Ўқитиш мақсади -Талабаларни алкалоидларни кимёвий, биологик, физик-кимёвий тахлил усуллари билан таништириш.
Маъруза режаси: Ишқорий шароитда органик эритувчилар ёрдамида экстракция қилиб олинадиган моддалар, уларни ёт моддалардан тозалаш, сифат ва миқдорини аниқлаш усуллари. Тахлилда қўллланиладиган реактивлар ва уларни синфланиши.
Адабиётлар:
1. М.Д.Швайкова - "Токсикологическая химия".М, 1975г.
2. Л.Т.Икромов - "Суд кимёси".1966й.
3. Р.Т.Позднякова - "Микрокристаллоскопический анализ фармпрепаратов и ядов". М, 1968г.
4. В.Ф.Крамаренко - "Токсикологическая химия". Киев, 1989г.
Алкалоидлар
Алкалоидлар хам азот сақловчи асос хоссали моддаларнинг катта гурухи бўлиб, ўсимлик органларида учраб, кучли фармакологик таъсирга эга, улар халқ хўжалигида, тиббиётда қиммат бахо дори сифатида, қишлоқ хўжалигида эса захарли химикатлар сифатида (масалан: никадуст, анабадуст) қўлланилади.
Алкалоидлар биологик жихатдан жуда хам актив моддалардир, улардан жуда оз миқдорни организмга киритиш ўзига хос ўзгаришларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ўсимликларда алкалоидлар жуда кам миқдорда сақланса хам, бу ўсимликларни истеъмол қилиш захарланишга олиб келиши мумкин.
Баъзи алкалоидлар ва алкалоид сақлаган ўсимликлар билан захарланишда характерли аломатлар рўй беради: атропин билан захарланганда кўз қорачиғини кенгайиши, стрихнинда-тетоник тиришиш, никотиндан ўзига хос тиришиш аломати каби. Лекин мурда органларида характерли белгилар сезилмайди.
Суд кимё тахлилларида биологик объектдан алкалоидларни текшириш нихоятда қийин. Объектдан алкалоидларни текшириш қуйидаги тартибда олиб борилади:
1. Биологик объект таркибидан алклоидларни ажратиб олиш;
2. Ишқорий шароитда хлороформ билан экстракция қилиб олинган эритмани тозалаш;
3. Қолдиқни умумий чўктирувчи алкалоид реактивлари билан текшириш;
4. Кимёвий реактивлар ёрдамида алкалоидлар бор йўқлигини текшириш;
5. Баъзи бир алкалоидларни аниқланганини тасдиқлаш учун қғшимча фармакологик текширув ўтказиш;
6. Аниқланган моддани миқдорини аниқлаш.
Маълумки, алкалоидлар асос холида кристалл моддалардир. Улар сувда ёмон, айримлари асос холида суюқлик бўлиб, сувда яхши эрийди. Уларни биообъектдан ажратишда ана шу хусусиятдан фойдаланилади.
Алкалоидларнинг сувдаги эритмалари асос хоссасига эга, уларни асослилик даражаси диссоциция константасига боғлиқ, у 10-2 дан 10-14 оралиқда бўлади. Алкалоидларни диссоциация константалари қанчалик катта бўлса, уларни кислоталар билан барқарор туз хосил қилиш қобилиятлари шунчалик кўп бўлади ва аксинча хосил бўлган тузлари эса сувда осон гидролизланади. Шунинг учун хам кофеин, стрихнин ва бруцинларни кислотали эритмасидан хлороформ қатламига ўтиши ажабланарли эмас.
Суд кимёси тахлилларида ишлатиладиган оксалат ва тартрат кислоталар хам алкалоидлар билан тегишли тузларни хосил қилади ва улар сув ва спиртда яхши эрийди.
Ишқорлар- (NaOH, KOH, Ca(OH)2, NH4OH ва хатто Na2CO3) алкалоид тузларини органик эритувчи билан яхши экстракцияланадиган асосларга айлантиради.
Таркибида фенол гидроксили сақлаган алкалоидлар морфин, салсалин ишқорлар билан сувда эрийдиган ва органик эритувчилар билан экстракцияланмайдиган фенолятлар хосил қилади, бу хусусиятдан масалан: морфин билан кодеинни бир-биридан ажратишда фойдаланиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |