Энлил — Ниппур шаҳрининг бош санами. С.Н. Крамер ва бошқа шумершунослар Энлилни бутун Шумер ўлкаси учун бош санам деб ҳисоблашади. Дарҳақиқат, юқорида келтирилган барча асотирларда Энлил Ан билан ёнма—ён, ундан кейин иккинчи бўлиб тилга олинмоқда. "Энки ва ер юзининг обод этилиши" ҳақидаги "фалсафий" асотирда ҳам шумерпгуносларнинг бу фикри қисман ўз тасдиғини топган:
Сенинг ( яъни, Шумернинг — И.С.М.) улуғ коҳининг,
қудратли ҳукмдор,
Ан билан ёнма —ён осмонларда,
самовий қасрларда мақом тутган,
Сенинг ҳукмдоринг —Энлил,
Қудратли қоя...57
Энлил номи жуда кўп матнларда учрайди, уни Андан ўзга деярли барча санамлар ўзларидан юқори қўйиб эътироф этадилар, аммо махсус Энлилга бағишланган матнлар унчалик кўп эмас. Улардан энг мукаммали, Энлил ҳақида энг батафсил тавсиф — унга бағишланган алқов (мадҳия, қасида, «гимн») бўлиб, С.Н.Крамер келтирган58 матнга таянган ҳолда қуйида унинг энг асосий қисмларини (ўзбекча бироз эркин таржимада) келтирамиз:
Энлиль!
Бутун атрофда унинг қудратли ҳайқириғи,
муқаддас даъвати,
Унинг сўзи — қайтмас, унинг ҳукми —абадий!
У назар ташласа — тоғлар титроқда!
Унинг нури тушса — қоялар қирқилур!
Қиблагоҳ Энлил савлат ила жой олган
муқаддас даргоҳда, қудратли қасрида
У—Нунамнир, унинг ҳукмдорлиги мукаммал,
замин санамлари унга бош эгадилар,
Ануннаклар унга интиладилар,
Унинг ҳикматига имон келтириб, унга интиладилар,
Ҳайбатдор! Қудратдор! Коинотда улуғ у!
У — дониш эгаси, қонунлар билимдони!
Фикр—ла забардаст!
Қароргоҳи қилиб муқаддас Дуранки ноҳиясини,
Киурни, шу улуғ мақомни,
ҳашамат ва савлатда ёғдулантирди.
Унинг қароргоҳи — Ниппур —шаҳар,
Самолар ва ерда шаҳарлар серкаси!
Бу шаҳар! Ваҳима уйғотар унинг ҳайбати!
Унинг деворлари! Илоҳий қудрат ҳам яқинлаша олмас!
Шаҳарда, Қиблагоҳ, Қудратли қоянинг
муқаддас ва табаррук манзилгоҳида,
Порлоқ ибодатгоҳ, Экур,
ложувард қасрни тупроқдан юксалтирди.
Текис ерда улуғ тоғ янглиғ бунёд этди.
Ва у, унинг ҳукмдори,
Қудратли қоя, қиблагоҳ Энлил,
Экурда, ҳайбатли ибодатгоҳда,
қароргоҳида савлат тўкиб ўлтирур!
Сирли ибодатларни санамлар бекор қилолмас!
Маросимлари пок, замин янглиғ ҳудудсиз,
Унинг сирли қуввати нигоҳлардан яширин,
Унинг оромгоҳи, денгиз сингари беҳудуд,
Унинг тимсоли — белгиси — юлдузлар,
Унинг хожаси мукаммал абадий асрорлар яратган!
Унинг барча сўзлари каломдир,
Унинг айтганлари барчаси дуодир,
Унинг амаллари — башоратли хушхабар,
Унинг қурбонгоҳлари — улуғвор ва метин,
Байрамларда ёғ ва қаймоқлар фаровон қуюлур!
Унинг башоратлари — тароватли,
Унинг ниятлари — савлатли,
Кун ботишда — байрам,
кун чиқишда — байрам.
Энлил ибодатгоҳи — фаровонлик тоғи...
Шундан сўнг унинг коҳинлари, руҳонийлари, ходимлари, булоқлари мадҳ этилади.
Энлил! Сен кимни йўлбошчи қилиб танласанг,
Кимни юртнинг улуғи этиб сайласанг,
Юртни унга топширсанг,
юртга унинг қудратини ёйсанг,
Унга узоқ юртлар ҳам таъзимга згилур.
Энлил! Коинотда сен етакчисан.
Барчанинг ҳаёти сенинг измингдадир.
Сенинг подшоҳлигинг қуёшдек нурафшон,
Do'stlaringiz bilan baham: |