ҳам лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузилишида ҳам туманлар ва вилоятларнинг ер тузилиши чизмалари ёки алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашиши ва чегаралари белгиланишини асослаш тадбирлари бажарилиши мумкин.
Шунга қарамай истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузиш бир-биридан бирмунча фарқ қилади. Истиқболга мўлжалланган ер тузишда ер ҳудудларининг миқёси (мамалакат, вилоят ёки туманлар)дан қатъий назар тадбирлар яқин ёхуд узоқ келажакда амалга оширилиши белгиланади. Бунда ҳали лойиҳалаш ишлари мўлжалланмайди. Бу ерда ер тузиш ишлари истиқболи башорат қилинади.
Вилоятлараро, туманлараро, туман ёки шаҳарлар доирасида маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар, ердан фойдаланувчи ва ер эгаларини қайта ташкил этиш, барҳам топтириш, қўшиб юбориш ва бошқа шунга ўхшаш ишлар лойиҳалаштириладиган бўлса, бу ишларни амалга оширишдан олдин ер тузиш ишлари бажарилади. Демак, юқорида айтилгандек бирор-бир лойиҳа мўлжалланган бўлса, ундан олдин лойиҳалаш олдидан ер тузиш ишлари амалга оширилади. Мана шу жиҳати билан лойиҳалашдан олдин амалга ошириладиган ер тузиш ишлари истиқболга мўлжалланган ер тузишдан фарқ қилади.
Мамлакат ва унинг минтақаларининг ер-сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш чизмаларини ишлаб чиқиш ва туманлар ва вилоятларнинг ер тузилиши чизмаларини ишлаб чиқиш истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан ер тузиш ишларининг маъмурий ҳудудий миқёсида амалга оширилишидир.
Истиқболга мўлжалланган ер тузиш ишлари амалга оширилганда мамлакат ва минтақалар бўйича ер захираларидан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ер билан боғлиқ ташкилий-хўжалик ҳамда ижтимоий-иқтисодий тадбирлар ҳажми, муддати, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш каби масалаларни ечиш мақсад қилиб қўйилади.
Лойиҳалаш олди ер тузиш ишларини амалга оширишдан мақсад ҳам ерлардан оқилона фойдаланиш, уларга нисбатан бўлиши мумкин бўлган жамият таъсирини (ифлосланиш, чиқиндилар билан бостириш ва ҳ.к.) олдини олиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ер участкаларига бўлган фойдаланиш ва эгалик ҳуқуқларини ойдинлаштириш, жойлардаги ишлаб чиқариш кучларига мос равишда ердан фойдаланишнинг ягона тизимини яратиш, ерлар табиий ҳолатининг ўзгаришини (шўрланиш, ерни ишдан чиқариш, эрозия, чўлга айланиши ва ҳ.к.) олдини олиш ва бошқа ҳолатлар бўлиб ҳисобланади.
Истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олди ер тузиш ишларида тайёрланадиган ҳужжатлар дастур, лойиҳа, чизма деб аталади.
Истиқболга мўлжалланган ер тузиш ҳужжатларидаги тадбирларнинг бажарилиш муддати 10 йилдан кам бўлмаслиги керак.
Лойиҳалаш олди ер тузиш ишлари бўйича тадбирлар тузилаётган (барпо этилаётган) ёки қурилаётган хўжалик юритувчи субъект лойиҳаланишидан олдин амалга оширилади.
Ер тузишнинг амалиётда энг кўп учрайдиган тури хўжаликлараро ер тузишдир. Хўжаликлараро ер тузиш ер участкаларини жойлаштиришнинг қулай ва оқилона тартибини танлаш, уларни ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва мулкдорларга ажратиб беришда мақсадга мувофиқликни таъминлаш ҳамда ер участкаларига бўлган маъмурий-ҳудудий ва эгалик, фойдаланиш, мулк ҳуқуқини яхлитлаш каби масалаларни ҳал қилиш учун амалга оширилади.
Хўжаликлараро ер тузиш ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва мулкдорларнинг ер участкалари жойлашишининг мукаммаллигини таъминлайди, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ер мулкдорларига ер бўлган тегишли ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш учун асос бўлади.
Хўжаликлараро ер тузишни ушбу иборанинг маъносига қараб, фақат хўжалик юритувчи субъектлар, яъни хўжаликлараро ўртасидаги ер тузиш деб, тушинмаслик керак. Зотан, у биргина хўжаликлар ўртасида эмас, балки овуллар, қишлоқлар, қўрғонлар, туманлар, шаҳарлар ва вилоятлар чегараларини амалда белгилаш (ўзгартириш) ишларини ҳам ўз ичига қамраб олади. Демак, хўжаликлараро ер тузишнинг маъноси жуда кенг маънони англатар экан.
Хўжаликлараро ер тузишга қуйидагилар киради:
овуллар, қишлоқлар, қўрғонлар, туманлар, шаҳарлар, вилоятларнинг чегараларини жойида белгилаш;
ерга эгалик қилувчиларни, ердан фойдаланувчиларни, ижарачиларни, ер мулкдорларини янгитдан ташкил қилиш, уларга ер ажратиш ва мавжуд ер участкаларини қайта тартибга солиш, уларнинг ноқулай жойлашувини бартараф этиш;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун корхоналар, муассасаларга ва ташкилотларга ер олиб бериш лойиҳаларини тузиш;
ер участкаларини жойлашган жойида ажратиб бериш, ерга эгалик қилишга ёки фойдаланишга ҳуқуқ берувчи юридик ҳужжатларни тайёрлаш;
янги ерларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалик ерларини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш, бузилган ерларни тиклаш (рекультивация қилиш), тупроқни сув ва шамол эрозиясидан сақлаш, селдан, ерни шўрланишдан, сув босишдан, ботқоқланишидан, қуриб қолишидан, зичланишидан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, радиоактив, кимёвий моддалар билан заҳарланишидан сақлаш бўйича лойиҳалар тузиш;
барча ерларни рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланмайдиган, самарасиз фойдаланилаётган ёки мақсадга мувофиқ фойдаланилмаётган ерларни аниқлаш;
ер ресурсларини баҳолаш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича ер тузиш ҳужжатларини тайёрлаш;
ерларни баҳолаш (бонитетлаш) бўйича тадбирлар ўтказиш.
Хўжаликлараро ер тузиш босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда дастлаб тайёргарлик ишлари кўрилади, яъни ер участкасининг ҳуқуқий мақоми, табиий тавсифлари ва унга эгалик қилмоқчи ёки фойдаланмоқчи бўлган субъектлар тўғрисида барча маълумотлар йиғилади ва ўрганилади. Ундан кейинги босқичда тегишли лойиҳа тузилади, кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Ниҳоят, оҳирги босқич – тасдиқланган лойиҳани жой (натура)га кўчириш ва ер тузиш ҳужжатларини тайёрлаш.
Қишлоқ хўжалик корхоналари билан ноқишлоқ хўжалик (саноат, транспорт, энергетика ва ҳ.к.) корхоналари иштирокидаги ер тузиш бир-биридан фарқ қилади. Қишлоқ хўжалик корхоналарига ер ажратишда амалга ошириладиган ер тузишда деҳқончиликка ярайдиган ерларни жалб қилиш кўзда тутилади. Ноқишлоқ хўжалик корхоналарига ер ажратишда олиб бориладиган ер тузишда деҳқончиликка яроқли бўлмаган ерларни ажратиш тамойилига риоя қилинади.
Ҳар хил хўжаликлар ташкил қилиш лойиҳаларини тузишда хоҳ у қишлоқ хўжалиги корхонаси хоҳ ноқишлоқ хўжалиги корхонаси бўлсин ер тузиш уларнинг техник-иқтисодий маълумотларига, тегишли жойдаги атроф-табиий муҳит кўрсаткичларига, иқтисодий шароитга ишлаб чиқариш тавсифларига асосланади.
Хўжаликлараро ер тузиш натижасида ҳар бир хўжаликка берилган ернинг ҳажми, жойлашган жойи ер участкасининг бошқа кўрсаткичлари ва улар фаолиятини тезкорлик билан ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак.
Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳаси чизма ва ёзма кўринишидаги ҳужжатлардан иборат бўлади.
Чизма қисми лойиҳани мазмунини кўрсатдаиган битта ёки бир нечта тархлардан иборат бўлади.
Ёзма қисми ердан фойдаланувчи хўжаликни ташкил қилиниши бўйича давлат органларининг тегишли ҳужжатлари, ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ташкилотлар ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳужжатлар, лойиҳанинг тегишли томонлар билан келишилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, тушунтириш хатлари ҳамда хўжаликлараро ер тузиш лойиҳасини асослаш бўйича сонлик маълумотлардан иборат бўлади.
Тузилган хўжаликлараро ер тузиш лойиҳаси тасдиқлангандан сўнг жойига кўчирилади. Ундан кейин ерга эгалик қилувчи, ердан фойдаланувчиларга тегишли ҳужжатлар тайёрланиб топширилади. Бу ҳужжатларнинг таркиби, топширилиш ва сақланиш тартиби меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади.
Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳаси Илмий-техника Кенгашда кўриб чиқилгандан сўнг вилоят ҳокими томонидан тасдиқланади. Юридик ва жисмоний шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги лойиҳалар қонунда кўрсатилган тартибда ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |