Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида автомобилларнинг тормоз тизимларида турли хил сервоюритмалар фаол фойдаланила бошланган. Ўттизинчи йилларда трансмиссияда гидромеханик узатмалардан фойдаланишга қизиқиш ортди. Қирқинчи йиллар рул бошқармасида гидрокучайтиргичларга ва тормоз бошқармасида кучайтиргичларига талабнинг ошиши билан характерланади. Эллигинчи-олтмишинчи йилларда автомобилларнинг тормоз тизимларида ғилдиракларнинг блокировкалантирмайдиган дастлабки тизимлар, фаол осмалар ва поғанасиз узатмалар пайдо бўлди. Ўтган асрнинг этмишинчи йиллари турли хил жараёнларни бошқариш учун электроника, микропросессор технологиясини жорий этишга қизиқишнинг кучайиши билан ажралиб туради; ички ёнув двигатели ва электр мотор билан комбинасиясида гибрид юритмалар пайдо бўлди. Саксонинчи йилларда автомобил осмаларида ўзи созланувчан амортизатор амалда жорий қилина бошланди. Тўқсонинчи йиллардан етакчи ғилдиракларни шатаксирашига қарши тизимлар, автомобиллларнинг вертикал ўқини барқарорлаштириш тизимлари қўлланилаяпти.
Турли мамлакатлар олимлари автомобилларни автомат бошқариш тизимларини яратиш орқали транспорт муаммоларини ҳал қилиш устида ишламоқдалар. Масалан, йўл қопламасига кабеллар ётқизилиб унинг магнит майдони билан автомобилни индуцион бошқариш тизими мавжуд. Автомобилнинг бўйлама ўқи берилган ҳаракат траекториясидан оғганда рул бошқармасидаги индуцион ғалтаклар траекторияни сақлашга хизмат қилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш мақсадида, ҳозирги вақтда баъзи автомобиллар вазиятга қараб тезликни оширадиган, фавқулодли ҳолатларда тормозлайдиган хаттоки тўхтатадиган автоматик тизимлар билан жиҳозланган. Меёрий жиҳозланиш сифатида ёмғир датчиклари, автомобилнинг тезлигини бошқариш тизими ва бошқа тизимлар ишлатилади.
Автомобил конструкциясининг мукаммаллашиб бориш йўлига эътибор берилса, 1990 йиллар бошларигача технология ва технологик жиҳозлар хисобига конструкция парметрларининг аниқлигини оширишга, селектив танлов технологияларини ривожлантиришга катта эътибор берилган. Шу даврга келиб автомобилсозлик корхоналари амалий технология соҳасида жуда катта аниқликни таъминловчи техника билан жиҳозланди. Бу ўз навбатида автомобил конструкциясининг эксплуатасияда ишончлилигини оширди, ресурси кафолатли узайди, пиравордида бозордаги рақобат зўрайди. Турли давлатлар автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозордаги тафовут кучайиши билан бир қаторда, конструкцияни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришда интеграсияланиш, яъни, автомобил бутловчи қисмлари бўйича ўзаро ҳаморликда ихтисослашиб ишлаб чиқариш тизими шаклланди. Масалан, Италия автомобил кузовлари дизайни бўйича, Германия асосан двигателлари бўйича, АҚШ эса автомат трансмиссиялари бўйича ихтисосландилар. Бу жараён ҳозир ҳам замонавийлашиб сақланиб келмоқда.
Лекин бундай ҳамкорлик, бундай вазият автомобилсозлар даромадларининг ошишида тўйинишга олиб келди. Уларни ишлаб чиқаришга компютер технологияларини жорий этишга ундади. Эндиги босқич янги автомобил конструкциясини яратиш ғояси билан уни ишлаб чиқиб савдога қўйиш даврини тезлатишни тақазо қилди. Лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш жараёни босқичларини максимал автоматлаштириш мусобақаси бошланди. Компютер лойиҳалаш дастурлари CАД/CАМ/CАЕ, технологияда автомат роботлар жиҳозлари кенг қўллана бошланди. 1980 йилларда янги автомобил яратилиш ғоясидан токи заводдан чиққинуча 10 йиллар кетган бўлса, 1990 йилнинг иккинчи ярмига келиб бу босқич 2-3 йилга тушди, ҳозир эса ундан ҳам тез – 1...1,5 йил. Бу босқичдаги ютуқлар бозорда автомобил моделларининг кескин кўпайиб кетишига олиб келди.
Навбатдаги рақобат кураши автомобилнинг актив ва пассив хавфсизлигини, комфортлилигини, эксплуатасион хусусиятлари сифат кўрсатгичларини, атроф муҳитга зарасизлигини мумкин қадар яхшилашни талаб қилди. Юқори аниқликда ишлаб чиқилган, жуда ишончли замонавий автомобил конструкциясига автомат бошқарув тизимларини кенг жорий этиш босқичи бошланди. Автомобил механизм ва тизимлари автомат ёки автоматлаштирилган бошқарувга ўтказиш имкониятини информасион технологиялар ривожи, амалий мехатроник ишланмалар яратилиши юзага олиб чиқди. Ҳозирги даврда автомобил конструкцияларида жорий этилаётган автомат бошқарув тизимлари шунчалик серқирра кўпайиб тармоқланаяптики, истеъмолчилар бу даражадаги конструкция потенсиал имкониятларидан тўлиқ фойдаланишни уддасидан чиқмаяптилар. Автомобил конструкциясининг маънавий эскириши жисмоний эскиришини бир неча карра илғорлаб кетди. Юқори технологик яратилган автомобил конструкциясининг потенсиалидан самарали фойдаланиш эксплуатасия жараёни бошқарувини масофавий автоматлаштирилган тизимлар билан ташкил этиш кераклигига олиб келди. Шунинг учун бугунги кунда автомобилнинг иқтисодиёт соҳасига хизматини ошириш, хизмати таннархини камайтириш учун ташқи инфраструктурада интеллектуал транспорт тизимлари кенг жорий қилиш зарур хисобланади. Автомобил бортидаги автомат бошқарув тизимлари билан ташқи инфраструктурадаги интеллектуал тизимларнинг уйғунлаштириб ишлатишгина янги ютуқларга олиб келиши маълум бўлди. Масалан, АҚШларидаги юк автомобилининг бир кунлик ўртача юрган йўли 1000 км, Япония ва бошқа ривожланган давлатлардаги йўловчи ташувчи автобуслар хизмати вақт ва қулайлик бўйича кафолатли сифатга олиб чиқилган.
Автомобилларни самарали ишлатиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, чиқинди газлардаги захарли моддаларнинг миқдорини камайтириш муаммолари асосан юқори тезлик ва ишончлиликка эга бўлган автомат бошқариш тизимлари ҳисобига ҳал бўлмоқда. Автомобилларнинг автомат бошқариш тизимларининг янги авлоди билан жиҳозланган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш учун юқори малакали мутахассислар керак бўлади. Бу фан талабаларда замонавий транспорт воситаларининг автомат бошқариш тизимлари тўғрисидаги билимлар доирасини кенгайтириш, уларга техник хизмат кўрсатиш, диагностика қилиш жараёнларини самарасини оширишда катта ахамиятга эга. Ер усти транспорти тизимлари бакалавриатура таълим йўналишини битирувчиларининг замонавий автомобил конструкциясида жорий этилган автомат тизимлар бўйича билимга эга бўлиши долзарб вазифа хисобланади.
Автомобилларнинг автомат бошқарув тизимлари автомобил яратилиш вақтидан бошланган. Улар дастлаб механик, пневматик, кейинчалик электрик тузилмали бўлган ва тарақиёти даврида таркибий қисмлар тузилмаларнинг комбинасиялаш вариантлари яратилган. Автомобил автомат тизимининг ривожига техника, технологиянинг ривожи, бозордаги талабларнинг кучайиши рағбатлантирувчи бўлиб таъсир кўрсатади. 1980 йиллардан электроника ва ахборот тизимларининг ютуқлари жадаллик билан ортиши, автомобил автомат тизимларига тезкор кириб келишига олиб келди. Аввал автомобил энергия тежамкорлиги – ёнилғи тежамкорлигига, сўнгра двигателнинг чиқинди газлари безарарлигига, автомобил хавфсизлигини оширишга, автомобил бошқа эксплуатасион хусусиятларини яхшилашга хизмат қиладиган автомат тизимларида электрон бошқарувли таркиб жой ола бошлади.
Автомат бошқарув тизимлар очиқ ва ёпиқ тизимли бўлади (расм 6).
Расм 6. Очиқ - а ва ёпиқ - б тизимли автомат бошқарув схемалари
Очиқ тизимли автомат бошқарувининг камчилиги: параметрлар ўзгаришига таъсирчанлиги юқорилиги, ташқи таъсирлардан турғунлигининг пастлиги, даврий созлаб туриш зарурияти борлиги. Шу билан бирга тизимнинг соддалиги, арзонлиги, буйруқни тезкор бажариши ва турғинликка таъсир қилмаслиги каби афзалликларга эга.
Ёпиқ тизимли автомат бошқарувининг камчилиги: мураккалиги, қимматлиги, турғур ишлашни йўқотиши, маълумотлар тахлилигини нисбатан секинлиги. Шу билан бирга параметрлар ўзгаришига таъсирланишининг камлиги ва ташқи таъсирларга турғунлиги билан афзалликларга эга.
Э лектроника ва ахборот технологияларининг ривожланиши автомат бошқарув тизимларида катта илгарланиш имкониятларини яратди. Мехатроник қурилмалар – аниқ механика билан электрон, электротехник ва компютер компонентлари билан уйғунлашган қурилмалар юқори технологик жараёнларни юзага келишига, уларни автоматик бошқарув тизимларини кескин мукаммаллаб юқори сифатли натижаларни таъминлашига сабаб ва асос бўлди. Мехатро́ника — интеллектаул бошқариладиган ва ҳаракатланадиган янги сифатдаги механизмлар, машиналар ва тизимлар яратишни таъминлашга йўналтирилган механик электрон, электр ва компютер технологияларини уйғунлаштиришга асосланган фан ва техниканинг соҳаси бўлиб, Электроника ва ахборот технологияларининг ривожланиши автомат бошқарув тизимларида катта илгарланиш имкониятларини яратди.
Энг сўнгги автомобиль автоматлаштириш тизимлари классик, соф электрон тизимлардан тубдан фарқ қилади. Ечиладиган вазифага қараб, янги тизим асосий компонентлар сифатида нафақат электр ва электрон компонентлар ва блокларни, балки механик, гидравлик, ёруғлик-оптик, ултратовуш ва электр бўлмаган хусусиятларга эга бўлган бошқа қурилмаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Тизимдаги барча ахборот жараёнлари электрон бошқарув блоклари (ЭББ) даражасида ва энг янги тизимларда, бортли микропросессорларда амалга оширилган бўлса ҳам, ушбу бошқариш функциясини амалга оширишда уларнинг роли асосий ҳисобланади. Шу муносабат билан бортдаги энг сўнгги автоматлаштириш тизимлари янги ном олди - автотроник тизимлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |