9.4. ИЭС Циклидан зарарли аралашмаларни чиқариш
усуллари
ИЭС даги буғ генераторлар ва турбиналарнинг ишлаш ишончлилигини ва тежамлилигини кўтариш учун, иш қувуридаги зарарли аралашмалар миқдорини камайтириш лозим. Ҳар-хил энергия жихозларидан зарарли моддаларни чиқариш учун қуйидаги усуллардан фойдаланилади.
Кимёвий тозалаш. Энергетик блокнинг буғ ҳосил қилиш ва қиздириш юзаларида ички чўкиндилар пайдо бўлиши эҳтимоли бор жойларни кимёвий реагентли эритмалар билан ювилади. Реагентлар қувурлар ичидаги қатламларни емиради (эритади).
Кимёвий тозалашлар ишга туширишдан олдинги ва ишлатиш давридаги тозалашларга бўлинади. Ишга туширишдан олдинги тозалаш жараёнида монтаж ёки таъмирлаш натижасида қолган механик ифлосликлар ва қувурларнинг ички юзаларидаги коррозия қатлами тозаланади. Асосан буғ генераторининг сув-буғ йўналиши шу усулда тозаланади. Ишлатиш даврида ҳосил бўлган ички қатламларни кимёвий тозалаш учун буғ генератори 2-3 кунга тўхтатилади.
Пуфлаш - катта концентрацияли аралашмаларни катта миқдордаги сув билан ишлаб турган буғ генератордан ўзгармас миқдорда чиқариш жараёни.
Турбина конденсатини тозалаш - буғ конденсатидаги (турбинадан чиққан) эриган ва муаллақ ҳолатдаги ифлос моддалардан узлуксиз тозалаш йўли. Бу усул тўғри оқимли қозонларда ишлатилади ва ионли алмашув фильтрлар ёрдами билан тузсизлантирадиган блокли қурилмаларда (БОУ) ташкил қилинади.
Термик ҳавосизлантириш (газсизлантириш) - таъминловчи сув йўлидаги металларни, актив коррозияга олиб келувчи газларни (кислород ва карбонат ангидрид) чиқариш жараёни. Таъминловчи сувни газсизлантириш учун деаэраторлар ишлатилади.
Гидразин-аммиакли сув режими - термик хавосизлантириш усулига қўшимча жараён бўлади, чунки деаэраторларда кислород О2 ва карбонат ангидрид СО2 тўла чиқиб кетмайди. Сувда кислород ва карбонат ангидрид Н2СО3 эритмани ҳосил этади. Сувда эриган кислородни гидразин N2Н4 ёрдамида нейтралланган ҳолга келтирилади N2Н4 + О2 —> N2 + 2Н2О.
Сувдаги углекислота Н2СО3, таъминловчи сувга киритилган аммиак NН3 (сув оксид эритма NН4ОН ҳолатда) ёрдамида, аммоний карбонати ҳосил қилинади:
NН4ОН + Н2СО3 —> NН4СО3 + Н2О (9.7)
Бу усул тўғри оқимли ва барабанли қозонларда кенг ишлатилади.
НАЗОРАТ САВОЛЛАРИ
Буғ ва таъминлаш сувининг ифлосланиш манбалари нималардан иборат?
Асосий ифлосланиш таркиби нималардан иборат?
Коррозия маҳсулотларига нималар киради?
Қозон барабанида қандай қурилма бор?
Буғ нима учун ва қандай қилиб ювилади?
Поғонали буғлантириш нима учун ишлатилади?
Бир поғонали буғлантириш чизмасини тушунтириб беринг.
ИЭС циклидан зарарли аралашмаларни чиқариш усуллари қандай?
Do'stlaringiz bilan baham: |