17 - модда. Туристик фаолият субъектининг мажбуриятлари.
Туристик фаолият субъекти:
туристларга шартномада шартлашилган хизматларни кўрсатиши;
туристик хизматлар кўрсатилмаган ёки тўла ҳажмда ёхуд лозим даражада сифатли кўрсатилмаган тақдирда туристларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;
туристларга турни ташкил қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида тўлиқ ахборот бериши;
туристик ресурслар, кўрсатиладиган объектларнинг (тарихий - архитектура ёдгорликлари, табиат объектлари ва бошқаларнинг) сақланишига кўмаклашиши;
туристларнинг борилган жой (мамлакат) қонун ҳужжатларига риоя этишлари устидан назоратни амалга ошириши шарт.
Туристик фаолият субъекти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлади.
18 - модда. Туристларнинг хавфсизлиги кафолати
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристларнинг хавфсизлиги давлат томонидан кафолатланади.
Туризм соҳасидаги Ваколатли давлат органи манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда туристларнинг ҳимоя қилинишини ҳамда хавфсизлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини ташкил этади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари туризм соҳасида барча туристик йўналишлар бўйича туристларнинг ҳимоя қилинишини ва хавфсизлигини таъминлаш минтақавий дастурларини ишлаб чиқадилар ва уларнинг бажарилишини ташкил этадилар.
Туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар жарохатланганда, касалланганда ва бошқа ҳолларда тиббий ва ўзга хил ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ чора - тадбирлар ишлаб чиқадилар.
19 - модда. Туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш чора - тадбирлари
Туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:
туристларнинг сафарда хавф - хатардан ҳоли бўлишлари учун шарт - шароитни, сафар, сайр, экскурсия йўллари, мусобақалар ўтказиладиган жойларнинг ободлигини таъминлашлари;
туристларга жарохатланиш ва бахтсиз ҳодисалардан сақланиш ҳамда уларнинг олдини олиш усулларини ўргатишлари, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан йўл - йўриқ беришлари, шунингдек, белгиланган йўналишнинг хусусияти ва туристларнинг хатти - ҳаракатига боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган хавф манбалари ҳақида уларни ўзини хабардор қилишлари;
туристларнинг саёҳатлар, сафарлар, мусобақалар, бошқа туристик тадбирларга тайёргарлиги устидан назоратни амалга оширишлари;
фалокатга учраган туристларга тезкор ёрдам кўрсатишлари;
автомобиль, тоғ, чанғи, велосипед, сув, мотоцикл, пиёда сафар, ғор туризми ва туризмнинг бошқа махсус турларини ташкил этиш ва ўтказишда хавфсизликнинг алоҳида талабларини ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари шарт.
Туристик саёҳатларни туристлар ҳаракатланишининг фаол шаклларидан фойдаланган ҳолда ташкил этишга ихтисослашган туристик фаолият субъектлари туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, экстремал вазиятларда уларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида хизмат кўрсатишни кўзлаб қидирув - қутқарув хизматлари билан шартномалар тузадилар. Қидирув - қутқарув хизматлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |