ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ
ТУРИЗМ АСОСЛАРИ
(Ўқув қўлланма)
Тошкент - 2006
Маcъул муҳаррир: проф. А. М. Абдувоҳидов
Тақризчилар:
1. проф. А .К. Алиев
2. проф. А. Т. Каримов
Тузувчилар:
доц. М. А. Мирзаев., доц. М. Т. Алиева
Туризм асослари: Ўқув қўлланма. -Т.: ТДИУ, 2006.
Кириш
Мустақиллик иқтисодиёт таълими тизимини мисли кўрилмаган даражада модернизациялаштириб юборди. Янги -янги йўналишлар ва ихтисосликлар замон талабига мослаштирилмокда. Туризм фаолиятини ташкил этувчи мутахассислар шулар жумласидандир. Бўлажак кадрлар эса соҳани мукаммал эгаллашлари учун муҳим адабиётлар билан таъминланмоқдалар. Хусусан, "Туризм асослари" фани фикримизнинг далили бўлиб, у Ўзбекистонда ҳали ўрганилмаган, янги ва келажаги порлоқ фанлардан бири ҳисобланади. Уни бакалавриатнинг дастлабки босқич ўқув дастурларига киритилиши ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Студентлар бошқа ижтимоий фанлар билан бир қаторда мутахассислик фани сифатида "Туризм асослари"ни илк курсларданоқ ўргана бошлайдилар.
"Туризм асослари" ўқув қўлланмасида республикамизда ушбу соҳага бўлаётган эътиборнинг ортаётганлиги, туризм фаолиятининг иқтисодиёт тизимидаги аҳамияти муҳимлиги далиллар асосида кўрсатиб ўтилди. Қўлланмани тайёрлаш жараёнида амалий иш фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлардан фойдаланилиб, туризмга оид турли меъёрий - ҳуқуқий ҳужжатлар жамланди, атамалар шарҳланди. Хусусан, республикамиз ҳукуматининг туризм соҳасидаги қатор ҳужжатлари таҳлил этилди, тарихий - маданий ёдгорликлар ва туризм тарихи, туризм мақсадлари, ташкилий шакллари ва асосий категориялари, турлари, инфратузилмаси, турист тушунчаси, туристик хизматлар, маҳсулотлар ва товарлар, туристик индустрия, туристик ресурслар ўрганилди.
"Туризм асослари" фанини бошланғич курсларда машғулот олиб борилишига асосий сабаб шуки, у ўрта мактаб таълими дастурларига яқин туради. Фанни тайёрлаш жараёнида мураккаб мавзулар ва ўта қийин тушунчалар берилишидан четга чиқилган. Шунингдек, у мактаб ўқув дастурларидаги тарих, география ва бошқа фанлар билан узвий алоқададир.
Маълумки, туризм сохасини халқаро миқёсда кўриб чиқадиган бўлсак, у дунёнинг турли минтақалари ва мамлакатларида турлича ривожланмоқда ҳамда ўша давлатларнинг иқтисодиётига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Шу боис, "Туризм асослари" фанини ёритиш жараёнида мазкур мамлакатлардаги туризм фаолияти имкони қадар ўрганилди, ижобий жиҳатлари ва салбий томонларини очиб берилишига ҳаракат қилинди, республикамизда келажакда туризм сохасида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида фикр билдирилди.
"Туризм асослари'' ўқув қўлланмасини ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассислари томонидан ихтисосликка оид яратилган адабиётлар ўрганилди, таҳлил этилди ҳамда керакли ўринларда уларнинг таржима матнларидан тўлиқ фойдаланиб, республикамиз шароитига мослаштирилди.
"Туризм асослари" мутахассислик фанлари ичида ўз ўрнига эга бўлиб, унинг мавзулари кейинги курсларда таълим бериладиган туризм йўналишидаги фанларнинг ўзагини ташкил этади.
Энг муҳими - ўзига хос, мутахассислар анча йиллардан буён орзиқиб кутаётган, туризм таълими сохасида янги ихтисослик адабиёти ўзбек тилида юзага келди. Бу ишнинг дебочасидир. Ҳар бир ижод намунасида муаллиф эътиборидан четда қоладиган айрим камчиликлар бўлиши табиий. Ушбу ўқув қўлланма ҳам ундан мустасно эмас. Келажакда сохамизнинг илмий тадқиқотчилари мазкур қўлланмадан унумли фойдаланадилар ва уни янги маълумотлар билан бойитадилар, - деган умиддамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |