1 - модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш, шунингдек, туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
2 - модда. Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг туризм тўғрисидаги Қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3 - модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
- туризм - жисмоний шахснинг доимий истиқомат жойидан соғломлаштириш, маърифий, касбий - амалий ёки бошқа мақсадларда борилган жойда (мамлакатда) ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланмаган ҳолда узоғи билан бир йил муддатга жўнаб кетиши (саёҳат қилиши);
- турист - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ёки бошқа мамлакатга саёҳат қилувчи (доимий истиқомат жойидан туризм мақсадида жўнаб кетган) жисмоний шахс;
- туристик фаолият - ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ саёҳатларни ва улар билан боғлиқ хизматларни ташкил этиш борасидаги фаолият;
- экскурсия фаолияти - туристик фаолиятнинг тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар ва бошқа объектлар билан таништириш мақсадида олдиндан тузилган йўналишлар бўйича экскурсия етакчиси ҳамроҳлигидаги 24 соатдан ошмайдиган экскурсияларни ташкил этишга доир қисми;
- туристик ресурслар - тегишли ҳудуднинг табиий - иқлим, соғломлаштириш, тарихий - маданий, маърифий ва ижтимоий - маиший объектлари мажмуи;
- туристик фаолият субъектлари - белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва туристик хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар;
- туристик индустрия - туристик фаолиятнинг туристларга хизмат кўрсатишни таьминловчи турли субьектлари (меҳмонхоналар, туристик комплекслар, кемпинглар, мотеллар, пансионатлар, умумий овқатланиш, транспорт кор-хоналари, маданият, спорт муассасалари ва бошқалар) мажмуи;
- тур - муайян йўналиш бўйича туристик хизматлар мажмуи (жой бандлаш, жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, рекреация, экскурсия хизматлари ва бошқа хизматлар) билан таъминланган аниқ муддатлардаги туристик саёҳат;
- туристик хизматлар - туристик фаолият субъектларининг жойлаш-тириш, овқатлантириш, транспорт, ахборот-реклама хизматлари кўрсатиш борасидаги, шунингдек, туристларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бошқа хизматлар;
- туристик гуруҳ раҳбари - туристик фаолият субъектларининг вакили бўлган ва унинг номидан иш кўриб, туристларга хизмат кўрсатиш шартномаси шартларининг бажарилишини таъминловчи жисмоний шахс;
- гид (экскурсия етакчиси) - тур қатнашчиларига туристик хизматлар кўрсатиш шартномаси доирасида экскурсия -ахборот, ташкилий йўсиндаги хизматлар ва малакали ёрдам кўрсатувчи жисмоний шахс;
- туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия - туристик фаолиятни амалга оширишга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи махсус рухсатнома;
- сертификат - туристик хизматлар сифатини ва уларнинг муайян стандартга ёки бошқа норматив ҳужжатга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Do'stlaringiz bilan baham: |