Иккинчи ёндошув — шумер асотирларида ўз аксини топган мушриклик тизимлари, яъни моддий дунёга оид ҳар бир мавжудотнинг алоҳида илоҳий «эгаси» бор деб ҳисоблаш ва улар орасидаги ўзаро муносабат. Шу нуқтаи назарда қараганда, шумер матнларида осмон «илоҳи» — Ан, Замин ҳукмдори ёки чучук сув «эгаси» — Энки, ер ва осмон орасининг ҳукмдори (ҳаво, шамол, нафас «эгаси») — Энлил, чексиз уммон тимсоли — Намму, қуёш санами — Уту, ой санами — Нанна(р), Тонг юлдузи (Зуҳро — Венера) тимсоли — Инанна («самовий малика», «осмон маликаси»), «илоҳий она» тимсоли — Нинхурсаг (ёки Нинмаҳ), тақдир «илоҳлари» — Ануннаклар, ер ости салтанати ҳукмдори — Нергал, унинг «маликаси» Эрешкигал, ҳосил ва ёзув санъати «илоҳаси» — Нисаба, ҳикмат «илоҳаси» — Нидаба, илоҳий чўпон — Думузи, деҳқончилик «илоҳи» Энкимду, чорва «илоҳи» — Лаҳар, ғалла «илоҳи» — Ашнан, жануб шамоли тимсоли — Нинурта, ёз тимсоли — Эмеш, қиш тимсоли — Энтен ва ҳ.к.лар тилга олинганлигини қайд этиш мумкин. Шумерлар тасаввурига биноан нафақат ҳар бир шаҳар ёки ўлка, осмон жисмлари, фасллар, балки ҳар бир тўғон, ариқ, хўжалик, ҳатто омоч ва кетмоннинг ҳам ўз илоҳий "эгалари" бўлган50.
Асотирлар баъзан булар орасидаги "қариндош—уруғчилик" муносабатларидан ҳам сўз юритади. Масалан, Ануннаклар, Энки, Энлил само санами Аннинг фарзандлари деб тақдим этилади, Уту ва Инанна — Наннанинг фарзандлари ҳисобланади, Наннанинг ўзи, Нингирсу ва Нинурталар Энлилнинг зурриётлари деб қаралади ва ҳ.к. Ер ости салтанати ҳукмдори — Нергал (аввал саратон офтоби тимсоли бўлган) ҳам — Энлил ва Нинлил фарзанди ҳисобланади. Эрешкигал Инаннанинг синглиси эканлиги ҳам асотирларда қайд этилган. Аммо бу масалада турли манбаларда келтирилган маълумотлар орасида ўзаро номувофиқликлар ҳам кўзга ташланади, балки бундай ҳолатлар биз шумерларнинг бу соҳадаги қарашларини яхши тушунмаганлигимиз оқибатида туғилган чалкашликлар бўлиши ҳам мумкин. Масалан, "Илоҳий она" қиёфасида баъзан Намму ("ибтидо уммони"), баъзан Нинхурсаг ("Хурсаг" тоғининг "бекаси") ёки Нинмаҳ ("Улуғ бека") гавдаланади. Баъзан Нинхурсаг ва Нинмаҳ бир зот сифатида намоён бўлса, баъзан бошқа—бошқа зотлар каби намоён бўлади. Энки ўзини "Аннинг тўнғич ўғлиман" дейди, аммо баъзи ўринларда Аннинг тўнғич ўғли сифатида Энлил эсга олинади. Одатда тонг юлдузи Инанна ой санами Наннанинг қизи ҳисобланади. Аммо бу, назаримизда, кейинроқ (асосан, Ур шаҳри асотир тизимида) шаклланган анъана бўлиб, қадим даврларда Урукда у осмон санами Аннинг қизи (гоҳ қайлиғи) сифатида) намоён бўлган. Турли асотирлар ва мавзуга оид тадқиқотларни варақласак, Инанна уларда гоҳ Аннинг, гоҳ Энлилнинг, гоҳ Энкининг, гоҳ Наннанинг қизи бўлиб гавдаланади. Ҳарҳолда уларнинг ҳар бирига "ота" деб мурожат қилади, улар ҳам унга "қизим" деб мурожаат қилишади. Қуёш санами Уту Инаннанинг акаси ҳисобланади, демак, у ҳам Наннанинг фарзанди, аммо қадим Урук шаҳри асотирларида унга ҳам Ан фарзанди сифатида қаралганлиги эҳтимолдан холи эмас. Инанна турли асотирларда гоҳ Думузи, гоҳ Энмеркар, гоҳ яна бошқа биров билан "илоҳий никоҳ"да эканлиги эсланади, гоҳ Билгамешга ўз муҳаббатини изҳор қилади. Само маликаси гоҳ Аннинг қизи сифатида тилга олинса, гоҳ унинг никоҳида эканлиги маълум бўлади. Урук ҳукмдори Энмеркар Утунинг ўғли ҳисобланади, у гоҳ Инаннага "синглим" деб мурожаат қилади, гоҳ у билан "илоҳий никоҳ"га киришуви ҳақида гапиради. Бундай чалкашликларнинг сабаблари турлича, масалан, баъзи "ота" ёки "қизим", ёки "синглим" деб мурожаат қилишлар маълум маънода рамзий бўлиши мумкин. Аммо чалкашликлар шу билан барҳам топмайди.
Бундай номувофиқликларнинг бош сабаби аслида асотир тафаккур табиати билан боғлиқ. Асотирлар ибтидоий инсон тасаввурида ёзув пайдо бўлгунга қадар, оғзаки анъана шаклида мавжуд бўлган. У даврда ҳеч қачон турли асотирлар бир—бири билан тўлиқ мувофиқлашган эмас эди. Фақат ёзув пайдо бўлиб асотирлар ёзма матнга ўтказилгач, уларни батафсил қиёсий таҳлил қилиш имкони туғилди. Шумер ёзма ёдгорликларида шу жараён, яъни ёзма матнларнинг қиёсий таҳлил асосида муайян даражада мослашуви (тўлиқ эмас!) амалга оширилган ҳолда бизгача етиб келган. Шунинг учун уларда асотир тизими нисбатан мукаммал. Аммо, барибир, асотирларнинг илк шаклланиш даврида вужудга келган номувофиқликларни тўлиқ бартараф қилиш имкони бўлмаганлиги уларни қиёсий ўрганганда доимо сезилиб туради.
Шумерлар Икки дарё оралиғига келиб ўрнашган пайтда ибтидоий жамоа такомилининг энг юқори босқичларида, яъни қабилалар иттифоқи даражасида бўлганликларини ҳисобга олсак, уларнинг диний эътиқод ва асотир тизимлари ҳам Икки дарё оралиғига етиб келгунларига қадар асосан шаклланиб улгурган деб тахмин қилиш ўринли бўлади. Ҳарҳолда, бизгача етиб келган матнлар лой лавҳларга битилган даврда (милодий эрадан аввалги IV мингйиллик охири III мингйиллик бошларида) Шумерда ғайб дунёси ҳақида нисбатан яхлит асотир тизими аллақачон шаклланиб улгурган эди. Ушбу тизимга кўра Ан, Энлил, Энки, Инанна, Уту, Думузи, Нинхурсаг (Нинмах)лар алоҳида шаҳарларнинг санамлари эмас, балки умумшумер миқёсида тан олинган "илоҳий қудрат эгалари" ҳисобланар эдилар51. Уларнинг номлари, расман қайси шаҳар билан боғлиқ бўлишларидан қатъий назар, энг қадимий матнларнинг кўпчилигида у ёки бу сабаб билан тилга олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |