Синташта-Аркаим мажуаси. Синташта-Аркаим мажуаси Урал тоғининг шарқий ёнбағирларида, Россия Федерациясининг Челябинский ва Оренбур вилоятлари ҳудудуда тарқалган. Мажмуа ўрганилган манзилгоҳ ва қабр-қўрғонларнинг номи билан юритилади. Археологик ёдгорликлари айлана ёки тўғри тўртбурчак шаклли мудофаа девори ва хандаклар билан ўраб олинган манзилгоҳлар ва айлана шаклли қабр иншоотларидан иборат.
Бу маданиятга оид кўпгина ёдгорликлар ўрганилган. Ягодый Дол ва Аркаим манзилгоҳлари хом ғишт, девғиш ва чимдан қурилган мудофаа девори билан муҳофаза қилинган. Куйсак манзилгоҳининг мудофаа девори девғишт, қумоқ тупроқ ва тошдан қурилган. Адланд ва Олигино (Тош омбор) манзилгоҳлари мудофаа деворининг сиртига тош териб чиқилган. Манзилгоҳлар хандагининг эни 2,5х5,0 м., чуқурлиги 1,2-1,5 м. дан иборат.
Манзилгоҳларнинг ичкарисида қурилиш иморатлари тиғис жойлашган. Улар аҳоли уй-жойлари, тоат-ибодат вазифасини бажарган иморатлар, ишлаб чиқариш иншоотларидан ташкил топган. Қурилиш иморатлари пахса, ёғоч каркас ва айрим ҳолларда хом ғиштдан барпо қилинган. Алоҳида уй-жойларнинг ҳовлисида қудуқ, ўчоқ ва хўжалик ўралари жойлашган.
Синташта-Аркаим жамиятига оид дафн иншооти тепаликда, айниқса, дарёларнинг ўзаро қўшилган жойдаги тепаликда жойлашган. Дафн иншооти қабр-қўрғондан иборат. Қабр-қўрғонларнинг пастида ўра, чуқур, лаҳат қабрлар ўрин олган. Бир хил қабрларнинг майитхонаси ички томонига ёғоч терилиб, тепаси ҳам ёғоч билан ёпилган. Қабрларда майитлар якка ва жамоа бўлиб кўмилган. Майитлар ён томони билан гужанак ва чалқанча ётқизилган. Марҳум жангавор арва ва от анжомлар билан бирга кўмилган қабрлар ҳам учрайди. Бундай қабрлар жамоа сардори ёки саркардасига тегишли бўлса керак. Эркакларнинг қабрида мис ва бронзадан ясалган қурол яроғлар (жангавор болта, ханжар, камон пайкони), иш қуроллари, сопол буюмлар сақланган.
Синташта-Аркаим жамияти аҳолиси уй ва яйлов чорвачилиги ҳамда металл ҳунармандчилиги билан шуғулланганлар. Урал тоғида турли маданларга бой. Маҳаллий кон заҳиралари металлурга тараққиётини таъминлаган. Мис ва мишякли бронзадан турли хил меҳнат қуроллари, қурол яроғлар ясалган. Сопол буюмлар тасмасимон усулида ясалган ва сиртига геометрик нақшлар чизилган. Сополларнинг таги текис. Сополлар ошхона ва хўжалик буюмларидан иборат.
Аҳоли ҳарбийлар, қоҳинлар, эркин жамоа аъзолари қатламидан иборат бўлган. Манзилгоҳларнинг мураккаб тизими, жамиятда мураккаб стратификация жараёни содир бўлиши ва ихтисослашган ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг мавжудлигига кўра аҳоли ривожланган жамият тузилмасига эга бўлган. Уларнинг жамиятида ҳарбийлар тоифаси юқори мавқеига эга бўлиб, кўринишдан жамият тараққиётининг ҳарбий демократия босқичида бўлган. Синташта-Аркаим жамияти Авестонда келтирилган Арийанам Вайчах ўлкаси тарқалган ҳудуд билан боғлаш, эҳтимолдан ҳоли эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |