5. Қадимги ҳинд эртак ва масаллари
Эртак. Эртаклар барча халқлар оғзаки ижодига хос қадимий эпик тур жанри бўлиб, ҳар бир халқнинг эртакларида мазкур халқнинг дунёқараши, миллий ҳарактери, ижтимоий муносабатлари, турмуш тарзи маълум даражада ўз ифодасини топади. Жаҳон халқларида бир-бирига ўхшаш эртаклар халқларнинг қадимдан маданий-иқтисодий алоқада бўлиб келганини, тарихий тараққиётнинг маълум қонуният билан ривожланганлигини кўрсатади. Фақат турли халқлар эртакларида эмас, хатто бир халқ эртаклари ўртасида ҳам сюжет ва композицион яқинлик жуда кучли бўлиши мумкин. Бу яқинликни оғзаки ижоднинг ўзига хос хусиятлари - вариантлилик, анонимлик, оғзакилик билан изохлаш мумкин. Халқ эртаклари ўз мазмунига кўра фантастик, сатирик, юмористик, хаётий-маиший ёки мажозий эртакларга бўлинади.
Масал кўпроқ шеърий шаклдаги, мажозий ҳаратердаги қисқа ҳикояча бўлиб унинг масал-эпиграмма, масал-диалог, масал-эртак, масал-новелла, масал-драма каби турлари бор. Масалнинг тарбиявий аҳамияти катта бўлиб одатда турли ҳайвонлар мажозий суратда асарнинг қаҳрамонлари сифатида тасвирланади.
Ҳикоят шаклан масалга яқин турадиган аҳлоқий дидактик якунга эга бўлган кичик ривоят. Масалдаги кўп маъноли баёндан фарқли ўлароқ ҳикоятда доим маълум аҳлоқий-дидактик ғоя мужассамлашган бўлади. Ҳикоятлар одатда бирор асар таркибида муаллифнинг аҳлоқий-фалсафий фикрларини ёрқин ҳаётий мисоллар воситасида ойдинлаштириш мақсадида келтирилади.
Эртак, масал ва ҳикоятлар ўз келиб чиқишига кўра оғзаки ижод билан боғлиқ бўлиб, кейинчалик ёзма адабиётга кириб келганлиги маълум. Ҳар бир эртак ёки масал ўз замонасининг вакили бўлиб, ўша замон одамининг дунёқараши, ҳаётга муносабати, уни қийнаб келаётган, хал қилиниши керак бўлган масалаларини, бунинг учун уларнинг кураши ва орзу-умидларини ўзида акс эттиради.
Эртак, масал ва ҳикоятларнинг бир-биридан фарқи шундан иборатки, агар масал иштирокчилари кўпроқ ҳайвонлар тимсолида гавдаланса, ҳикоятларда аксарият инсонлар ҳақида гап боради. Эртакларда инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам тасвирланиши мумкин. Фақат уларда ҳайвонлар ҳам инсон каби тилга киради.
Қадимги Шарқ адабиёти инсонни яшашга ўргатадиган, олийжаноблик, инсонийлик, яхши хулқларни тарғиб қиладиган қутлуғ билимлар берувчи китобларнинг битмас туганмас хазиналари билан машҳур. Жумладан, ҳинд адабиёти ҳам эртак, масал ва ҳикоятларга бой адабиётдир. Уларнинг шаклланиши узоқ ўтмишдан бошланади. Қадимги ҳинд адабиётида уларнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлган. Бу асарларнинг кўпчилиги бизгача санскрит тилидаги адабиётлар таркибида етиб келган. Ҳинд адабиётида эртак ва масал намуналари қадимги ҳинд эпослари таркибидёқ шаклланишни бошлаган. Жумладан, «Рамаяна» ва «Махабхарата» эпосларида жуда кўп эртак элементлари, масалан, ҳайвонларнинг иштирок этиши, уларнинг инсонлар билан баб-баробар тилга кириб ҳақиқат учун курашишлари ёки бўлмаса турли ғайри-табиий воқеаларнинг кўплиги фантастик эртакларнинг бош элементлари қаторига киради. Умуман олганда, ҳинд мутахассислари фольклор асосида насрий адабиётнинг шаклланиши милоддан аввалги ва милоднинг биринчи асрларига тўғри келади деб таҳмин қиладилар ва бу жараённинг шаклланишида насрий эртак жанрининг ҳиссаси катта деб ҳисоблайдилар.
Айрим эртак ва масалларни ҳисобга олмаганда қадимги ҳинд эртакларининг композицион нуқтаи назардан тўлиқ шаклланиб бўлиши милоднинг биринчи минг йиллигига тўғри келади. Улардан кўпчилигининг сюжет ва мазмунини ведалар ёки эпослар таркибида учратиш мумкин. Масалан, «Ригведа»да диний маросимларда куйлайдиган брахманларни куйловчи қурбақаларга ўхшатиб танқид остига олиниши, ёки бўлмаса «Чхандогья Упанишад»да қурбонлик келтирувчиларни вовуллаётган итлар билан қиёсланиши, буқа ва ўрдакларнинг ўз шогирдларига насиҳат қилиши масал жанрини эслатади. Буюк эпос «Махабхарата»даги қарға ва уккилар жанги ҳақидаги масал-ҳикоя кейинчалик бориб «Панчатантра» таркибига киритилган. Пальма дарахти меваси тагида қолиб оламдан ўтган қарға ҳақидаги масал айниқса ҳинд халқи ўртасида кенг тарқалган. Ўз вақтида буюк грамматист олим Патанжали ҳам шу масални ўз асари таркибига киритган эди. Масал ва эртаклар кўпгина иқтисод ва сиёсат сохасига оид китоблар таркибида ҳам учраб туради. Масалан, иқтисодга оид «Артхашастра» асарида ёки бўлмаса сиёсатга оид «Манушастра» асарларида масал ва эртакларни учратиш мумкин.
Маълумки, эртак ва масаллар одатда қандайдир бир ахлоқ ёки одоб масаласини кўтариб чиқиб китобхонга панд-насиҳат берувчи асарлар тоифасига киради. Худди шунингдек ҳинд эртак ва масаллари ҳам айнан мана шу мақсадга йўналган бўлади. Жайнизм дини тарғиботчиси Харибхадра (VII аср) ҳинд насрий адабиётини гуруҳларга бўлиб чиққан. Бунда у асарларнинг мазмунини, яъни уларнинг дидактик хусусиятини асос қилиб олади. У асосан уч гуруҳни ажратади:
1) Дхармакатха гуруҳи, яъни яхшиликка чақирувчи насиҳатларни ўзида мужассамлаштирган асарлар.
2) Артҳакатха гуруҳи, яъни амалий фойдани кўзлашни ўргатувчи насиҳатлар мужассамлашган асарлар.
3) Камакатха гуруҳи, яъни ишқий мавзуга атаб ёзилган асарлар.
Қадимги ҳинд эртак ва масалларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки уларнинг шаклланишида ташқи таъсир бўлмаган. Улар соф миллий анъана, миллий тил асосида ўз ҳолича шаклланган. Аксинча, ҳинд эртак ва масалларининг жаҳоннинг бошқа миллий адабиётларига кенг таъсирини кузатиш мумкин. Жумладан, машҳур араб масаллар тўплами «Калила ва Димна» аслида ҳинд тупроғида шаклланган «Панчатантра»нинг арабча варианти эканлиги аллақачон исботланган. Ёки бўлмаса мўғул адабиётидаги «Сеҳрли ўлик» эртаги ҳинд адабиётидаги машҳур «Веталанинг 25 хикояси» эртагининг бир варианти эканлиги ҳам аниқланган.
Қадимги ҳинд эртак ва масаллари асосида яратилган асарлар қуйидагилар:
-Панчатантра - Беш китоб (масаллар тўплами).
-Веталопанчовиншати - Веталанинг йигирма беш ҳикояси (эртаклар)
-Хитопадеша - Фойдали маслаҳатлар (эртаклар)
-Жатака - эртак-ҳикоятлар
-Шукасаптати - Тўтиқушнинг етмиш ҳикояси(эртак-қиссалар)
-Синхасанадватриншати - Шоҳ тахти ҳақида ўттиз икки ҳикоя Бхаратакадватриншати - Роҳиблар ҳақида ўттиз икки ҳикоя
-Брихаткатха - «Катта ривоят» ва бошқалар.
Ҳинд эртаклари айрим шеърий киритмаларни ҳисобга олмаганда асосан насрда яратилган. Масаллар эса наср ва назм аралаш ҳолида яратилган. Барча эртак ва масаллар асосан санскрит тилида. Ҳинд эртак ва масалларида ҳам барча халқлар эртак ва масалларидек жамиятнинг турли вакиллари иштирок этадилар, яъни ҳунармандлар, шоҳлар, камбағал халқ вакиллари, деҳқонлар, савдогарлар, судхўрлар, вазирлар, соқчилар ва шунга ўхшаш турли касб ҳунар вакиллари бош тимсол ёки ёрдамчилар сифатида иштирок этадилар.
Маълумки, эртак деганда биз авваламбор ҳаётда мавжуд ёвузлик билан эзгуликнинг, ҳақиқат билан ноҳақликнинг ўзаро кураши ва бу курашда эзгулик ва ҳақиқатнинг ғалабасини таъминловчи кичик сюжетли асарни тушунамиз. Ҳинд халқ эртаклари ҳам худди мана шу бош ғояга бўйсунган ҳолда яратилган. Буни қуйида берилган ҳинд эртак ва масаллари намунасида яққол кўришимиз мумкин.
“Панчатантра” масаллари. «Панчатантра» - «Беш асосий ҳолат» ёки «Беш китоб» деб таржима қилинади. «Панчатантра» асари масал жанрига оид бўлиб, ундаги барча тимсоллар ҳайвонлар қиёфасида берилган. Унда ҳайвонларнинг ўзаро муносабатларини тасвирлаш орқали инсонларнинг ҳаётий муаммолари панд-насиҳат тарзида ёритиб, ҳал қилиб берилади. Тахминларга кўра «Панчатантра» асари милоднинг III-IV асрларида яратилган. Асарнинг муаллифи брахман Вишнушарман ҳисобланади. Санскрит тилида яратилган бу асарнинг илк нусхалари ҳали топилмаган. Лекин унинг кейинги замонларда турли ерларда яратилган турли ҳарактердаги нусхалари мавжуд. Масалан, жанубий Ҳиндистонда жайнизм роҳиблари яратган нусхалар сақланиб қолган. Булар орасида роҳиб Пурнабхадра 1919 йилда барча нусхалар асосида тузган жайн нусхаси энг мукаммал ҳисобланади. Кейинги давр нусхаларидан «Тантракхьяика» номли Кашмир варианти ҳам бор. Бу вариантлар милоднинг биринчи минг йиллигининг иккинчи ярмида яратилган деб тахмин қилинади.
"Панчатантра" VI асрда сурёний тилига таржима қилинган. Шундан сўнг араб ва паҳлавий тилларига ағдарилган. Шу тариқа у тиллардан тилларга, мамлакатлардан мамлакатлар оша, ўзининг узоқ шарафли йўлларини босиб ўтган. Вақт ўтган сари, тиллардан тилларга кўчган сари «Панчатантра» нинг шакли ҳам, мазмуни ҳам ўзгариб, унинг янгидан-янги вариантлари яратилаверган. Ҳар бир таржимон унга ўзидан кўп нарсалар қўшган. Шу тариқа асл нусхалар билан бошқа тилларга турли даврларда қилинган таржималар ўртасида жуда катта фарқлар юзага келган. 1972 йилда рус ҳиндшунос олими А.Сиркин томонидан «Панчатантра» рус тилига ўгирилган. Ўзбек адабиётига бу асар биринчи марта ўзининг арабча варианти «Калила ва Димна» таржимаси сифатида кириб келган. «Панчатантра»нинг ўзи эса И.Ғофуров томонидан 1993 йилда рус тилидан ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирилган.
Ҳинд адабий анъанаси бу асарни «сиёсат дарси китоби» деб ҳам атайди. Бу ҳақда хатто ривоят ҳам мавжуддир. Унга кўра ақлли ва донишманд Вишнушарман аҳмоқ шахзодаларни ҳаёт сабоқларига, сиёсатга, давлатни ва халқни бошкариш сиёсатига ўргатиш мақсадида ушбу масаллар китобини ёзган экан. Бу асар ҳам анъанавий қолиплаш (рамкалаш), яъни ҳикоя ичида ҳикоя тарзида ёзилган.
Асардаги беш қисмнинг, яъни беш китобнинг номланиши қуйидагича:
Биринчи китоб - «Дўстларнинг жудо бўлиши» деб номланади.
Бу қисмда муаллиф асосан шер ва буқанинг дўстлиги ва бу дўстликнинг айёр тулки туфайли бузилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Иккинчи китоб - «Дўстлар орттириш» деб номланган.
Бу китобда қарға, сичқон, тошбақа ва кабутар каби кучсиз ҳайвонларнинг аҳиллик, дўстлик орқали қўлга киритган ютуқлари, душманни қандай қилиб енгганлари ҳикоя қилинади. Муаллиф шу орқали дўстлик кучда эмас, аҳилликда эканлигини кўрсатишни бош мақсад қилиб қўйган.
Учинчи китоб - «Қарғалар ва бойқушлар» деб номланган. Ушбу ҳайвонлар образи орқали урушни қандай олиб бориш ва унинг турли усуллари ҳақида ҳикоя қилинади.
Тўртинчи китоб - «Эришилганни йўқотиш». Ҳикояда асосан дельфиннинг ўз дўсти маймунга қилган сотқинлиги ҳақида сўз боради. Дўстининг ёмон ниятини сезиб қолган маймун жон сақлаб қолиш учун дельфинга турли ҳикоялар сўзлаб беради ва натижада омон қолади.
Бешинчи китоб - «Ахмоқона ишлар». Бу китоб аввалгиларига қараганда композицион қурилиши жиҳатидан анча фарқ қилади. Бунда қолиплаш усули, яъни ҳикоя ичида ҳикоя усули қўлланилган.
«Панчатантра» асари таъсири остида ҳинд адабиётида жуда кўп бошқа асарлар - эртаклар, масал ва ҳикоятлар бунёдга келган. Жумладан, «Хитопадеша», яъни «Ибратли ҳикоятлар». «Панчатантра» таркибидаги ҳикоялар асосида бунёдга келган. Бу асар милоднинг Х-ХШ асрлари орасида яратилган деб тахмин қилинади. «Панчатантра» масаллари на фақат Ҳиндистон ҳудудида балки ундан ташқарида ҳам турли вариантларда ишланган. Унинг довруғи ўз вақтида Эрон ва Араб мамлакатларига ҳам ёйилиб кетган. Ривоятларда айтилишича қадимги Эрон шоҳларидан бири ўзининг вазири Борзуяни Ҳиндистонга мана шу асарни ўғирлаб келиш учун махсус юборган экан ва у бу ишни уддасидан чиқиб, «Панчатантра»нинг бир нусхасини олиб келиб уни форс тилига ўгирган экан. Кейинчалик форс тилидан «Панчатантра» масали «Калила ва Димна» номи билан араб тилига таржима қилинган. Яъни таржималар жараёнида асарнинг на фақат мазмуни ёки тузилиши, балки номи ҳам ўзгариб борган. Таржимонлар асарга эркин ёндошганлар, ўз даврига қараб асарга қўшимчалар киритганлар. «Калила ва Димна»нинг ўзбек тилида бир неча хил таржимаси мавжуд. Кейинги ўн беш йигирма йил мобайнида асар бир неча бор кўп нусхаларда нашр этилди. Асарнинг Суюма Ғаниева ва Иброхим Ғофуров таржималари остидаги нашри китобхонлар ўртасида кенг тарқалган.
«Панчатантра» масалининг ёзилиш тарихига оид қуйидаги ривоят мавжуддир:
Do'stlaringiz bilan baham: |