8.2. Ўзбекистон Республикаси божxона xизматининг тaшкил
топиши ва ривожланиши.
Ўзбекистон Республикаси божхона хизматининг ташкил топиши ва ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари шундаки мамлакатимизнинг асосий божхона қонунини янгилаш иши узоқ ва пухта олиб борилган. Қонун лойиҳаси устида ишлаш божхона ишига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимга солишдан бошланган. Кейинги икки йилнинг ўзидагина ушбу соҳани тартибга соладиган ўнлаб низом ва йўриқномалар қайта ишланди. Булар божхона режимлари, айрим таомиллар, божхона билан боғлиқ инфратузилма ходимлари: божхона брокери ва божхона расмийлаштириши бўйича мутахассис фаолиятига тааллуқли ҳужжатлардир.
Тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар амалдаги Божхона кодексига ҳам киритилди. Бир вақтда кодекснинг янги таҳрири лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилди. Бунда амалдаги қонунни қўллаш амалиёти, МДҲ бўйича ҳамкор давлатларнинг божхона қонунчилиги, ҳозирги халкаро божхона амалиётининг амалда қўлланиши, шунингдек Жаҳон савдо ташкилотининг қонун-қоидалари, 1999 йил янгиланган таҳрирда қабул қилинган “Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида” ги Киото конвенцияси ва божхона назоратини ташкил этиш масалаларини тартибга соладиган бошқа халкаро конвенцияларнинг қоидалари инобатга олинган. Қонун лойиҳасини тайёрлаётганда ДБҚ (Давлат Божхона Қўмитаси) мутахассислари кодексга бевосита таъсир этадиган, қонун ости ҳужжатлари миқдорини иложи борича қисқартирадиган ҳужжат бўлиши кераклигидан келиб чиқдилар, чунки муфассал ва аниқ-пухта қонун божхонани тартибга солиш соҳасида барқарорлик ва олдиндан айта олишлик кафолатидир. Шу боис божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар асосий меъёрларининг муҳим қисми идоравий меъёрий ҳужжатлардан янгиланган қонунга ўтказилди. Божхона тўловларини ҳисоблаб ёзиш ва тўлаш ёки ундиришнинг барча масалалари бевосита қонун лойиҳасида акс эттирилди. Бироқ божхона бошқаруви жараёнининг ҳар бир босқичини имкони борича батафсиллаштириш амалда бажариб бўлмайдиган вазифа. Имкони борича бевосита амал қиладиган қонун яратиш мақсад қилиб олинган бўлишига қарамай, ҳозир унга қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чикмаса бўлмаслиги равшан бўлиб қолди. Бу нафақат Давлат божхона кўмитаси (ДБҚ), балки лойиҳани ишлаб чиқишнинг турли босқичларида иштирок этган халкаро экспертларнинг ҳам нуқтаи назаридир. Мисол учун, ушбу ҳужжатга божхона божларининг ставкалари, товарларни таснифлаш қоидаларини киритиб бўлмайди. Зеро у божхона тарифлари билан тартибга солишнинг барча ўзига хос деталларини батафсил тавсифлаб бериши керак бўлган амалий йўриқнома эмас. Шу боис муайян дастаклар тўплами ҳисобланган турли хил қонун ости ҳужжатлари (йўриқномалар, тартиблар, низомлар ва ҳоказо), шубҳасиз, ҳар доим божхона амалиётида қўлланади. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, янги таҳрирдаги Божхона кодекси, бевосита амал қилувчи ҳужжат сифатида, уларнинг сезиларли қисқаришига олиб келади. Шу сабабли у 198 модда, 19 боб ва 11 бўлимдан иборат бўлган амалдаги Божхона кодекси билан қиёслаганда анча катта ҳажмли бўлади. Чунончи, ҳозирги пайтда янги таҳрир лойиҳасида 500 дан ортиқ модда ва 18 бўлим мавжуд. Қонун лойиҳаси ҳажмининг кўпайиши шу билан шартланганки, унда божхона назорати ва товарларни расмийлаштириш, божхона тўловларини ҳисоблаб ёзиш масалалари ва ҳоказолар бўйича божхона органлари билан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар меъёрлари анча батафсил белгиланган, барча мулкчилик шаклларидаги хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан фуқароларнинг ҳам божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш учун жавобгарлиги масалалари тартибга солинган.
Шу сабабли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай амалий муҳитни яратиш, тадбиркорлар билан ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги амалий алгоритмини қуриш республика божхона хизматининг муҳим стратегик вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга террорчилик ҳаракатлари замонамизнинг даҳшатли воқелигига айланиб қолди. Терроризм солаётган ҳавф, халкаро наркобизнеснинг ҳужумкорлиги божхона хизматидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияларини кучайтиришни, янада фаолроқ ҳаракатларни, ишда илдам бўлишни талаб қилди. Божхона назоратининг самарадорлигини ошириш, наркотиклар, қурол, ўк-дори, портловчи моддалар, ҳарбий ва иккиёқлама мақсаддаги товарларни аниқлаш ҳамда уларнинг контрабандасига барҳам бериш Давлат божхона кўмитасининг энг муҳим устувор вазифаси ҳисобланади. ДБК тезкор тадбирларнинг натижадорлиги ва уюшганлигига, тайёрланаётган ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида олиш, тўплаш, таҳлил қилиш ва ушбу ахборотдан амалда фойдаланиш тизимини барпо этишга алоҳида эътибор қаратган. Ушбу вазиятларни ҳал этиш барча фуқароларнинг қонунга итоат этиши ва ҳалоллигига боғлиқ. Бунинг учун божхонанинг барча бўғинлари божхона назоратини аниқ-пухта ташкил этишни таъминлашлари, мавжуд куч ва воситалардан фойдаланиш самарадорлигини оширишлари зарур бўлади.
Ана шу мақсадда божхона инфратузилмаси объектларини модернизациялаш, уларни энг янги ускуналар, алоқа ва назоратнинг замонавий воситалари билан жиҳозлаш бўйича режали иш олиб борилмоқда. Бу фаолият ўз натижасини бермоқда.
Транзит таомилларини соддалаштириш Ўзбекистон товарларини Европа бозорларига ҳам олиб чиқишни кучайтиришга хизмат килади.Ушбу қарорни рўёбга чиқаришда божхона органларининг роли катта.
Олий Ҳарбий божхона институти мустақиллигимизнинг илк бор меваларидан биридир. ОҲБИ барча жаҳон стандартларига жавоб беради, замонавий моддий-техника базасига эга, ноёб ускуналар билан жиҳозланган. Институтда 12 кафедра, бир нечта компьютер синфи, криминалистика лабораторияси, WCO талаблари даражасида жиҳозланган ўкув синфлари ишлаб турибди. Улар орасида шу жумладан техник воситаларни қўллаган ҳолда божхона назорати ва расмийлаштиришини ўргатиш, контрабанда ва божхона қоидаларини бузишларга қарши кўраш синфлари ҳамда энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган кимё лабораторияси бор. Бу ерда божхона иши ва юриспруденция ўқитилади, бакалаврларни тайёрлаш дастури 4 йил, магистрларники 2 йил. Тингловчилар анча қаттиқ тарзда танлаб олинсада, унга кириш учун талабгорлар оз эмас. Институтда бошқа ўкув юртларини битирган божхона ходимлари ҳам дастлабки тайёргарлик ва қайта тайёргарликдан ўтадилар. Шахсий таркиб билан доимий тарбиявий-профилактик иш олиб борилади, унда ҳуқуқбузарликка мойил бўлган ходимларни аниқлашга катта эътибор берилади. Божхона органлари ходимларининг мунтазам ўтказиладиган аттестацияси кадрларнинг амалий ва ахлоқий хислатлари, касбга яроқлилигига, шунингдек, шахсий қобилиятлари ва иш тажрибасига мувофиқ уларни жой-жойига ўринли қўйишга баҳо беришнинг самарали шаклларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |