Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат шарқшунослик институти



Download 0,53 Mb.
bet8/69
Sana24.02.2022
Hajmi0,53 Mb.
#241401
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   69
Bog'liq
2 5229012504083958577

ШИМОЛИЙ АФРИКА
ВА ЯҚИН ШАРҚ МИНТАҚАСИДА
ЭНГ ҚАДИМГИ АДАБИЁТ


  1. Шумер адабиёти.


Америкалик олим Семюэл (Симха) Ной Крамер 1959 йилда дастлаб инглиз тилида босилиб чиккан китобини "History begins at Sumer" яъни "Тарих Шумердан бошланади" деб атаган. Бу китоб жаҳон тарихида шу бугунгача маълум булган энг қадимги ёзма адабиётни яратган Сумер (Шумер) халқи ҳақида бўлиб, бу халқ милодий эрадан илгариги IV мингйиллик бошларида Дажла ва Фурот дарёлари оралиғида (Европа анънасида «Месопотамия» — тахминан ҳозирги Ироқ давлати ҳудудида) пайдо бўлган. Икки дарё оралиғи ўлкасида шумерлар келиб жойлашиши олдидан жуда катта сув тошқини —тўфон юз бериб сув қуруқлик устида 8 метргача кўтарилганлиги ва натижада маҳаллий аҳоли ва иморатлар аввал сув тагида, сув қайтгач, уч метрли лойқа остида қолиб кетганлиги ўша давр ривоятларида акс этган бўлиб, кейинча қадимшуносларнинг тадқиқотлари орқали ўз тасдиғини топган. Шундай қилиб, шумерлар келиб жойлашгунча бу ўлкада яшаган халқлар тўфон пайтида ҳалок бўлишган. Уч метрли лойқа остидан топилган тўфондан илгари яшаб ўтган халқлар маданиятидан бизгача етиб келган осори атиқалар Эл-Убайд тепалиги остидан топилгани учун Убайд маданияти деб номланади. Бу даврда яшаган халқлар тўқувчилик ва кулолчиликдан хабардор бўлишган, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишган. Асосан тош қуроллардан фойдаланишган, аҳён — аҳёнда мисдан ясалган буюмларни ҳам ишлатишган. Улар арпа ва буғдой экишган, қўй —эчки, қорамол боқишган. Эшак кучидан фойдаланишган. Улар кўпроқ қамишдан ясалган енгил чайлаларда истиқомат қилишган. Қадим Шумер ривоятларида «тўфондан олдин» мавжуд бўлган беш шаҳар номи тилга олинади. Булар — Эредуг (Эриду), Шуруппак, Сиппар, Бадтибира ва Лараг (Лагаш?) шаҳарлари бўлиб, Эредугда тўфондан олдинги маданий қатлам мавжуд бўлганлигини қадимшунослар аниқлашган. Ушбу 5 шаҳар ҳақидаги маълумот тўфон ҳақидаги қадим Шумер ривоят-достонида келтирилган бўлиб, балки улар том маънодаги «шаҳар—давлат» бўлмагандир. Ҳар ҳолда қадим Шумер шаҳар маданияти шаклланмасдан олдин ҳам Икки дарё оралиғида муайян маданий қатлам яратилганлиги бор ҳақиқат.


Шумерлар(сумерлар)нинг бу юртга қаердан келиб қолганликлари фанда ҳануз баҳсли. Баъзи олимлар уларни ҳозирги Ўрта Осиё тарафдан борган дейишади. Дарҳақиқат, милодий эрадан 10—12 минг йиллар илгари Амударёнинг бир қисми Каспий денгизига қуйилган пайтларда (ҳозирги Ўзбой ўзани) ушбу дарёнинг тўқайзор қирғоқларида овчилик ва йиғувчилик билан шуғулланувчи илк инсонлар жамоаси яшаган. Қадимшунослар минтақамиздаги ушбу энг қадимги инсонлар жамоасидан сақланиб қолган осори атиқаларни Жабал маданияти деб аташади. Милодий эрадан илгариги VI мингйилликлар бошида улардан бир қисми Копетдоғ этакларидаги дарёчалар ёйилиб оқувчи жойларга келиб ўрнашган ва буерда олимлар кейинчалик Жайтун маданияти деб ном берган ўтроқ деҳқончилик маданиятига асос сола бошлаган. Ўрта Осиё ҳудудидаги ҳозиргача фанга маълум бўлган дастлабки ўтроқ деҳқончилик маданиятига асос солган бу халқ милоддан аввалги VI мингйилликда ҳали фақат тош асбоблардан фойдаланган бўлса, V мингйилликка келиб ушбу ўлкада мис буюмлар ҳам пайдо бўлганлиги аниқланган. IV мингйиллик охири — III мингйиллик бошланишига келиб бу ўлкада ҳозирги Намозгоҳтепа, Олтинтепа каби жойлар ўрнида илк шаҳарлар пайдо бўлди, металлургия, кулолчилик кенг ривожланди, Геоксюр водийсида дастлабки ҳовуз ва ариқлар - сунъий суғориш иншоотлари вужудга келди. Аста-секин шаҳар ва қишлоқ орасида фарқ пайдо бўлди, ҳунармандлар бозор учун маҳсулот ишлаб чиқувчи алоҳида тоифага айландилар, шаҳар зодагонлар тоифаси шакллана бошлади, катта ибодатхоналар қурилди, шаҳарларни қўрғон билан ўраб олиш расм бўлди. V—IV мингйилликлардан чорвадор кўчманчи қабилалар ерга ишлов берувчи деҳқонлардан ажралиб чиқиб мустақил ҳаёт кечира бошлаганлар. Аммо ҳали от ва туя қўлга ўргатилган эмас эди.
Шундай қилиб, инсоният ибтидоий жамоа тузумидан илк шаҳар маданиятига ўта бошлади. Милоддан илгариги уч мингинчи йилларнинг ибтидосида Олтинтепа ўрнидаги шаҳарда 5 мингдан ортиқ аҳоли яшар зди ва бу шаҳар 46 гектардан ошиқ ҳудудга жойлашган эди. Намозгоҳда эса ушбу даврда 70 гектар ерни эгаллаган катта шаҳар мавжуд бўлган. Бу ерда тилла суви юргизилган тақинчоқлар, жун газламалар ишлаб чиқила бошлаган. Илк тақвим вужудга келган. Ҳатто ёзув белгилари ҳам пайдо бўлиши кузатилади.
Ушбу маданият билан шумерлар маданияти орасида кўпгина боғлиқликлар мавжудлиги қатор олимлар диққатини тортган. Шу боис фанда IV мингйиллик ўрталарида муайян сабаблар билан бу халқнинг бир қисми Икки дарё оралиғи тарафга кетган бўлиши эҳтимол деган фаразлар туғилган. Шумер тилининг қадим туркий тилларга қардош бўлганлиги ҳақида ҳам мулоҳазалар олға сурилиб, дастлабки тадқиқотлар олиб борилган. Ҳар ҳолда шумер тили морфологик тизимига кўра туркий тиллар билан бир гуруҳга — агглютинатив тил гуруҳига кириши аниқ исбот этилган. Ҳолбуки, ўша даврларда Арабистон ярим оролида ва Икки дарё оралиғи ўлкасига шарқдан қўшни бўлган ҳозирги Эрон ҳудудида флектив тиллар гуруҳига мансуб бўлган сомий ва эроний тилларда гаплашувчи халқлар истиқомат қилган ва бу муҳитга шумер халқи тил жиҳатидан буткул бегона бўлган. Умуман пгумер тилининг ўша яқин-атрофдаги бирор қабила тили билан умумийлиги аниқланмаган.
Яна бир гуруҳ олимлар орасида шумер халқи Баҳрайн ороллари (ўша даврдаги номи — Дилмун ёки Тилмун) орқали Ҳиндустон тарафдан келиб қолган деган қарашлар ҳам мавжуд. Шундай бўлган тақдирда ҳам улар Ҳиндустонга анча кейин — милоддан аввалги II мингйиллик ўрталарида — кириб борган орий қабилаларига эмас, бу ўлканинг қадим аҳолиси бўлмиш дравидларга қардош эканликларини тахмин қилиш керак бўлади29. Дравид тиллари ҳам шумер тили сингари агглютинатив тиллар гуруҳига мансубдир. Шу ўринда тилшуносликда 60—70 йиллар оралиғида олға сурилган бир назарияни эсга олиб ўтиш ўринли бўлади. Собиқ шўролар даврида ёш вафот этиб кетган истеъдодли олим В.М.Ильич-Свитич—европа, олтой (яъни, турк—мўғул), ўрол (яъни, угро —фин), дравид, картвел (яъни, кавказ), хомий-сомий (яна бир номи «афросиё») тил оилаларининг ўзаро қардошлигини исботловчи дастлабки луғавий—этимологик маълумотларни эълон қилиб, ушбу умумий асосни илмий ифодаловчи «ностратик тиллар» тушунчасини фанга киритган эди30. Ушбу қизиқарли ғояни рад қилмаган ҳолда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, ушбу умумий асосда икки тарихий қатламни фарқ қилиш зарур. Уларнинг биринчиси — қадимийроғи — агглютинатив тиллар қатлами бўлиб, унга ҳозирча фанга маълум тил оилаларидан, олтой (яъни, турк —мўғул), ўрол (яъни, угро — фин) ва дравид тил оилаларини киритиш мумкин. Шумер тили ҳам шу қатламга алоқадор бўлиб чиқади. Бу қатламга кирувчи тил эгалари бўлмиш дравид халқлари ва шумер халқи дунёдаги энг қадимги шаҳар маданиятларига асос солган инсон жамоаларидан эканлиги бутунги кунда тарихан мукаммал далилланган. Иккинчи қатлам — нисбатан ёшроқ бўлиб — флектив тил гуруҳига кирувчи ҳинд-европа ва хомий-сомий тилларини ўз ичига олади. Нега бу гуруҳ тилларини ёшроқ дейиш маъқул? Чунки инсон тили маълум босқичгача унинг тафаккури билан бирга ривожланади, аммо инсон тафаккур такомилининг муайян босқичида тил ва тафаккурнинг уйғун ривожи барҳам топади. Бу ҳодиса муайян маданий муҳит таъсирида муайян инсонлар жамоаси ўзини тил жиҳатидан англаб етган, бошқача қилиб айтганда, элат ўз тилига онгли муносабатда бўла бошлаган даврда юз беради. Худди шу даврдан бошлаб тил морфологик тизим сифатида турғун ҳолат касб этади. Агар шу даврда тил ўз морфологик шаклланиш ривожида агглютинатив тизим даражасига эришган бўлса, шу даражани охиригача турғун сақлаб қолади, агар тилнинг табиий морфологик ривожи флектив тизим даражасигача кўтарилиб улгурган бўлса унда флектив тиллар гуруҳига мансуб бўлиб қолади. Ҳинд—европа ва сомий тилларининг табиий ривожи узоқроқ давом этишини маълум даражада таъминлаган омил ушбу тил оилаларига мансуб халқларнинг балки кўчманчи чорвадор жамоалари ҳолатида узоқроқ муддат бўлиб, ўтроқлик ҳолатига кечроқ ўтганлиги бўлиши ҳам мумкин. Ҳарҳолда ушбу йўналишда қўшимча тадқиқотлар олиб борилса, муаммолар ечимига янада яқинлашиб бориш, балки ўта муҳим ва қизиқарли натижалар олиш мумкин бўлар.
Шундай қилиб, шумер халқи милодий эрадан аввалги IV мингйиллик ўрталарида Икки дарё оралиғига кириб келди ва бу ерда дунёда биринчилардан бўлиб шаҳарлар қура бошлади. Шумерлардан олдин нафақат Яқин Шарқ минтақасида, балки бутун ер юзида мукаммал даражада ривожланган шаҳар маданияти мавжуд бўлганлиги ҳанузгача жаҳон илмига маълум эмас.
Илк шаҳарлар биринчи навбатда Фурот дарёсининг қуйи оқими қирғоқларида шакллана бошлаган. Милодий эрадан аввалги IV мингйиллик ўрталарида Икки дарё оралиғининг қуйи қисмида қатор шаҳар-давлатлар пайдо бўлади. Киш, Лагаш (бош шаҳри — Нгирсу), Ларса, Ур, Урук, Умма, Шуруппак, Ниппур, Эриду, кейинчалик, Аккад, Иссин, Бобил каби шаҳар-давлатлар, Адаб, Сиппар, Эшнуна, Бад-Тибира каби шаҳарлар ҳақида бизгача ёзма манбалар орқали маълумотлар етиб келган. III мингйиллик бошларида Икки дарё оралиғи жанубида 20 дан ортиқ шаҳар—давлатлар мавжуд бўлганлиги маълум31. Улар тепаликларда қурилган бўлиб, девор билан ўралган бўлган.
Бобил коҳинлари кейинчалик Икки дарё оралиғи тарихини «тўфонгача» ва «тўфондан кейинги» деб икки даврга ажратдилар. Милоддан олдинги III асрда яшаган бобиллик тарихчи Берос тўфондан олдин яшаган ҳукмдорлар силсиласини 432 минг йил ҳукм сурган 10 сулола билан белгилайди. Милоддан илгариги II мингйилликда Иссин ва Ларсада тузилган сулолалар рўйхати ҳам шунга яқин маълумотлар беради.
Шумерлар яратган илк шаҳар маданияти мукаммаллик касб этишининг энг муҳим сабабларидан бири, улар жаҳонда биринчилардан бўлиб, ўз мустақил ёзувларини ихтиро қилганликларидир. Ҳозирги Ироқ ҳудудидаги Жамдат-Наср тепалигидан (қадим Кеш шаҳри яқинидан) топилган осори атиқалар гувоҳлик беришича, IV минг йилликнинг охирларидаёқ бу ўлкада пиктографик (чизма-расм асосидаги) ёзув шакллана бошлаган. Сақланиб қолган ҳужжатлар 2600 йилда Лагашда давлат адиблари мавжуд бўлганлигидан хабар беради. Шумерлар лой лавҳларга (тахтачаларга) учи ўткир қилиб қирқилган қамиш қалам билан ёзишган ва зарур ўринларда ушбу лавҳлар хумдонда пишириб сополга айлантирилган.
Милоддан аввалги III мингйиллик охири — II мингйиллик бошларига келиб, Шумер шаҳар—давлатларида хусусий мактаблар тармоғи борган сари кенг тармоқ отиб борган. Улар шумер тилида «эдубба» («лой тахтачалар уйи») деб аталар, ундаги ўқув ишларини бошқарувчилар эса «мактаб оталари» деб улуғланардилар. Ўқувчилар «мактаб болалари» аталган. Ўқитувчининг халфаларини «катта оғалар» деб номлашган. Ўқувчиларнинг уй вазифаларини текшириш, улар учун ҳуснихат намуналари тайёрлаш, ўқувчиларга ўтилган дарсларни такрорлатиш шу халфаларнинг зиммасида бўлган. Алоҳида расм ўқитувчиси, шумер тили ўқитувчиси, интизомни назорат қилувчи («хипчиндор») вазифалари турли матнларда тилга олинади.
Милоддан аввалги 2000 йилга бориб, Шумер тилидаги матнларда 500га яқин котиб — мирзолар номи учрайди. Бу даврга келиб улар жамиятда, айтиш мумкинки, алоҳида ижтимоий тоифани ташкил этган эдилар. Ушбу мирзолар одатда аҳолининг ўрта ва юқори табақасига мансуб оилалардан — шаҳар оқсоқоллари, элчилар, ибодатхона бошқарувчилари, саркардалар, кема дарғалари, юқори табақа солиқ йиғувчи давлат амалдорлари, коҳинлар, иш бошқарувчилар ва давлат мулки назоратчилари, давлат ҳужжатларини сақловчилар, давлат ҳисобчиларининг болаларидан етишиб чиқарди.
XIX аср охирлари — XX аср биринчи ярмида Европа, АҚШ ва араб олимлари томонидан Фурот ва Дажла дарёларининг қуйи ва ўрта оқимлари бўйларида сақланиб қолган қадимги шаҳарларнинг харобалари ўрганила бошланди. Олиб борилган археологик изланишлар натижасида бошқа қадим ашёлар (осори атиқалар) билан бир қаторда милодий эрадан олдинги IV минг йиллик охири (III Урук археологик қатлами)дан бошлаб, то милоддан олдинги I мингйиллик ўрталаригача шумер ёзувида битилган бир неча юз минг лой ва сопол лавҳлар топилди32.
Улардан машҳурлари сифатида Жамдат-Насрдан топилган пиктографик ёзув намуналари, Ниппур шаҳри яқинидаги Абу-Салабиҳ, Шуруппак шаҳри яқинидаги Фара осори атиқа манбаларидан топилган милоддан аввалги 27-26 асрларга оид жуда бой «сопол кутубхоналар»ни, III мингйиллик охири —II мингйиллик бошларига оид (эски Бобил даври) Ниппурдаги мактаб кутубхонасидан топилган матнларни (деярли барча асотир—матнлар айни шу манба таркибида) эслаб ўтиш мумкин. Бундан ташқари Киш, Адаб, Умма, Телло (Лагаш), Иссин, Ур, Сиппар, Эриду каби қадим шаҳарлар харобаларидан ҳам турли ашёларга ёзилган кўплаб матнлар топилган. Агар биринчи босқичда кўпроқ милоддан аввалги III мингйиллик охири — II мингйиллик бошларида кўчирилган нусхалар қўлга киритилган бўлса, кейинроқ, XX аср ўрталарига келиб, қадимшунослар милоддан аввалги 26 — 25 асрларда битилган матнларни ҳам кўплаб топишга муваффақ бўлдилар33.
Топилган ёдгорликлар мажмуи ичида бирнеча йирик сопол кутубхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзиларида асарлар рўйхати тузилган библиографияга оид алоҳида лавҳ —«каталог»лар ҳам борлиги аниқланган. Айтиб ўтиш керакки, бу топилган бойликнинг анчагина қисми ҳануз илмий истеъмолга киритилган эмас. Ўрганилганлари ичида ҳам турлича талқин этилиб келинаётгани талайгина. Етиб келган лой ва сопол лавҳларнинг кўпчилигини хўжалик юритишга оид ҳисоб- китоблар, давлат ва ибодатхона архивлари, ҳуқуқий ҳужжатлар (олди-сотти шартномалари, васиятномалар, ваколатномалар, суд қарорлари ва баённомалари ва ҳ.к.), мактаб дарсликлари ва шогирдларнинг ўқув—ёзув машқлари, солномалар ва бошқа кўмакчи матнлар ташкил этишидан Қадим Шумерда ёзув биринчи навбатда амалий мақсадларда фойдаланиш учун ишлаб чиқилганлиги маълум бўлади. Албатта, ушбу матнлар орасида энг қадимги инсонлар яратган мақол ва маталлар, асотирлар, бадиий ва тарихий асарлар, география, ботаника, зоология, минералогияга оид атамалар рўйхатлари ҳам учрайди.
Қадим Шумер ёзувларини ўрганишда АҚШ ва Европа олимлари — Торкильд Якобсен, Адам Фалькенштейн, Банно Ландсбергер, Арно Пёбель, Эдвард Кьера, Франсуа Тюро — Данжен, Антон Даймель, Семюэл Крамер, Акё Шеперг, Жейн Хампердингер, рус олимлари академик В.В.Струве, И.М.Дьяконов, И.Т.Канева, В.К.Афанасьева ва бошқаларнинг хизмати катта. Уларнинг саъй—ҳаракатлари билан XX асрнинг 20-30 йилларидан бошлаб жаҳонда алоҳида шумерология фанига асос солинди. Кейинги йилларда В.В.Емельянов, Д.Шарпен, К.Вильке ва бошқаларнинг тадқиқотлари, В.К.Шилейконинг таржималари эълон қилинди34, З.А.Рагозинанинг “Халдея тарихи” қайта нашр этилди35, Ўзбекистонда З.Зиётов ва Т.Эфтиларнинг китоблари босилиб чиқди36.
Икки дарё оралиғи тамаддунида шумерларгача ўтган давр билан шумерлар даври ўртасида катта фарқланиш кузатилади. Шумерлар бу минтақага келганларидаёқ ўзларининг ривожланиш даражаларига кўра кўпчилик маҳаллий элатларга нисбатан анча юқори босқичда бўлиб, камида қабилалар иттифоқи даражасида уюшган халқ эдилар. Улар деҳқончиликдан, мис қуроллар ишлаб чиқиш санъатидан яхши хабардор эканликлари аниқ. Чунки Икки дарё оралиғи этакларида умуман мис конлари мавжуд эмас, бу ерга мис маъдани бошқа ўлкалардан ташиб келтирилади. Аммо шунга қарамай, мисгарлик санъати Шумер шаҳар—давлатларида жуда кенг ривож топди. Агар VI—V асрлардан бошлаб, қатор халқлар яхлит топилган металл ёмбиларни қайта ишлашни ўрганишган бўлишса, шумерлар милоддан илгариги IV мингйиллик бошларидаёқ мис маъданини эритиб, тоза мис олишни изчил йўлга қўйганлар. Агар шумерлар Дилмун (Баҳрайн) орқали Ҳиндустондан келиб қолган деб фараз қилинса, демак, улар катта денгиз ва уммонларда йўл топиб юра оладиган даражада кемачилик санъатини ҳам ўзлаштирган ва йирик кемалар ясашни билганлар деб тахмин қилиш керак бўлади. Дарҳақиқат, шумер шаҳар—давлатларида кемачилик кучли ривожланган эди.
Яна шуни ҳам қайд этиш зарурки, кема ясашга яроқли ёғочлар Икки дарё оралиғи қуйи оқимида ўсмас эди, улар узоқ Ливан ва Сурия (Шом) ўлкаларидан кесиб келтирилган. Шулар асосида хулоса қиладиган бўлсак, шумер шаҳар маданиятига ибтидоий жамоадан энди чиқиб келаётган маҳаллий аҳоли эмас, ўша давр Яқин ва Ўрта Шарқ уруғ жамоаларига нисбатан анча юқори даражадаги тамаддун босқичида турган келгинди халқ вакиллари асос солганлиги маълум бўлади. Худди шу сабабдан шумер маданияти кейинги неча минг йиллар давомида маҳаллий халқлар томонидан эъзозлаб ўрганилди, улар шакллантириб кетган анъаналар давом эттирилди ва Яқин ва Ўрта Шарқнинг турли элатлари орасида кенг ёйилди. Асли қадимдан Бобил-Ашшур маданияти сифатида маълум бўлган ва жаҳон халқлари тамаддуни ривожига катта таъсир кўрсатган улуғ маданият ибтидосида шумер халқининг хизмати беқиёсдир.
Шумерларнинг қаердан келиб чиққанлиги, Икки дарё оралиғига қандай қилиб келиб қолганлиги — ҳануз жаҳон фани учун ечилмаган муаммо эканлигини айтиб ўтдик. Бу мавзуга фақат шуни илова қилиш мумкинки, инсоният ривожи доим ҳам оддий эволюцион йўл билан бормайди, лекин бузғунчи инқилоблар ҳам бунга сабаб бўлмайди. Инсоният тарихий такомилининг кескин бурилиш ўринларида доимо илоҳий мўъжиза юз кўрсатади. Шумерларнинг Икки дарё оралиғида пайдо бўлиши, дастлабки ёзма маданият ва шаҳар-давлатларга асос солиши худди шундай илоҳий мўъжиза даражасидаги ҳодисалардан дейиш мумкин.
Шумерлар ташқи қиёфада ҳам маҳаллий элатлардан фарқ қилганлар. Улар ўзларини «қорабошлар» деб атаганлар, юзлари япалоқ, йирик қирра бурунли қиёфага эга бўлишган, кийимлари, асосан, белдан тиззагача ўраб турадиган лунги ва жун қаболардан иборат бўлган. Ҳарбийлар мис болталар, мис қалпоқлар, ханжарлар, найзалар билан қуролланишган.
Икки дарё оралиғида асосий бойлик - қамиш, лой, балиқ, хурмо дарахтлари бўлган. Бу ерда ҳатто маҳаллий эҳтиёжлар учун етарли даражада тош ҳам бўлмаган. Ҳунармандчилик қишлоқ хўжалигидан (деҳқончиликдан) алоҳида бўлиб ажралиб чиқиб, асосан шаҳарларда ривожлана бошлагани туфайли қишлоқ ва шаҳар орасида товар алмашув юзага келган ва ривожланган. Деҳқон ва чорвадор жамоалари, шаҳар ҳунармандлари аро меҳнат тақсимоти ва товар алмашув вужудга келибгина қолмай, турли ўлкалар аро товар айрибошлаш ҳам ўша қадим замонлардан шаклланган. Шумер шаҳар-давлатлари эҳтиёжи учун Кавказдан обсидиан тоши келтирилган, Тур (Сино) тоғида ва Эронда мис рудаси қазиб олиниб, Икки дарё оралиғида қайта ишланган. Шумердан Дилмун (Баҳрайн) оролларига савдо кемалари қатнаган. Уерда шумерлар жун, газламалар, ғалла, хурмо, балиқ маҳсулотларини тилла, мис рудаси, кумуш, тош ва ёғочга айрибошлашган. Дастлабки даврларда ташқи савдо билан асосан давлатнинг махсус амалдорлари шуғулланган. Мис ва кумуш пул қийматини белгилаган. Тураржой бинолари ва ер олди-соттиси бўйича ҳам шартномалар тузилган. Бизгача етиб келган матнлар далолат беришича, милоддан аввалги учмингинчи йиллардаёқ шаҳарларда мирзолар кенг миқёсда олди—сотти ҳужжатларини расмийлаштирганлар37.
Ёғоч сопли мис кетмон, мис белкураклар билан юмшоқ —нам ерларда ариқ ва анҳорлар ўтказилган. Ёғоч омоч ва кулолнинг оёқ билан айлантириладиган дастгоҳи ҳам ўша даврларда кашф этилган. Металл эритиш, кулолчилик ва тўқимачилик алоҳида касб турлари сифатида ажралиб чиққан. Тилла ва кумуш буюмларни ўйиб нақш ишлаш ривожланган38. IV мингйиллик бошларидаёқ бу ўлкада ариқ ва анҳорлар бунёд этилган, тўғонлар, сув омборлари қурилган. Аммо бу даврда ҳануз йирик ва мураккаб суғориш тизимлари мавжуд эмас эди.
Ўз вақтида марксист тарихчилар инсоният тарихий такомили жараёнини ўта жўнлаштириб ва сохталаштириб барча ижтимоий жараёнлар асосига мулкчилик муносабатлари, яъни иқтисодий омилни қўйдилар. Шу асосда башарият тарихини бир-бирига муросасиз зиддиятда бўлган синфлар кураши сифатида тасаввур этдилар ва тасвирладилар. Асли ижтимоий жараёнлар ўта мураккаб ҳодиса бўлиб, унда инсонлар аро муносабатларнинг турли йўналишлари ўзаро мураккаб чатишувда намоён бўлади.
Албатта, ҳар қандай назарий таҳлилда ҳам иложсиз воқеий ҳаётдаги мураккаб жараёнлар муайян даражада шартли тасниф этилади. Шунга кўра илк шаҳар—давлатларнинг ташкил топиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган жараёнларни ҳам, маълум тартибни бузмаслик учун, шартли равишда уч йўналишга ажратиб кўриб чиқамиз. Булардан биринчиси — бевосита иқтисод соҳаси бўлса, иккинчиси — сиёсат соҳаси, яъни инсонларнинг ўзаро муносабатлари, учинчиси — маънавият соҳаси, яъни инсоннинг Ҳаққа, ёки кенгроқ олиб қарасак, ғайб оламига муносабати бўлиб, бу мавзу ишимизнинг бош мавзуси бўлгани сабабли унга алоҳида ва батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса сиёсат соҳаси, яъни инсонлар аро муносабатларга қайтамиз. Таъкидлаш керакки, бу муносабатларнинг ўзи уч йўналишга ажралади. Улардан биринчиси — одамлар орасидаги иқтисодий муносабатлар соҳаси, яъни сиёсатнинг иқтисод билан алоқадор жиҳатидир.
Аҳли башар тамаддунининг ривожи бузғунчи инқилоблар, муросасиз синфий курашлар асосида эмас, яратувчилик фаолиятининг такомиллашуви туфайли юз беради. Жумладан, деҳқончилик маданиятида мис қуроллардан кенг миқёсда фойдаланишга ўтиш ва Икки дарё оралиғининг ҳосилдор ерларида суғорма деҳқончиликнинг изчил йўлга қўйилиши ижтимоий ҳаётда икки муҳим янгиликка сабаб бўлди. Биринчидан, деҳқоннинг доимий ўтроқ ҳаётга ўтиши натижасида инсонлар аро муносабатларда аста-секин қон-қардошлик боғланишлари орқа ўринга сурилиб, ишлаб чиқариш ва қўшничилик орқали боғланишлар муомаласи олдинги ўринга ўта бошлади. Натижада тарихий жараёнда уруғ жамоа ўз ўрнини қишлоқ жамоасига бўшатиб бера борди. Албатта, бу ҳолат деҳқон жамоаларига хос бўлиб, чорвадор жамоаларда уруғчилик муносабатлари яна неча минг йиллар давом этганлигини шу ўринда қайд этиб қўйиш керак бўлади. Иккинчидан, аввал мис қуроллар, кейинроқ жез (бронза) қуроллар асосидаги суғорма деҳқончилик инсон меҳнати самарадорлигини илгариги даврларга нисбатан беқиёс даражада ошириб, жамоанинг заҳира бойлигини сезиларли даражада кўпайишига олиб келди. Агар ибтидоий жамоа аъзоларининг қаттиқ уринишлар туфайли қўлга киритган емиши кўпинча ўзларининг кундалик жон сақлашига учма—уч етиб турган бўлса, энди шумер деҳқон жамоаларининг етиштирган ҳосили баъзи инсонларни бевосита моддий яратувчилик меҳнатидан озод қилиб жамиятнинг сиёсий—ижтимоий ва маънавий—маданий такомили йўлида фаолият олиб боришларига кенгроқ имкониятлар бера бошлади. Ушбу иқтисодий замин бўлмаса, илк шаҳарларнинг пайдо бўлиши имкондан ташқари бўлур эди. Чунки шаҳарда азалдан иқтисодий соҳадан кўра сиёсий ва маънавий соҳалар устунроқ бўлган. Уерда моддий ишлаб чиқариш соҳасининг ҳам ўзига хос турлари, яъни ҳунармандчилик ва савдогарлик билан шуғулланувчи тоифалар кўпроқ иш олиб борганлар. Икки дарё оралиғидаги қадимги шаҳарлар меъморчилигига оид қўлга киритилган маълумотлар кўрсатиб туриптики, уларда иморатлар ўта зич жойлашган бўлиб, уй ҳайвонларини боқиш ҳам тор миқёсларда бўлган, деҳқончилик имконияти эса шаҳар доирасида деярли бўлмаган. Демак, шаҳарлилар асосан атроф деҳқон жамоалари ва чорвадор қўшнилар яратган егулик маҳсулотлар ҳисобидан озиқ—овқат билан таъминланганлар.
Қишлоқ жамоаларини биринчи навбатда суғорма деҳқончиликнинг умумий эҳтиёжлари бирлаштириб турар эди. Аммо буерда қариндош—уруғчилик алоқалари ҳам буткул йўқолиб кетган эмас. Қишлоқ жамоаларининг шаклланиши ўз навбатида хусусий оилалар чегарасининг мустаҳкамланиши ва натижада мулкчилик муносабатлари соҳасида муайян ўзгаришлар вужудга келишига сабаб бўлди. Чунки қишлоқ жамоаси доирасидаги мулк умумийлиги уруғ жамоасидаги умумий мулкдан фарқ қилади. Буерда қариндош—уруғчилик алоқалари биринчи ўринда турмаганлиги туфайли жамоа эҳтиёжлари билан оиланинг ички эҳтиёжлари фарқланиши мулкий муносабатларда ҳам ўзаро фарқланишни юзага келтиради. Ана шундай қилиб иқтисодий муносабатларнинг асоси бўлмиш мулкчилик муносабатларида жамоа мулки ва оила мулки, яъни хусусий мулк бир—биридан ажралиб чиқади. Бу ҳодиса шаҳарда — ҳунарманддар, савдогарлар ва бошқа тоифалар мустақил шаклланиши мобайнида янада кенг миқёс касб этиб, ривожланиб боради.
Деҳқончилик асосида қишлоқ жамоасининг вужудга келиши, унда ишлаб чиқариш ва қўшничилик муносабатларининг биринчи ўринга кўтарилиши жамоани бошқариш ишини ҳам сезиларли даражада мураккаблаштиради. Заҳира бойликнинг ошиши уни сақлаш ва керак пайтда адолатли тақсимлаш муаммоларини вужудга келтиради. Энди оқсоқолга ёрдамчилар керак бўла бошлайди. Ушбу ёрдамчиларни иқтисодий таъминоти ўша заҳира бойлик ҳисобидан бўлади ва уни тақсимлаш ҳам оқсоқол тасарруфига ўтади. Шундай қилиб ижроия ҳокимияти куртаклари пайдо бўла бошлайди. Суғорма деҳқончиликнинг йўлга қўйилиши жамоа миқёсида бажариладиган ҳашар ишларини — ариқлар қазиш ва уларни тозалаш, сув омборлари — ҳовузлар кавлаш, тупроқдан кўтарма тўсиқ — тўғонлар қуришни талаб қилади. Демак, бу ишларни ҳам кимдир ташкил этиши ва бошқариши зарур бўлади. Бунинг учун оқсоқолга яна ёрдамчи кучлар керак. Жамоа ихтиёрида заҳирадаги моддий бойлик ҳосил бўлгач, текин томоқ ишқибозлари ҳам кўпаяди. Булардан заҳира бойликларини қўриқлаш учун яна алоҳида ходимлар керак. Биз заҳира бойликнинг пайдо бўлиши дарҳол синфий табақаланишга олиб келади деб тасаввур этсак, масалани жўнлаштирган бўламиз. Аммо уруғ жамоага нисбатан деҳқон жамоасида ташкилий ва бошқарув муаммоларининг кескин кўпайиши ҳақиқатдир. Айни шу шароит давлатнинг вужудга келишини тақозо этади. Синфий табақаланиш эса давлатнинг вужудга келиш жараёни давомида юз бера бошлайди. Яъни турли ижтимоий тоифаларнинг шаклланиши илк давлатчилик унсурларининг ривожланиб бориши билан олдинма—кейин эмас, бир пайтда (мувозе — паралел) юз берувчи жараёндир.
Шаҳарнинг пайдо бўлиши инсон учун озуқа маҳсулот ишлаб чиқариш билан бевосита шуғулланмайдиган гуруҳларнинг миқдори сезиларли даражада кўпайганини англатади. Улар турли соҳадаги бошқарувчилар, ишни ташкил этувчилар, ёки уларга ёрдамчи вазифа бажарувчилардир. Булар ҳаммаси ҳам ҳануз том маънода ақлий меҳнат кишилари, деб бўлмаса—да, барибир, улар жамиятдаги ўз вазифаларига кўра оддий деҳқон ёки чорвадорга нисбатан кўпроқ мустақил қарорлар қабул қилишга мажбур шахслардир. Шу маънода, шаҳар жамоасининг шаклланиши озод фикрли инсонларнинг нисбатан кенг миқёсда кўпайиб борганига далолатдир. Темирчи ёки кулол ҳам нисбатан озод шахсдир. Чунки улар ўз касбларига кўра ишлаб чиқариш воситаларини такомиллаштириш борасида иш олиб борадилар, демакки, уларнинг ҳам ҳар кунлик иши ўйлаш, тафаккур юритиш билан бевосита боғлиқ.
Меҳнат самарадорлиги ўсиб, баъзи инсон жамоаларида заҳира бойликнинг тўпланиши атрофдаги ночорроқ қабила ва златларни ушбу жамоа манзилига босқинчилик уюштиришига туртки бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳужумлардан сақланиш учун жамоа аъзолари ўз ҳимояси йўлида махсус тайёргарликлар кўришга мажбур. Натижада, аста—секин ҳарбийлар тоифаси шаклланиб боради. Бундай тоифа одатда уруғ оқсоқоли ёки алоҳида ҳарбий саркарда атрофида уюшган жамоанинг ҳарбий ишга яроқли бақувват ёш йигитларидан иборат бўлади. Қисқаси, жамоанинг иқтисодий имкониятлари ўсиб борган сари унинг ижтимоий таркиби ҳам мураккаблашиб борар, ҳунармандлар, ҳарбийлар, савдогарлар, коҳинлар, давлат амалдорлари, ибодатхона хизматчилари ва ҳоказолар алоҳида ижтимоий тоифалар ҳосил қиларди.
Давлатнинг пайдо бўлиши ва илк шаҳарларнинг вужудга келиши бир даврга тўғри келади. Аммо илк давлатлар кўчманчи қабилалар ичида эмас, деҳқон жамоалар доирасида пайдо бўлган. Шаҳарни идора этиш тартиблари уруғ—жамоа ёки қабилани идора этишдан бошқачароқ кечади. Давлатнинг пайдо бўлиши марксистлар даъво қилганларидек, бир синфнинг иккинчи бир синф устидан ҳукмронлигини таъминлаш учун эмас, балки ибтидоий уруғ жамоасидан илк шаҳар—жамоасига ўтиш даврида тобора мураккаблашиб бораётган ижтимоий муносабатларни тартибга келтириш эҳтиёжидан келиб чиққан. Суғорма деҳқончиликнинг ривожланиши жараёнида борган сари такомиллашиб ва кенгайиб бораётган суғориш тизимини бошқариш зарурати ҳам шу жумладандир. Шарқда суғорма деҳқончилик маданиятининг ривожи, табиийки, оммавий (жамоа миқёсида) қурилиш ишларини — тўғонлар қуриш, каналлар ўтказишни талаб қилади. Бунинг учун кўпчиликни бошқариш, оммавий қурилишларга сафарбар этиш керак. Бу зарурат ўз навбатида муайян бошқарув тизимини талаб қилади.
Ҳар бир ҳодисанинг мукаммал (классик) тарзда намоён бўлиши бор, чалароқ кўринишлари бор, баъзи ўзгарган шакллари ҳам бўлиши мумкин. Шаҳар—давлатларнинг мукаммал тарзда намоён бўлиши Шумер шаҳар—давлатларида кўринади. Аввало, шумер шаҳар—давлатлари бирламчи ҳодиса эканлигини таъкид этиш керак. Масалан, қадим Юнонистоннинг хусусий қулдорлик тузумига асосланган полислари бирламчи ҳодиса эмас, чунки улар тарихан империялар даврида шаклланган ва фаолият кўрсатган. Шу сабабли Юнон шаҳар—давлатлари иттифоқининг Аҳмонийлар империяси билан урушларида юнонлар зафар қозонган бўлсалар ҳам, бу муайян тарихий воқеа шаҳар—давлат тузумининг империя тузуми устидан ғалабаси эмас эди, дарҳақиқат, кўп ўтмай Юнонистонда Александр Македонский империяси, кейинроқ Рим империяси қарор топди. Чунки умум жаҳон миқёсида олганда, давр — империялар даври эди, шаҳар—давлатлар даври эмас39.
Аввалдан қайд этиб ўтиш керакки, мулкчилик муносабатларидаги ривожланиш ва хилма—хиллик фақат қишлоқ ва шаҳар меҳнаткашлари доирасидаги жамоа мулки ва оила мулки билан чекланиб қолган эмас. Уруғ жамоаси умумий мулкининг қишлоқ жамоа мулки ва хусусий оилалар мулкига ажралиб кетиши жамоа оқсоқоли ва жамоа руҳонийси мулкларининг40 ҳам алоҳида ажралиб чиқишига олиб келди. Лекин жамоа оқсоқоли ва жамоа руҳонийси ўз ижтимоий вазифалари ва мавқеларига кўра жамоанинг оддий аъзоларидан фарқ қилар эдилар. Улар зиммасида ўз хусусий ташвишларидан ташқари сиёсий ва маънавий етакчилик ҳамда ижтимоий тартибни таъминлаш масъулияти ҳам бор эди. Буни нафақат уларнинг ўзлари, балки жамоанинг бошқа аъзолари ҳам ҳис қилиб турардилар.
Шумер давлатчилигида аксарият ҳолларда шаҳар ҳукмдори ва бош коҳин вазифасини бир киши бажарар эди. Шу билан боғлиқ равишда бу ерда давлат мулки ҳам ибодатхона мулки билан ўзаро мураккаб муносабатлар асосида шаклланган. Ўша давр одамлари назарида экинзорлар Тангрининг (аниқроғи, жамоа эътиқод қўйган бош санамнинг) мулки, ҳукмдор эса унинг ердаги ноиби (ўринбосари) ҳисобланган41.
Қадим Шумерда иқтисодий ва сиёсий муносабатлар билан бир пайтда маънавий муносабатлар соҳасида ҳам ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Агар катта авлодга ҳурмат уруғ жамоа учун етакчи хусусият бўлса, уруғ жамоадан қишлоқ жамоасига, ундан илк шаҳар—давлатларга ўтиш мобайнида қариндош—уруғчилик муносабатлари жамиятда орқа қаторга ўтган сари ғайб билан муносабатга эътибор борган сари кучайиб борди.
Имон—эътиқод, маълумки, ҳамиша муайян ибодат — маросимлар тизимини тақозо этади. Жамоа бўлиб бажариладиган бундай ибодат— маросимлар учун махсус жойлар, тайёргарлик ишлари, қолаверса, муайян моддий ҳаражатлар талаб қилинади. Илк деҳқончилик жамоаларида ибодат асосан жамоа эътиқод қўйган санамга қурбонлик шаклида бўлган. Бунинг учун алоҳида чоғроқ тепаликлар танланган ёки махсус ҳосил қилинган. Бу ҳақда қадим шумер ривоятларида аниқ маълумотлар сақланиб қолган. Умма ва Лагаш шаҳар—давлатлари орасидаги можаролардан ҳикоя қилувчи тарихий ривоятда (милоддан аввалги XXVI аср) айни шундай тепаликлар тилга олинади. Унда ўша даврдаги Лагаш ҳукмдори Эаннатум ҳақида айтилади:

Download 0,53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   69




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish