Бодринг ва помидор кўчатларини қишки-баҳорги айланиш учун ўстиришнинг хусусиятлари. Уруғ экилган ёки майсалар пикировка қилинган тувакчалар ёки кубиклар кенглиги 1,4-1,6 м лента шаклда, орасида 40-50 см йўлка қолдирилган иссиқхона тупроғи устига териб қўйилади. Кўчатларни илдиз чириши ва нематода билан зарарланишидан эҳтиёт қилиш, шунингдек, илдиз тизимини тўлиқ сақлаб қолиш учун тувакчалар тупроқ юзига тўшалган янги, юпқа полиэтилен плёнка устига қўйилади. Тувакчалар оралиғидаги бўшлиқ озиқали аралашма билан тўлдирилади. Намлик ва ҳароратни сақлаш учун ленталар устига янги, юпқа тоза плёнка ёпилади. Агар кўчат торфоблокда етиштирилса, улар ерга териб қўйилгандан сўнг уруғ экилгунича, икки-уч кун мобайнида лейка ёки 1-1,5 соатда бир марта 1-2 дақиқа мобайнида ёмғирлатиб суғориш мосламаси ёрдамида намлаб турилади.
Уруғларнинг бир вақтда униб чиқиши ва бир текис кўчат олиш учун уруғлар униб чиққунга қадар ҳарорат бодринг учун 27°С, помидор учун эса 24°С да сақлаб турилади. Ниҳоллар тўлиқ маҳсулот бўлгандан сўнг плёнка йиғиштириб олинади, ҳарорат 4-5 кун мобайнида бодринг учун кундуз куни 20-22°С гача, тунда 14-16°С га, помидор учун эса шу тариқа 16-18°С ва 12-14°С гача пасайтирилади.
Кейинчалик бодринг кўчати офтобли кунларида – 20-23°С, булутли кунларда – 19-20°С, тунда – 18-20°С да, помидор кўчат шунга мувофиқ равишда 20-22°С, 18-19°С ва 15-17°С ҳароратда ўстирилади. Бодринг кўчати ўстирилаётганда ҳавонинг нисбий намлиги 70-75%, помидор учун эса 60-70% ни ташкил этиши керак.
Очиқ ер учун кўчат етиштириш. Очиқ ерга экиладиган сабзавот экинларининг кўчатлари барча экин ўстириладиган иншоотларда етиштирилади.
Плёнкали иссиқхоналарда кўчатларни шамоллатиш ва чиниқтириш етарли бўлганда тезроқ ривожланади, уларни парникларда етиштирилгандагига қараганда 10-12 кун олдинроқ экиш мумкин. У очиқ ерда ўстирилганда ҳаётчан бўлади.
1 га очиқ ерга (55-60 минг дона) кўчат етиштириш учун 150-200 м2 плёнкали иссиқхоналар зарур. 1 га плёнкали иссқхонани 10 см қалинликда тупроқ аралашмаси билан тўлдириш учун 1000 м3 қоришма зарур. 1 м2 майдондан чиқадиган майсалар 2500–3000 донани, озиқланиш майдонига кўра чиқадиган кўчат сони 100 – 400 донани ташкил қилади.
Очиқ ер учун кўчатларни етиштиришда субстрат сифатига муҳим эътибор берилади. У механик таркибига кўра енгил, намлик ва ҳавони ўтказувчан, рН нейтралга яқин, касаллик ва зараркунандалардан холи бўлиши керак. Субстрат таркибида 40% органик моддалар, 10-15% гумус, зичлиги 0,9-1,0 г/см3, нам ҳажми 70-75%, ғоваклилиги 58-61%, ҳавоси 12-20% бўлиши керак. Озиқ моддаларнинг миқдори 100 г да: азот – 15-25, фосфор – 20-30, калий – 25-35 мг ни ташкил қилиши керак. Тузларнинг умумий контсентратсияси 0,9-1%, хлор эса – 0,007%.
Ўзбекистонда очиқ ерга кўчатлар юқори сифатли дала ери (40%), чиринди (40%), олдиндан компострланган қиринди, шоли шулухаси ёки қумдан (20%) ташкил топган тупроқларда етиштирилади. Аммо 1 м3 мазкур аралашмага қуйидаги миқдорда минерал ўғитлар қўшилади (г): аммиакли селитра – 300, қўшсуперфосфат – 400, аммоний сулфати – 400, калий сулфати – 400-500, мис купороси – 1,5, нордон аммоний молебден – 3, марганетс сулфат – 2,25, натрий сулфати – 0,7, тсинк сулфат – 0,7.
Етиштириш муддатлари ва технологиясига қараб сабзавот экинларини кўчатлари эртаги (эртаги оддий ва гул карам, эртаги помидор), ўртаги (ўртаги карам, бодринг, полиз экинлари, ўртаги помидор, қалампир, бақлажон), кечки (кечки карам, помидорнинг эртапишар навлари такрорий экин учун) бўлади. Эртаги кўчатлар иссиқ парникларда ва иситиладиган иссиқхоналарда; ўртагилари – ярим иссиқ парникларда, иситилмайдиган ва хатарли вазиятларда қўшимча иситиш воситалари билан таъминланган плёнкали иссиқхоналарда; кечкилари – очиқ эгатларда етиштириб олинади.
Кўчатларни таннархига уруғ экилгандан бошлаб уни униб чиқишигача ўтган вақтни қисқартириш таъсир этади. Шунинг учун уруғларни намлаш, ундириб олиш ва чиниқтириш усулларидан кенг фойдаланилади. Чиниқтириш, кўчатларни очиқ кўчатхоналарда ва плёнкали иншоотларда етиштирилганда айниқса, самаралидир. Уруғлар дастлаб йирик ва ўртача фрактсияларга ажратиб сараланади, 15-20% майдалари чиқитга чиқарилади. Саралангандан сўнг улар зараркунанда ва замбуруғ спораларига қарши қиздирилади. Бунинг учун 25-35°С ҳароратда бир сутка давомида яхшилаб қуритилган карам, бодринг ва помидор уруғлари 3-3,5 соат давомида 50-55°С да қиздирилади. Агарда уруғлар юзида касаллик қўзғатувчи ва зараркунандалар бўлмаса экиладиган уруғлар қиздирилмайди, аммо касалликларга чалиниши олдини олиш учун улар зарарсизлантирувчи моддалар билан ишланади.
Экиладиган майдон ҳажмига кўра уруғларни экиш қўлда ёки экиш сеялкалари ёрдамида бажарилади. Майсазорга уруғлар қўлда сочма ёки қаторлаб экилади. Қаторлаб экилганда тупроқ текисланади ва бир оз зичланади, сўнг планка (ёғочли) маркер (хашкаш) билан чуқурлиги 1-1,5 см ли жўяклар олинади. Бу жўякларга бир-биридан 0,5-1 см оралиқда уруғлар териб чиқилади. Уруғлар устига майда озиқ аралашма ғалвир орқали ўтказилиб 0,5-1 см қалинликда кўмилади. Маркер изларига экилганда уруғларни хаскашнинг орқа томони билан кўмиш мумкин.
Очиқ ерда кўчатларни етиштиришда уруғларни экиш муддатлари уни далага ўтқазиш муддатлари, етириштириш давомийлиги ва фойдаланиладиган иншоотларнинг турларига кўра аниқланади. Уруғни экиш меъёрлари уларни йириклиги, ўсимликларни озиқланиш майдони ва кўчатларни етиштириш усулларига боғлиқ (10-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |