9-боб. САБЗАВОТ ЭКИНЛАРИНИ СУҒОРИШ
Сабзавот ўсимликлари сувга талабчан экиндир. Бу эса ўсимлик тўқималарида сувнинг кўплиги (65-95%), барглар сатҳининг катталиги, оғизчаларнинг кўплиги, транспиратсиянинг жадал бориши, илдиз тизимининг тупроқда юза жойлашганлиги билан характерланади. Сабзавот экинларининг намга талаби унинг навига ва қўлланилаётган агротехнологик тадбирларга боғлиқ.
Тез ўсувчи ва жадал маҳсулот тўпловчи эртапишар навлар, кечпишар навларга нисбатан суғоришни кўп талаб қилади. Кўчатдан етиштирилган карам, помидор экинлари, уруғидан бевосита ўстирилган илдизи кучли ва чуқур жойлашган экинга нисбатан намга талабчан бўлади.
Сабзавот экинларининг намга талабчанлиги турли ўсиш ва ривожланиш фазаларида ҳар хил бўлади. Аксарият сабзавот экинлари уруғнинг униб чиқишида тупроқнинг сернам бўлишини талаб этади. Чунки, кўпчилик сабзавот экинларининг уруғи майда ва юза экилиши, майсалар текис ва тез кўкариши шуни тақозо этади.
Кўчатлар далага ўтказилганда ҳам тупроқ нам бўлиши шарт. Чунки, кўчатларни ўтқазиш вақтида илдизнинг бир қисми юлиниб,қолган қисми ўсимликни сув билан етарли таъминлай олмайди.
Кўчат тутиб олгач ёки уруғ униб чиқиб, ўсимликлар илдиз отганда, етарли барг сатҳи шаклланганда ҳам намлик тупроқда кўчат бўлиши шарт. Акс ҳолда ёш ўсимликларнинг физиологик қаришига олиб келади. Бу ҳолатда ўсимликлар қурғоқчиликка мослаша бориб, шаклини, барг ҳажмини, анатомик тузилишини ва бошқа органларини ўзгартиради, натижада ксероморфликка ўтиб, тез ўсиш хусусиятини йўқотади, маҳсулоти кескин камаяди.
Гуллаш ҳамда мева тугиш даврида намликнинг етишмаслиги ўсимлик гул ва тугунчаларининг тўкилишига, илдизмевалар ва картошка туганаклари ўсишининг, карам бош ўрашининг кечикишига ҳамда маҳсулотдорликнинг камайишига олиб келади.
Бироқ сабзавот экинлар маҳсулотининг пишиш даврида тупроқнинг сернам бўлиши мевалар таркибидаги сув миқдорини оширади. Натижада мевалар ёрилади, қуруқ модда, қанд, крахмал, шунингдек, сифати, сақланувчанлиги камаяди ва ҳоказо.
Суғоришда албатта метереологик шароитни ҳам ҳисобга олиш керак. Эрта баҳорда экилган сабзавот экинлар, табиий намлардан фойдаланиб, одатда, апрел охири, май ойининг дастлабки кунларидан бошлаб суғорилади. Ўсимликнинг кейинги ўсув даврида ҳарорат борган сари кўтарилиб, деярли ёруғсиз шароитда ўтайди. Шунинг учун бу даврда тез-тез меъёрдан кам суғориш, суғоришни фақат маҳсулотни йиғиш олдидан тўхтатиш лозим.
Ёзги муддатларда экилган сабзавот экинлари ва картошка ўсув даврининг биринчи ярми юқори ҳарорат ва ёғингарчиликсиз ўтайди, маҳсулот етилиш даврида эса ҳарорат бироз пасайиб, маҳсулот йиғишда эса кескин пасаяди. Шунга кўра, кечки сабзавот экинлари ва картошка экишгача ва экилгач суғорилади. Ундан кейин эса яна 1-2 марта уруғ суви берилади.
Сабзавот экинларини ўз вақтида ва меъёрда сув билан таъминлаб, муттасил, мўл ҳамда сифатли маҳсулот олиш кўп жиҳатдан суғориш режими ва техникаси (технологияси) ни ишлаб чиқиш ҳамда қўллашга боғлиқ.
Суғориш режими деб суғориш сони, схемаси, муддати, меъёри ва мавсумий суғориш меъёри йиғиндиси тушунилади. Бу кўрсатгичлар ҳар бир экин, муайян тупроқ-иқлим шароити учун, маҳсулотдан фойдаланиш йўналишига қараб ишлаб чиқилади. Бу ҳақида биз ҳар бир сабзавот экинини ўрганганда батафсил тўхталамиз.
Суғоришлар ҳар хил мақсадларда қуйидагича ўтказилади:
1. Яхоб суви. Тупроқда нам тўплаш, яъни экинларни экиш вақтида тупроқда нам етарли бўлишини таъминлаш ва ўсув даврида кам суғориш учун берилади. Механик таркиби енгил, ер ости сувлари юза жойлашган жойларда яхоб суви гектарига 1000-1500 м3, оғир механик таркибли, сизот сувлари чуқур жойларда эса 2000-2500 м3 гектарига сув қуйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |