9.7. ЛИНК КУБИ
Бу методика диққат барқарорлигини, зийраклигини, ҳиссий реакцияни аниқлашга имкон беради. Тажриба ўтказиш учун 3х3 см. катталикда бир хил 27 кичик кубиклардан иборат куб керак. Кичик кубчаларнинг томонлари 3 хил (қизил, яшил, сариқ) рангларга бўялган бўлади, улардан ташқи томонидан бир хил рангдаги катта кубик ясаш мумкин бўлсин.
Болага бир хил рангли куб кўрсатилади (масал қизил), сўнгра бузиб ташлаб, худди шундайини яна қуриш кераклиги айтилади. Экспериментатор қўшимча равишда болага, агар у қизил томонини ичкарида қолдирса, унда қизил ранг ташқари томонда етишмаслиги айтилади. Топшириқни бажариш вақтида синалувчининг зийраклигига, уқувчанлигига, тез бажаришига, ҳиссиётига аҳамият берилади. Буларни ҳаммаси олдиндан тайёрланган тадқиқот қарорига ёзиб қўйилади. синалувчи қуриш усулини қанчалик тез ўзлаштирилганлиги ҳам ёзиб қўйилади, 3 томондан ҳам қизил кубикчани бурчакларига, битта ҳам қизил томони йўқ кубикни ўртага жойлаштириш керак. Синалувчи 3-4 кубикни қўлига олиб, қуриш усулини яхши тушунмаган бўлса, унга айтиб ёрдам кўрсатилади. Лекин бу боланинг зийраклиги оз ривожланганлигидан далолат беради.
Экспериментатор бола топшириқни бажараётганида унинг ҳаракатларини, хатоларини, диққати хусусиятларини кузатиб ёзиб боради. Масалан диққатдаги хатолар қуйидагича бўлиши мумкин:
а) у ёки бу кубикнинг жойини тўғри аниқлаб, синалувчи уни нотўғри айлантириб юборади, шундан сўнг хатони тўғрилаш қийин бўлади;
б) ўртага икки томони қизил кубик қўйиб қўйилса ҳам шундай хато бўлиши мумкин, ўртага фақат бир томонида қизил бор кубикларни қўйиш керак.
Бу хатолар диққатнинг паришонлигидан, барқарор эмаслигидан далолат беради. (С.Я.Рубинштейн, 1970). Бу вазифани бажаришда болалар икки усулни қўллайдилар. Биринчиси, мувафаққиятсизроқ бўлиб, синалувчи навбатдаги жойни тўлдириш учун кубик излайди. Иккинчи усулда, синалувчи ҳар бир кубикни қўлига олиб, унинг учун мос жойни излайди. Одатда топшириқни бажаришни биринчи усул билан бошлайдилар, лекин бир оздан сўнг иккинчи усул билан топшириқни бажаришга киришади.
Болалар кубикларни қуришга турлича муносабатда бўладилар. Масалан, 3-4 ёшли болалар қўлланмани дарров тушунмайдилар ва уларнинг кўпчилиги топшириқни бажаришда тартибсиз ҳаракат қиладилар. 6-7 ёшли болалар бўлса, хатоларга йўл қўйсалар ҳам, диққат билан тартиблироқ ҳаракат қиладилар. Бошланғич синф ўқувчилари ҳам топшириқни бажаришда хатога йўл қўядилар. Лекин улар бу топшириқни тезроқ бажарадилар. 10-11 ёшли болалар қўлланмани яхши тушунадилар, ўз хатоларини ўзлари тузатадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |