Ёмғирлатиб суғориш усули. Экинларни бу усулда суғориш қатор афзалликларга эга. Бунда майда суғориш шохобчалари олишга эҳтиёж қолмайди, суғоришга сарфланадиган сув анча (20-40%) тежалади, нишаблиги катта ва микрорелйефи мураккаб участкаларни ҳам суғоришга имконият яратилади. Ёмғирлатиб суғориш атрофида микроиқлим яратиб, ўсимликлар орасидаги ҳаво намлигини анча оширади. Бу усулда касаллик -зараркунандаларга қарши курашишни, баргдан озиқлантиришни бирга қўшиб ўтқазиш мумкин.
Экинларни ёмғирлатиб суғориш учун махсус ДДА-70 маркали узоққа отар осма қурилма ва ДДА-100 МА маркали икки консолли ёмғирлатгич агрегатидан фойдаланилади. Ёмғирлатиб суғориш бизда кенг тарқалмаган.
10-боб. САБЗАВОТ ЭКИНЛАРИНИ ЎҒИТЛАШ ВА ПАРВАРИШЛАШ
Сабзавот экинларини ўғитлаш. Ўсимликларни макро ва микроэлементлар билан таъминлаш учун ўғитлар қўлланади. Минерал озиқлар маҳсулотнинг юқори бўлишини таъминлаши билан бирга маҳсулот сифатини ҳам оширади, айни вақтда ўсимликларни ташқи муҳитнинг хатарли таъсирларидан ҳам ҳимоя қилиши мумкин.
Илғор механизатсиялашган технологиялар асосида сабзавотлар етиштириш учун ўғитлаш тартибини тузишда қуйидаги омиллар: ўғитлар тури, миқдори, қўллаш муддатлари маҳсулотни оширишга қаратилиши билан бир қаторда, тупроқдаги озиқ моддалар мувозанати балансини созлаш, энг кам меҳнат ва ашёлар сарфлаб энг яхши иктисодий самарадорликка эришиш тупроқ шароити ва ўсимликлар биологик хусусиятларига мувофиқ равишда органик ва минерал макро ва микроўғитлардан фойдаланиш, ҳар қайси экин тури ва дала алмашлаб экиш майдонларига хос ўғитлашлар тури, миқдори ва муддатларини белгилаш асосий омил ҳисобланади.
Сабзавоткорликда ўғитлар ерни ҳайдашдан олдин, асосий экиш олдидан ёки кўчат ўтқазишдан олдин солинади. Асосий ўғитлаш кўпинча кузги чуқур шудгорлашда органик ва минерал (фосфорли ва калийли) ўғитларни ҳайдов қатлами остига солишдан иборат. Кеч баҳорги ва ёзги такрорий экинлар учун шу ўғитлар экиш олдидан ҳайдов остига солинади. Экиш пайтида эса ўғитлар уруғлар олдигагина ёки кўчат илдизлари атрофига солинади. Бу ўсимликларни ҳаётий даврлари бошиданоқ озиқа билан таъминлайди.
Вегетатсия даври давомида ўсимликлар осон ўзлашувчан ўғитлар билан озиқлантирилади. Озиқ моддаларга энг талабчан пайтлари ҳаётий даврининг иккинчи ярмига тўғри келувчи экинлар (бодринг, помидор, полиз экинлари, карам, қисман кўкат сабзавотлар) учун бу муддат, айниқса, аҳамиятли ҳисобланади. Озиқлантиришларнинг аниқ муддатлари ва уларнинг таркиби ўсимликларнинг биологик хусусиятлари билан аниқланади. Очиқ дала сабзавотчилигида 1-3 маротаба озиқлантирилади. Буларнинг биринчиси ўсимликларда икки-учта барглар шаклланган ёки ўтказилган кўчатлар ўзларини тутиб олиб, ўсабошлаган пайтда, иккинчиси маҳсулот органларининг шакллана бошланишларида, учинчиси мевалаш даври узун бўлган экинларнинг қийғос мевалаш пайтларида ўтказилади.
Озиқлантиришларда минерал моддаларни органик ўғитлар билан ўзаро алмаштиришлар ҳам мақсадга мувофикдир. Бунда сув билан сусайтирилган қорамол шалтоги (1:4), гўнги (1:6-8), паррандалар аҳлати (1:15-20) қўлланиши мумкин. Баъзан экинлар пайкалларнинг бошланиш қисми («қулоқбоши»)да гўнгларга тўлдирилган махсус чуқурлар орқали суғориш сувларини «шарбат» усулида оқизиш билан ҳам озиқлантирилади.
Сабзавотчиликда илдизларсиз озиқлантиришлар ҳам самаралидир. Бу усул ўсув даврининг иккинчи ярмида, авжланиб ўсган поя-барг тўпламлари эгатлар орқали озиқлантиришга йўл қўймайдиган ҳолатларда қўлланилади. Илдиздан ташқари озиқлантиришлар баргларнинг сувни ва ундаги эриган озиқ моддаларни сингдира олиш хусусиятларига асосланган.
Булар илдиз орқали озиқланиш ўрнини босмайди албатта. Аммо ўсимликларни озиқ моддаларга қўшимча тўйинтиради. ТошҚХИ сабзавотчилик кафедрасида ўтказилган тажрибаларидан бирида картошка палагига тоза сув билан пуркаш орқали маҳсулотдорлик 140-160 тс/га, супер фосфорнинг сувдаги 5 фоизли эритмасини қўллаш орқали эса 177 тс/га маҳсулот олишга эришилган.
«Сабзавот ва картошка экинларини ўғитлар билан озиқлантиришга оид тавсияномалар»да (1980-йил) кўрсатилишича, сабзавот экинларига ўғитлар солиш бўз тупроқларда қуйидаги миқдорда белгиланган (таъсир этувчи моддалар): азот 100-200 кг/га, фосфор 100-150 кг/га, калий 40-100 кг/га; ўтлоқ-ботқоқли тупроқларда азот бироз камроқ солинади (18-жадвал).
Тавсия этилаётган ўғитлар миқдори ўсимликларнинг ҳолатига, режалаштирилган маҳсулотдорликка, тупроқ шароити ва қўлланиладиган агротехника даражасига қараб бир оз ўзгартирилиши мумкин. Қуйидаги 18-жадвалда кўрсатилган фосфор ва калий ўғитлари миқдорлари шу озиқ моддалар (Р2О5 ва К2О) билан кам таъминланган тупроқларга нисбатан ҳисобланган. Уларни амалда қўллаш миқдорлари агрокимё лабораториялари таҳлилларига кўра тупроқдаги мавжуд ва ўзлаштириладиган фосфор ва калийларнинг мавжуд миқдорлари билан табақалаштирилади. Бунинг учун ўғитларнинг экинларга мўлжалланган-йиллик миқдорини қуйидаги тузатиш коэффитсиэнтига кўпайтирилади: жуда кам таъминланган тупроқлар учун – 1,25, ўртача таъминланганларга – 0,75, яхши таъминланганларга – 0,5, юқори даражадагилар учун – 0,25.
Do'stlaringiz bilan baham: |