8.4. Уруғларни экиш кўчат ўтқазиш муддатлари ва усуллари
Экиш муддатлари. Мамлакатимиз сабзавотчилигида уруғ экиш ва кўчатлар ўтқазишлар қуйидаги асосий муддатларда олиб борилади.
Эрта баҳор (феврал охири март ойи)да совуққа чидамли, салқин талаб экинлар: сабзи, пиёз, лавлаги, картошка, карам, қўкатлар, сабзавот нўхати, икки-йиллик экинлар уруғлари экилади. Бу муддатда экилган ўсимликлар ривожланишнинг бошлангаич даврлари ўртача мўътадил ҳароратларда, қишки-баҳорги намгарлик ва «қора» совуқлар ҳам ора-сира учрайдиган пайтларга тўғри келади. Экинлар ривожининг кейинги босқичлари ёғин-сочинларнинг кескин камайган, ҳароратнинг кўтарилаётган даврида ўтайди. Баъзан ҳарорат +38-40°С ҳам етганида бу ҳол экинларнинг ривожланиши ва маҳсулот тўплашларига салбий таъсир кўрсатади.
Қиш олдидан ёки «тўқсонбости» муддат ноябр охири декабр бошларига тўғри келади. Бунда эрта баҳорда экилувчи экинларнинг бир қисми сабзи, пиёз, лавлаги, икки-йилликларнинг уруғлари, картошка экилади ва майсалашлари баҳорга тўғри келиши кўзланади. Ушбу муддатлардан бироз барвақг экишга киришилса уруғлар кузги намгарлик ва илиқ-иссиқлардан фойдаланиб бевақт майсалаб, қишки совуқлардан нобуд бўлиши мумкин. Қиш олдидан экилган экинлар эрта баҳорда экилганларга қараганда бир мунча олдинроқ униб чиқади ва ривожланишга жадалроқ киришади, маҳсулот бир-икки ҳафтача барвақт етилиб, нисбатан мўл бўлади.
Баҳорда, эрта баҳордаги «қора» совуқлар даври тугаши билан (апрел-май ойи бошлари) – помидордошлар, бодринг, полиз экинлари, сабзавот қовоқчалари ва бошқа иссиқталаб экинларнинг уруғи ёки кўчатлари экилади. Ушбу экинларнинг бутун ўсиш ва ривожланиш даври ёзнинг айни жазирама иссиғига тўғри келади. Фақат кузда, яъни ҳарорат сезиларли даражада пасайиш пайтида, одатда, октабрда бўладиган биринчи кузги «қора» совуқлар туфайли ўсув даври тугайди.
Ўсув даври давоми бирмунча қисқа бўлган картошка, карам, бодринг, илдизмевалилар ва бошқа экинлар ёзги муддат (июн-июл)да экилади. Мазкур муддатда экилган сабзавот ўсимликлари ҳаётининг биринчи ярми энг юқори ҳароратли ва ҳавонинг нисбий намлиги пасайган даврга тўғри келади. Экинлар ривожланишининг иккинчи ярмида, айнан маҳсулот тўплашга киришиш ва бу жараённинг жадаллашган пайтларида ҳарорат пасаяди. Октабр-ноябр ойларида, яъни йиғим-теримлар даврида кузатиладиган ёғингарчиликлар бу ишларга ҳалақит ҳам беради. Кузги муддат (август-сентабр) совуқларга чидамли экинлар – пиёз, сабзи, республиканинг жанубида эса карамнинг савуқбардош навлари етиштирилади. Бунда экинлар куздаёқ майсалаб, бироз ўсиб-улғайиб, илдизлари яхшигина ривожланиб, қишловга киради. Баҳорда улар анча эрта ўсиш ва ривожланишга киришиб, 1-1,5 ой барвақт (баҳорги экинга нисбатан) маҳсулот беради. Ушбу муддат бошларида (август), маҳсулотлари қиш бошланишигача етиладиган, кўкат сабзавот ва гулкарам каби экинлар экилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |