«Бхаратакадватриншати» («Роҳиблар ҳақида ўттиз икки ҳикоя»). Бу асар «Панчатантра», «Шоҳ тахти ҳақида ўттиз икки ҳикоя» ёки бўлмаса «Тўтининг етмиш ҳикояси» каби асарилардагидек қолиплаш усулида ёзилмаган. Бу асарга қолиплаш усулининг зарурати ҳам бўлмаган. Чунки ҳикоялар бир-бири билан тўқима сюжет орқали боғланиб кетаверган. Бир томондан, ҳикоялар афанди ҳикоялари тарзида бўлиб уларда ахмоқлар устидан кулиш бош мақсад қилиб олинади, лекин танқидга олинганлар жамиятнинг истаган вакили эмас балки айнан роҳиблардир. Лекин бу асардаги роҳиблар образида истаган роҳиб эмас, балки камбағаллар тоифасига кириб қолган роҳиблардир. Уларни ҳинд жамиятидаги шиваитлар «Бхаратака» деб номлайдилар. Асар ҳақида турли тахминлар мавжуд. Улардан бири И.Хертел тахмини бўлиб, унинг фикрича “Бхаратакадватриншати” ҳикоясида жайн дини роҳиблари ҳақида сўз боради. Асар муаллифи жайн дини вакили Мунисундари (1360-1447) деб ҳисобланади128. Асар ҳикояларида жайн роҳибларининг шиваитлар билан ғоявий кураши тасвирланган. Бу албатта таҳминий фикрлардир. Лекин шунга қарамасдан жайнлар орасида кенг тарқалган латифалар бу фикрда қандайдир асос борлигини қисман бўлса-да исботлайди.
Асарнинг услуби жуда оддий, ҳаттоки тили бироз камбағалроқ десак ҳам хато бўлмайди. Ҳар бир ҳикоя бошига киритилган икки мисра шеърни ҳисобга олмаганда шеърий киритмалар деярли йўқ. Асар таркибидаги диалектларнинг (айниқса гужарати диалекти) кўплиги ҳам асарнинг халқ оғзаки ижодидан кўп фойдаланганлигидан дарак беради. Ҳикоялар таркибида саводсиз ва маданиятсиз ўқитувчилар устидан кулиш, ўқитувчилар тилида ишлатиладиган баъзи ибораларнинг кўп қўлланилгани ҳикояларни «мактаб қиссалари» жанрига яқин туришини кўрсатади.
Қуйида асар ҳикояларидан айримлари намуна сифатида келтирилди.
Карликнинг давоси.
Сўз маъносин чақмаган, бажарар чалкаш ишни
Ўғлин урган олимдек бўлар шарманда доим.
Карантака қишлоғида бир қари карқулоқ роҳиб яшар экан. Унинг ўқувчиси устозининг карлигидан қийналар экан ва унга даво изламоқчи бўлибди. Бир куни у бир табиб уйига дори сўраб келибди. У ерда эса табиб шу куни биринчи марта саккиз ёшлик ўғлини мактабга жўнатаётган экан. Отаси унга ғазаб билан қичқирса ҳам ўғли қулоқ солмаётган экан.
Шунда отаси дебди: «Эй, нима эшитмаяпсанми?»
У ҳеч жавоб бермабди. Шунда ғазабдан отаси болани устунга боғлаб қўйиб роса урибди. Калтакдан жони оғриган бола: «Отажон, эшитаяпман, эшитаяпман» деб жавоб берибди.
Эшик ортида турган роҳиб буларнинг ҳаммасини кўриб туриб ўзига ҳулоса қилибди: «Карликдан қутулишнинг давоси шу экан-да. Мен ҳам устозимни шундай қилиб даволайман». Ўқувчи уйига келиб худди шундай қилибди.
Шунда одамлар куч билан устозни ўқувчининг қўлидан тортиб олиб дебдилар: «Эй, номаъкул, нега ожиз устозингни калтаклайсан?»
Шунда у дебди: «Эй, аҳмоқлар. Сиз нимани ҳам тушунар эдингиз? Мен ўз устозим қулоғининг карини тузатаяпман. Сизларнинг нима ишингиз бор?».
Одамлар сўрабдилар: «Ким сенга бундай давони ўргатди?»
Ўқувчи жавоб қайтарибди: «Мен бугун бир табиб уйига борган эдим, у ерда табиб ўзининг кар ўғлини шундай қилиб тузатаётганини кўрдим. Бола кўз олдимда тузалди. Шу ерда одамлар болани роса койиб ҳайдаб юборибдилар.
Ақлли одам бундай ишни ҳеч қачон қилмайди. Бу ўн тўртинчи ҳикоя эди.
Хулоса қилиб айтганда, қадимий Ҳиндистон адабиёти жаҳон тамаддунининг энг қадимий маънавий ўчоқларидан бири бўлиб, у даврдан бугунги кунгача жуда катта, жаҳон миёсида танилган ва тан олинган, ўша давр халқининг дунёқараши, муаммолари, яшаш тарзи, эътиқоди, урф-одатлари ва расм-русумлари, миллий адабиёт ва миллий қадриятларининг шаклланиш асослари ҳақида жуда бой маълумотлар беради. Қадимий ҳинд адабий меросини юқорида ўрганилган манбалар асосида беш катта гурухга - ведалар, эпослар, будддизм ва жайнизм ёдгорликлари, эртак ва масал кабиларга ажратиш мумкин. Бугунги кун Ҳиндистон халқлари адабиёти замирида айнан ўша қадимий Ҳиндистонда яратилган адабий мерос, айримлари тўлиқ, айримлари эса қисман, ҳанузгача ўз аксини топиб келмоқда.
ХУЛОСА
Қадим Шарқ халқлари адабиётига бағишланган ўзбек тилида ёзилган илк тадқиқотни якунлар эканмиз, баъзи ҳолатларни яна бир бор таъкидлаб ўтишни истар эдик. Бу давр адабиётини Ўзбекистонда ўрганиш энди бошланмоқда. Мавжуд адабиётларда кимлар қайси даврларда ва қайси ўлкаларда ёзганлиги ва мавзуга қайси принципларга биноан ёндошувига қараб турлича талқинлар кўзга ташланади. Биз ҳам масалага ўз қарашимизни ишлаб чиқишга уриндик. Бунга қанчалик эриша олдик ва натижалар қай даражада ишонарли чиқди – китобни ўқиганлар баҳо берар деб ўйлаймиз. Албатта, китобдаги турли бобларнинг муаллифлари ҳам ўз қарашлари ва ёндошувларига эга. Бундан ташқари турли минтақаларда адабий жараёнлар ўзига хос жиҳатларга эга бўлганлиги ҳам маълум ва китобда бу ҳолат ҳам ўз аксини топган129.
Шунга қарамай бир умумийлик бу даврдаги барча минтақа адабиётларида кўзга яққол ташландики, у ҳам бўлса асотир тафаккур даврининг ўзига хос таъсири. Милодий эрадан аввалги III-II мингйилликлар орасида яратилган қадим Шумер адабиётидан тортиб, то милодий IX асргача чўзилиб келган қадим ва ўрта эроний тилларда яратилган асарларгача ушбу асотир тафаккурнинг адабиётга таъсири очиқ сезилиб турипти. Албатта, бу таъсир қадим юнон ва лотин тилларида яратилган Европа антик адабиётида ҳам, Ҳиндистон тупроғида яратилган Ашвагхоша, Бхаса, Шудраки, Калидасаларнинг мумтоз достон ва драмаларида ҳам, қадим Хитой мумтоз шеърияти ва насрида ҳам йўқ эмас. Аммо биз иккинчи чегарага ҳам риоя қилишга қасд қилдик – муаллифи аниқ мумтоз бадиий адабиётни ушбу тадқиқот қамровидан ташқарида қолдирдик. Улар ҳар бир халқ, минтақа ёки тилдаги адабиётга бағишланган алоҳида тадқиқотларда ўз аксини топгани маъқул кўринди.
Do'stlaringiz bilan baham: |