Кура-Аракс маданияти. (мил. авв. XXIX-XXIII минг йилликлар.) Жанубий ва Марказий Кавказ, Доғистон, Чечния, Ингушетия, Шимолий Осетиянинг бир қисми, Шимолий Анатолия, Шимоли-ғарбий Эрон ҳудудини эгаллаган маданият. Бу маданият пасттекистликда, тоғолди ҳудудларида, ҳатто баланд тоғ тизмаларида ҳам тарқалган.
Уйлари айлана шаклда, томи конуссимон шаклда ёпилган, устидан шағал тош тўшалган. Уйларнинг ўртасида айлана ўчоқ жойлашган. Уйлар жуда тиғис жойлашган. Ереван яқинидаги Шенгавит манзилгоҳининг атрофи тошдан қурилган айлана девор ва хандак билан муҳофаза қилинган.
Кура-Аракс маданияти соҳиблари марҳумларни манзилгоҳларнинг яқинидаги қабр ва қабр-қўрғонларда дафн қилган. Қабрларнинг шакли турлича (тўртбурчак, ғишт ва тош терилган) бўлган.
Хўжаликнинг асосини деҳқончилик ва чорвачилик ташкил этган. Деҳқончиликда буғдой, арпа, тариқ етиштирилган. Техник экинлардан каноп экилган. Денгиз сатҳидан 2500 м. баланд бўлган тоғ ҳудудида ҳам деҳқончилик қилинган. Тоғларида суғоришнинг мураккаб тизими, терраса усулидан фойдаланилган. Ерлар ҳайвонга тортилган омоч ёрдамида шудгор қилинган. Ҳайвон шохидан ясалган омоч нусхалари топилган.
Чорвачилик ярим кўчманчи шаклида бўлиб, асосан кичик туёқли ҳайвонлар боқилган. Қисман от боқилган. Шимолий Кавказга хонаки от шимолда яшайдиган дашт халқларидан кириб келган бўлса керак.
Кура-Аракс маданияти эгалари мишьякли бронзадан фойдаланган. Металлар Кавказнинг ўзидан қазиб олинган. Манзилгоҳлардан болта, теша, ўроқ, пичоқ, найзанинг учи, тақинчоқ ва бошқа буюмлар топилган. Тухумсимон шаклда ясалган сополларнинг сирти силлиқланиб, кўкимтир, қора ва қизил рангда ангоб суртилган.
Майкоп маданияти. Шимолий Кавказда Куро-Аракс маданияти билан бир даврда Майкоп маданияти ҳам ривожланган. Бу маданият Таман ярим ороли ва Кубан бўйи ҳудудидан Чечния ва Ингушетиягача бўлган ерларга тарқаган. Бу маданиятнинг номи Майкоп шаҳри яқинида ўрганилган қабр-қўрғондан олинган.
Майкоп маданияти ёдгорликлари қисман манзилгоҳлар ва кўпроқ қабр-қўрғонлардан иборат. Майкоп маданиятнинг оид қабр-қўрғон 1897 йилда археолог Н.И.Веселовский томонидан Кубан дарёсининг ирмоғи Белой дарёси бўйидан топиб ўрганилган. Баландлиги 11 м. тупроқ уюми тагида жойлашган ўлчами 5,3х3,73 м, чуқурлиги- 1,4 м. бўлган йирик қабр-қўрғон ёғоч девор билан учта хонага ажратилган. Жанубдаги катта хонада эркак, қолган хоналарда аёллар дафн қилинган. Марҳумлар гужанак ҳолатда ётқизилган ва устидан охра сепилган.
Эркак қабрида олтин, кумуш, сердолик, феруза ва лазуритдан ясалган турли хил буюмлар топилган. Улардан олтиндан ясалган шер, буқа шакли, мунчоқ, халқа ажралиб туради. Олтин ва кумушдан идишлар ҳам ясалган. Иккита кумиш идишнинг сиртига нақшлар чизилган. Улардан бирида тоғ, дарё, ўсимлик, ҳайвонлар ва бошқа бирида бир гуруҳ ҳайвонлар туширилган. Биринчи идиш маҳаллий усталар томонидан ясалган, иккинчиси эса Месопотамиянинг Жамдат Наср торевтикаси билан алоқадан дарак беради. Шунингдек, қабрдан бронза ва лойдан ясалган идишлар, бронзадан ясалган меҳнат қуроллари ва қурол яроғлар топиб ўрганилган. Қабр-қўрғон Майкоп маданиятининг илк босқичига оид сардорга тегишли бўлган.
Майкоп маданиятининг сўнгги босқичига оид қабр-қўрғонлар Кубан орти ҳудудида тарқалган. Улар кузатув буюмларига жуда бой. Уларда силлиқланган тош болталар, ўроқ қадамалари, камон ўқи учлари, кумушдан ясалган тўғнағич ва мунчоқлар, олтин узук, бронзадан ясалган буюмлар ва сопол буюмлар топилган. Қабрларнинг биридан бронзадан ясалган узунлиги 63 см. қилич нусхасининг топилиши муҳим аҳамиятга эга. Қилич бу ерда яшаган аҳоли ўртасида зиддиятнинг кучайганлигини кўрсатади. Бу даврда долменлар ҳам пайдо бўлади. Долмен тик турган тўртта йирик тошнинг устидан бешинчи тош ётқизиб қурилган дафн иншооти.
Майкоп маданияти эгалари мотига деҳқончилиги ва уй чорвачилиги билан шуғулланган. Сопол идишлари қўлда ва қисман кулолчилик чархида ясалган. Қабрлардан турли хил кузатув буюмлари топилган. Кузатув буюмларининг миғдори ва сифати марҳумнинг ҳаёт давридаги ижтимоий ҳолатига кўра қўйилган.
Майкоп маданитининг илк босқичига оид топилмалар Жанубий Месопотамия буюмларига ўхшайди. Бу маданиятга Шумердан кўчиб келган аҳоли томонидан асос солинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |