ОИТС (Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми)- бу ОИВ касаллигининг сўнгги босқичи бўлиб, одамнинг иммун тизимини жароҳатлайди ва охири ўлим билан тугайди. ОИТС касаллигининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва унинг қўзғатувчисини топишда Америкалик ва Франциялик олимларнинг хизматлари катта бўлди.
1983 йилда ОИТС ни қўзғатувчи вирус топилди ва уни ҳар хил номлар билан номлашди, фақатгина 1986 йилда қўзғатувчига одам иммун танқилиги вируси (ОИВ) деб ном берилди. 1985 йилда дунёнинг 40 та давлатига ОИТС қайд қилинган бўлиб, 1987 йилда АҚШ да 47 минг, Африкада 8,5 минг, Европада 9 минг, Осиёда 200 дан ортиқ киши рўйхатга олинган. Ҳозирги кунда 200 дан ортиқ мамлакатда ушбу касаллик қайд этилган.
ОИТС да касаллик манбаи ОИТС билан оғриган бемор ва ОИВ билан зарарланган вирус ташувчи одам ҳисобланади. Касаллик фақат одамдан-одамга юқади. Ҳозирги пайтда ОИТС нинг қуйидаги йўллар орқали юқиши аниқланган:
Жинсий алоқа йўли орқали. Бунда касаллик жинсий бузуқлар (гомосексуалистлар) ўз жинси билан алоқа қилувчилар, бисексуалистлар- ўз жинси ва қарама қарши жинс вакиллари билан алоқа қилувчилар, гетеросексуалистлар-одатдаги жинсий алоқа қилувчилар, фоҳишалар, фоҳишабоз- қўшмачилар, енгил табиатли аҳлоқи бузуқлар орқали юқади.
Вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари қуйилганда, стерилланмаган шприц ва тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилганда.
Трансплацентар йўл: ҳомиладорлик вақтида онадан ҳомилага йўлдош орқали ўтади.
Туғруқ вақтида ва туғруқдан сўнг она сути орқали юқиш кузатилган.
ОИТС нинг яширин даври 6 ойдан 15-20 йилгача, ўртача 3-4 ойдан 5 йилгача давом этади. ОИТС нинг ривожланишида ОИТС олди даври характерли бўлиб, у бир ойдан 6 ойгача давом этади ва умумий белгилар пайдо бўлади. Буларга дармонсизлик, кўп терлаш, кечки пайтларда тана ҳароратини кўтарилиши, озиб кетиш, ич кетиш, оғиз бўшлиғида замбуруғлар пайдо бўлиши, йўтал, терида тошмалар пайдо бўлиши, терининг қичиб туриши, лимфа тугунларининг катталашуви киради. ОИТС нинг ўзига хос аломатлари йўқ. Кўпчилик беморларда “Совуқ оқ бармоқлар” синдромини кузатиш мумкин. Бу ҳолат қон томирларда қон айланиши секинлашиб қолганлигидан далолат беради. Умуман олганда ОИТС аста-секин бошланади. Органлар ва тизимлар фаолиятининг бузилишига қараб касалликни шартли равишда 5 та клиник шаклларга ажратиш мумкин:
Ўпка шакли.
Мия (церебрал) шакли
Меъда ичак шакли
Дифферциаллашмаган шакли.
Диссеминациялашган шакли.
Ўпка шаклида беморда нафас олишнинг қийинлашуви, ҳансираш, тез-тез юзаки нафас олиш, оғиз-бурун атрофида кўкариш, йўтал, қон туфлаш кузатилади. Мия шаклида беморда кучли бош оғриши, қусиш, ҳушдан кетиш, талвасага тушиш, невритлар (бош мия нервларининг зарарланиши), парез ва параличлар пайдо бўлади. Меъда – ичак шаклида беморда оғиз бўшлиғида яллиғланишлар- стоматитлар пайдо бўлади, ютиш қийинлашади, қоринда кучли оғриқ бўлади, дамлайди,ичи кетади, ахлат суюқ, қон аралаш бўлади. Дифференциаллашмаган шаклида бемор дармонсизланади, боши оғрийди, тез чарчайди, хотираси пасаяди, кайфияти тушади, иштаҳаси йўқолади, уйқуси бузилади. Диссеминациялашган шаклида беморда ҳамма аъзо ва тизимларга хос ўзгаришлар кузатилади. ОИТС нинг клиник кўринишларининг енгил шакли бўлмайди, касаллик фақат оғир кечади, оқибатда албатта ўлим билан тугайди. Касалликни даволашда қуйидаги тамойилларга амал қилиш керак:
ОИВ вирусига таъсир қилиш.
Организмнинг ҳимоя қобилиятини яхшилаш.
Касалликка ёндош бўлган касалликларга қаратилган даволаш ишларини олиб бориш.
ОИТС нинг олдини олишда биринчи навбатда ОИТС нинг жинсий алоқа қилиш йўли орқали юқишини тўсиш жуда муҳимдир. Барча эркак ва аёлларга ОИТС ҳақида маълумотлар бериш, тушунтириш лозим. Вируснинг юқиш йўлларини хавфсиз чоралари (презервативлар) дан фойдаланишни билиши, ўз хохиши билан чуқур текширувдан ўтиши кераклиги тушунтирилади.
Иккинчи навбатда ОИТС нинг парентерал тарқалиши йўлини тўсиш. Бунинг учун турли инъекцияларни пала-партиш қабул қилмаслик керак. Донор қони, қон перепаратларини қатъий текширувдан ўтказиш, тўғридан-тўғри қон қуйишда эҳтиёт чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эгадир.
Учинчи ўринда ОИТС ни вертикал йўл билан юқишини олдини олиш. Асосий мақсад, ОИВ вирусининг онадан болага юқишини камайтиришдир. Хавфли гуруҳларга кирувчи аёлларга тегишли маслаҳатларни бериш, текширишни таъминлаш зарурдир. Зарурият бўлганда уларга фарзандининг ОИВ билан туғилиши эҳтимоли борлигини тушунтириб, ҳомиладан воз кечиш тавсия қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |