9-модда. Ерларни тоифаларга бўлиш ва
бир тоифадан бошқасига ўтказиш
Ерлар асосий фойдаланиш мақсадига қараб ер фонди тоифаларига бўлинади.
Ерлардан асосий фойдаланиш мақсади - ерлардан ер-кадастр ҳужжатларида акс эттириладиган аниқ мақсадларни кўзлаб фойдаланишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва шартларидир.
Ерларни ер фондининг бир тоифасидан бошқасига ўтказиш ерлардан асосий фойдаланиш мақсади ўзгарган тақдирда амалга оширилади.
Ерларни ер фонди тоифаларига бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш ер участкаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан амалга оширилади. (ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Ер фондининг тоифаси ер участкаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан қабул қилинадиган ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорларда, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи гувоҳномаларда, шартномаларда, бошқа ҳужжатларда, давлат ер кадастри ҳужжатларида кўрсатилади. (ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш бундай ўтказиш фактларини ғайриқонуний деб ва улар асосида тузилган ер участкаларига доир битимларни ҳақиқий эмас деб топишга, шунингдек ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олишни рад этишга асос бўлади.
Шарҳланаётган моддада ер участкаларини тоифаларга бўлишнинг шартлари ва бир тоифадан иккинчисига ўтказиш тартиби белгиланган.
Мамлакатимизда ер участкалари улардан фойдаланиш мақсадлари, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондиришни эътиборга олиб, халқ хўжалигининг барча тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантиришни кўзлаб, ишлаб чиқаришни ташкил этишни ҳисобга олиб тоифаларга бўлинади. Ерларни тоифаларга бўлишда биринчи навбатда улардан қайси мақсад учун фойдаланиш мумкин ёки мумкин эмаслиги эътиборга олинади. Масалан, сув фонди ёки ўрмон фонди ерларидан пахта экиш, ёхуд бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш учун фойдаланиб бўлмайди. Бундан ташқари, ерларни тоифага бўлишда уларнинг табиий хусусиятларига ҳам аҳамият берилади. Масалан, даволаш омилларига эга бўлган ерлар, табиат ёдгорликлари жойлашган ерлар алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ерлари тоифасига киритилади ва шу мақсадда фойдаланишни кўзлаб ҳуқуқий ҳолат белгиланади.
Ерлардан оқилона, илмий асосда фойдаланиш мақсадида ер кадастри юритилади. Ер кадастри ҳужжатларида тупроқнинг унумдорлик даражаси, сув билан таъминланганлик даражаси, тупроқ бонитети, ерларнинг тақсимланиши каби масалалар ўз ифодасини топган бўлади. Ер кадастр ҳужжатларига қараб ерлардан қайси мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини белгилаш мумкин бўлади. Масалан, тупроқ бонитети 10 ёки 20 баллдан юқори бўлган ер майдонларидан асосан қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш мақсадларида, ҳосилдорлиги 2-5 ц хашак олинадиган ерлар яйлов мақсадларида, қишлоқ хўалигига яроқсиз бўлган ерлар саноат, транспорт ва бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкин. Қонун ҳужжатларида ҳар бир тоифа ерларнинг фойдаланиш мақсадлари белгилаб қўйилади. Ер тузиш ишлари ердан фойдаланиш мақсадига қараб амалга оширилади.
Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш шу ер участкасига нисбатан фойдаланиш мақсадини ўзгартириш зарурияти туғилганда амалга оширилади. Шундай зарурият бўлиб саноат, алоқа, мудофаа, транспорт иншоотларини жойлаштириш, одамларга турар-жой қуриш учун ер ажратиш, ер участкасида фойдали қазилманинг топилиши, ҳудуднинг соғломлаштириш, даволаш омилларига эгалиги аён бўлганлиги, сув омборларини барпо этиш кабилар ҳисобланиши мумкин. Бундай ҳолларда бир тоифадаги ер участкасидан фойдаланиш мақсади ўзгарганлиги сабабли бошқа тоифага ўтказилади.
Ер тоифалари бир тоифадан иккинчисига ўтиб туриши мумкин бўлиб, улар белгиланган тоифада қотиб қолмайдилар. Масалан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг баъзи қисмлари аҳоли пунктлари ерлари тоифасига киритилиши, ёки заҳира ерлари фондидан саноат, транспорт, алоқа ерлари тоифаси ҳосил қилиш мумкин.
Аҳоли пункти ерларида ер фонди тоифаларини биридан иккинчисига ўтказиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бунда кўпинча қурилиш ерлари қишлоқ хўжалик ерлари ҳисобига кенгайтирилади. Яъни, шаҳарлардаги қишлоқ хўжалик ерлари қурилиш ерларига айланади. Бунга сабаб бўлиб аҳоли сонининг ўсиши, ишлаб чиқариш, саноатнинг ривожланиши оқибатида турли бино-иншоотларнинг қурилиши ёки шаҳарларнинг кенгайиши ҳисобланади. Шаҳарлар кенгайганда одатда шаҳар атрофида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар шаҳарлар таркибига киритилади. Ер кодексининг 65-моддасига асосан, шаҳарлар ва посёлкаларнинг чегарасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ва бошқа ерларга қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда ишлаб чиқариш иморатлари қуришни шаҳар ёки туман ҳокими билан келишилган ҳолда амалга оширадилар. 61-моддага кўра эса шаҳарларда, посёлкаларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун фойдаланиладиган ерлари ва бошқа ерларини олиб қўйиш ушбу Кодекснинг 37-моддасида белгиланган тартибда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимининг қарорлари билан тасдиқланади.
Ерларни ер фонди тоифаларига бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш ерни эгалик қилишга ва фойдаланишга бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан амалга оширилади. Ерларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш вилоят ёки туман ҳокимининг қарорига биноан амалга оширилади. Алоҳида қимматга эга бўлган суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш эса фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Бир тоифадаги ер фондини бошқасига ўтказиш давлат ер кадастри ҳужжатларида, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш ҳужжатларида ўз ифодасини топади, яъни бу ҳужжатларда ер участкасининг янги тоифага ўтказилганлиги, кимнинг эгалиги ёки фойдаланишига берилганлиги, фойдаланиш мақсадлари, муддатлари ҳамда ҳуқуқий ҳолатига тегишли бошқа маълумотлар қайд қилиниб қўйилади.
Бир турдаги ер фонди тоифасини бошқасига ушбу моддада белгиланган талабларга зид равишда ўтказиш ер қонунчилигини бузувчи хатти-ҳаракат деб баҳоланади ва бу ҳолат ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олмасликка асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |