Парниклар – статсионар ёки кўчма нур ўтказмайдиган ён тўсиқлари (25 см гача) бўлган ва ёруғлик ўтказадиган қопламали кичик ҳажмли иншоотлардир. Ён тўсиқлари бўлгани учун парниклар экин ўстириладиган бинолар қаторига киритилади. Аммо, парник қопламаси (роми) билан тупроғи оралиғидаги масофа кам бўлганлиги учун хизмат қилувчилар парникдаги барча ишларни уни ташқарисида туриб бажарадилар. Бу, парникларни иссиқхоналардан асосий фарқи ҳисобланади.
Парниклар ҳимояланган ер иншоотларининг қадимий туридир. «Парник» номи «буғлаш» сўзидан келиб чиққан, чунки қизиган гўнг парчаланганда ўзидан буғ чиқаради. Парниклардан Ўзбекистонда қиш ва баҳор фасларида фойдаланилади, уларда асосан кўчат етиштирилади. Уларда, жумладан, эртаги сабзавотлар ҳамда очиқ ерда етилмай қолган айрим сабзавотлар маҳсулоти етилтирилади ва тезлаштириб ўстирилади.
Парниклар қопламаси нишабининг (бир ва икки нишабли) сони, майдонининг паст баландлик даражасидан келиб чиққан ҳолда ерга жойлаштирилишига кўра (ер устки ва ерни ковлаб), конструктсиясига (кўчма ва статсионар), нур ўтказадиган қопламасининг турига (ойнаванд, плёнкали), қопламасининг қопланиш усулига (сидирға-ёппасига, ромли), иситиш усулларига (қуёш нури ёрдамида, биологик, техник), фойдаланиш муддатига кўра (эрта муддатда ёки иссиқ, ўрта муддатда ёки ярим иссиқ, кеч муддатда ёки совуқ) бири иккинчисидан фарқланади. Парникларни кўп сонли, турли хилларидан Ўзбекистонда, илгари, фақат бир тури – бир нишабли, ерни ковлаб жойлаштириладиган, биологик усулда иситиладиган, ойнаванд ромли рус парниги деб номланган тури кенг тарқалган эди (6-расм).
Рус парнигининг асосий қисмлари – ойнаванд ром кўринишидаги тиниқ шаффоф қоплама, кесакилар, ўра ва иситадиган қурилмалар ҳисобланади.
Парникларнинг стандарт роми ўлчами 160×106 см, бир ромнинг фойдали майдони 1,5 м2. Ром бўйига икки ва энига икки суяма (кўндаланг кесими 55×47 мм), ойна маҳкамланадиган суяма (шпрос) (кўндаланг кесими 47×38 мм) ва ойнадан иборат бўлади.
Ромлар парник қути кесакиси бўйлаб узунаси кўндалангига жойлаштирилади. Парниклар ромларининг бир томони тиргович билан кўтарилиб қўйиб шамоллатилади. Кесаки тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб тахтадан ёки йиғма темир-бетондан ясалади.
Парник ромлари бироз (5-8°) қияроқ (нишабли) бўлиши учун қутисини шимолий кесакиси баландроқ ўрнатилади. Парник кенглиги ром узунлигига тенг, узунлиги эса 20 ромнинг энига тенг (21,2 м).
Парник чуқури ерда ковлаган ўрадек кўринади. У иситиш мосламаларини жойлаштириш учун хизмат қилади. Ўранинг юқори қисми бўйи ва энининг узунлиги ички кесакининг ўлчамига нисбатан 10-15 см ортиқ. Ўра деворлари ернинг зичлигига кўра тик ёки қияроқ бўлиши мумкин. Эрта муддатда фойдаланадиган парниклар ўрасининг чуқурлиги – 60-70, ўрта муддатдагисиники – 45-55 ва кечки муддатдагисиники – 25-30 см бўлади.
6-расм. Биологик усулда иситиладиган ерга хандақ ковлаб ўрнатилган рус
парнигининг кўндаланг кесими:
а – ёғоч суямали парник; б – темир бетондан йиғилган парник; 1 – роми;
2 – шимолий кесакиси; 3 – жанубий кесакиси; 4 – тупроғи; 5 – биоёнилғи; 6 – қўшни парник кесакиларини бирлаштирувчи мослама (лежен); 7 – ром тиргаги; 8 – парник ромларига тираб туриладиган темир мослама (скоба) (ўлчам мм да).
Эртаги иссиқ парниклар, қишда фойдаланиладиган биоёнилғиси қалинлиги – 50-60 см, баҳорда фойдаланадиган ярим иссиқхоналарники эса – 30-40 см бўлади.
Ойнаванд парниклар қўпол ва қиммат бўлгани учун сўнгги-йилларда роми плёнка билан қопланган енгил ва арзон парниклардан фойдаланилмоқда. Плёнкали парникларнинг ён томонларида ойнаванд парниклар каби тўсиқлари бўлади. Улар бир ва икки нишабли. Буларнинг ҳар иккиси кўчма ва статсионар бўлиши мумкин.
Бир нишабли плёнкали парник ўлчами 1,5×3 м бўлиб, унинг учун 0,5-0,6 м чуқурликда ўра тайёрланади. Ўранинг бурчакларига ва бўйининг узун томонлари ўртасига устунлар ўрнатилиб, уларга кесаки (борт) қоқилади (7-расм).
тупроқ
гўнг
Do'stlaringiz bilan baham: |