Хоразм вилояти ёдгорлик ресурслари
Қадимги Хоразм тарихи, археологияси, давлатчилиги, саънати, илм - фани, дини, ҳунармандчилиги.
Хива "Ичан қалъа" тарихий меъморчилик қўриқхона музейи: 1920 - йил 26 - апрелда собиқ Хива хони қабулхонаси биносида очилиб, дастлаб Хоразм Республика тарих - инқилобий музейи, 1924 - йилда Хоразм вилоят тарих - инқилобий музейи, 1970 - йилдан "Ичан қалъа" меъморчилик қўриқхонаси билан бирлаштирилиб, Хива "Ичан қалъа" тарих -меъморчилик қўриқхона - музейи", - деб аталган. "Ичан қалъа"га тўртта дарвозадан кирилган: Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза.
Меъморий обидалари:
Кўҳна Арк. Хиванинг қадимги қалъаси. Қалъа тарихи Хива тарихи билан боғлиқ. Унда 19 - асрга оид хон ва амалдорларнинг ховлилари, аслахахона, ўқ - дори тайёрлайдиган устахона, омборлар, ошхона, отхона, зиндон, қўчқор уруштириладиган майдон бўлган. Тўртта ҳовлидан ташкил топган.
Саййид Аловуддин мақбараси. 14 - асрда Сўфи Амир Кулол Нақшбанд томонидан устози шайх Аловуддин мозори устига қурдирган мақбара пештоқли, унда зиёратхона ва гўрхона мавжуд. Сағанага Саййид Аловуддиннинг вафот этган санаси (1303 - йил) битилган.
Уч авлиё мақбараси. 16 - асрда қурилган. Номаълум уч кишининг қабрлари мужассам. Пештоқи баланд, гумбазли катта хонаси бор. Бухоролик усталар қургани боис, Хива ёдгорликларидан ажралиб туради.
Араб Муҳаммад мадрасаси. 1616 - йилда Хива хони Араб Муҳаммадхон томонидан қурдирилган. Меъмори ким эканлиги номаълум. Тўртбурчак шаклида эмас, трапеция шаклида қурилган. Дарсхонаси бостирма устида. Гумбазли хонали.
Анушахон ҳаммоми. 1657 - йилда Оқ масжид ёнида Абдулғозихон томонидан ўғли Ануша Муҳаммад Султоннинг Карманадаги ғалабаси шарафига қурдирилган.
Хўжамбердибек мадрасаси. 1688 - йилда қурилган. Ҳужралар билан ўралган, дастлаб бир ҳовлили бўлган. Оллоқулихон мадрасаси қурилгач, Хўжамбердибек мадрасаси икки ҳовлили қилиб қайта бунёд бўлган.
Шерғозихон мадрасаси. Хива хони Шерғозихон Машҳад (Эроннинг шимоли - шарқий қисмидаги шаҳар)да қилган ғалабаси шарафига 1719 - 1728 йилларда қурдирган. Унинг рўпарасида Паҳлавон Маҳмуд мақбараси жойлашган. Мадраса ҳовлиси ўртада, тўртбурчак шаклида, безаксиз, содда ва бир ва икки қаватли, ҳужралар, масжид, дарсхона бор. Пештоқи катта.
Муҳаммад Амин Иноқ мадрасаси. 18 - асрда Хива хони Муҳаммад Амин Иноқ (1770 - 1785) ҳукмронлиги даврида қурилган. Бир қаватли ҳовлида иккита айвон бўлиб, дарсхона, масжид, хужралар бор.
Жума масжиди. Масжиднинг ташқи кўриниши содда. Ички катта хонада 212 та устун бор. Безаклар 18 - 19 асрга таълуқли. Устунларнинг тўрттаси 10 - асрга оид. Шунингдек, 14 - асрга таълуқли устунлар бор. 18 - асрда масжид қайта таъмирланиб, баланд минора ҳам қурилган.
Боғбонли масжид. Буни ака - ука боғбонлар бунёд эттирган. Унинг томи гумбазли, икки устунли пешайвондан иборат. Меъмори Паҳлавон Қули бўлиб, 1809 - йилда қурилган. Баъзи безаклар 14 - асрга оид.
Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси. Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан 19 - асрда қурдирилган. Калта минор унинг ёнида жойлашган. Хоннинг ўлими минора қурилишини тўхтатиб қўйган. Шу боис, унинг бўйи 26 метрлигича қолиб кетган. Мадраса икки қаватли бўлиб, биринчи қаватдаги хужралар даҳлизли, иккинчи қаватдагилари айвонли.
Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси. 19 - асрда Хива хони Саййид Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) томонидан қурдирилган. Кўҳна Арк рўпарасида бўлиб, катталиги бўйича Муҳаммад Аминхон мадрасасидан кейин иккинчи ўринда туради. Унда ёзги ва қишги масжид, дарсхона, кутубхона, хужралар мавжуд. Олд қисми икки, қолганлари бир қаватли.
Паҳлавон Маҳмуд мажмуи. У гумбазли хонақоҳ, мақбара ва зиёратхоналардан иборат. 19 - 20 - асрларга оид. Дарвозахонадан кичик ҳовлига ўтилади. Қаршисида катта пештоқ, гумбазли хонақоҳ, мақбара, ғарбида қорихона, шарқида айвон, ҳовлида қудуқ мавжуд.
Ислом хўжа мадрасаси ва минораси. Исфандиёрхоннинг бош вазири Ислом хўжа ўз даврининг тараққийпарвар шахсларидан бири бўлиб, 1910 - йилда мазкур обида қурилишини амалга оширган. Шунингдек, у маҳаллий болалар учун мадраса ва минорадан ташқари мактаб, касалхона, почта, кўприк ва йўллар ҳам барпо этган. Уни хивалик уста Худойберган ҳожи қурган.
Оллоқулихон давридаги меъморчилик: Оллоқулихон Хива хони бўлиб, 19 - асрда яшаган. Муҳаммад Раҳимхоннинг ўғли. Унинг даврида Карвон сарой, тим, мадраса, Тош ҳовли, Оқ масжид, Саййидбой масжиди каби иншоотлар қурилган.
Оллоқулихон карвон саройи ва тими. Тўғри тўртбурчак шаклида, ҳовли ва икки қаватли хужрали. Карвон сарой ичкарисига икки гумбаз остидан ўтилади. Ҳовлида от - араваларга мол ортиш учун барча қулайликлар бўлган. Гумбазли тим карвон саройдан кейин қурилган.
Оллоқулихон мадрасаси. Хива хони Оллоқулихон томонидан 19 - асрда қурилган. Уни рўпарадаги Хўжамбердибек мадрасасига ўхшатиб ишланган ва шу боис, меъморчиликдаги усуллардан қўш мадраса бунёд бўлган. Мадраса сунъий тепаликда қурилган. Ҳовлисидаги икки қаватли хужралар сони 99 та.
Тошҳовли. Оллоқулихон томонидан 19 - асрда қурилган. Аввал ҳарам, кейин меҳмонхона, арзхоналар бунёд бўлган. Деворлари кошинли, ганч, ёғоч, тош ўймакорлиги мужассам 163 хонали. Унда хон оиласи яшаган, идоралар жойлашган, элчилар, арз билан келганлар кутиб олинган.
Оқ масжид. Уч тарафи айвонли. Ясси том устидаги гумбаз оппоқ бўлиб кўрингани учун шу ном билан аталади. Панжаралар ва эшиклардаги нақшлардан ташқари безаклари кўп эмас.
Матниёз Девонбеги мадрасаси. Ота дарвоза яқинида 19 - асрда қурилган мазкур ёдгорлик бир қаватли. Тўғри тўртбурчак шаклида. Дарсхона, масжид, хужралари бор.
Саййид Шоликорбой мажмуи. Савдогар Саййид Шоликорбой " Ичан қалъа" шарқий дарвозаси бўлмиш Полвон дарвоза ташқарисида 19 - асрда қурдирган. Мажмуа масжид, мадраса, айвон, минорадан ташкил топган.
Шунингдек, Хивада Қутлуғ Мурод Иноқ, Мусотўра мадрасалари, Полвон қори, Шайх Қаландар бобо, Абдал бобо каби миноралар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |