Магилум ва Мелухха кемалари
Тилла ва кумуш келтиради,
Барча ўлкалар хожаси Энлил сари
Ниппурга буларни, дарҳақиқат, етказиб беришсин!
Шундан кейин улуғ санамлар — Ануннаклар номидан Энки шарафига алқов ўқилади ва Энки ўз илоҳий бурчини бажариш учун ўз мулкига, яъни улуғ Шумерга йўлга отланади. Орада Эриду ва Шумернинг «ҳукмдорлари», «йўлбошчилари», «авлиёлари» тилга олиниб, Энки Шумер тақдиридан башорат қилади. Кейин Энки Ур шаҳрига йўл олади ва бу шаҳарни улуғлайди. Ундан Мелуҳҳага ўтади. У ердаги ҳар бир дарахт, қамишзорлар, буқалар, қушлар, тилла ва кумуш, мис ва жез, ҳамда барча жонзотларга эзгулик тилаб, яна Шумерга қайтади. Бу ердаги икки улуғ дарё — Фурот ва Дажлани нурли сув билан лиммо-лим қилиб, уларни бошқаришни Энбилулуга топширади. Дарёларга балиқларни қўйиб юбориб, уларни ҳам «Кеш фарзанди» аталмиш «хожаси»га топширади. Сўнг Форс кўрфазига нигоҳини қаратиб, ундаги денгиз суви ҳаракат қонунларини белгилайди ва кўрфазни бошқаришни Сирара санамига топширади. Ундан кейин шамолларга топшириқ бериб, уларга момақалдироқ ва бўронлар хожаси Ишкурни бошлиқ этиб тайинлайди.
Шундан сўнг Энки омоч, бўйинтуруқ, абзалга, ҳўкизларга, дала-қирлар, жўяк ва эгатларга, барча ўсимликларга ўз бурчларини тўғри бажариш бўйича кўрсатмалар беради. Энлилнинг самовий кенгликларга лойиқ деҳқони, қудратли анҳорлар ва тўғонлар хожаси Энкимдуга экинзорлар ва ариқларни назоратда тутишни топширади.
Энки, улуғ хожа, саҳий далаларга назар солади, арпа сочади, буғдой, нўхат, ловиялар ундиради. Ҳосилга барака бахш этади, Энлил билан бирга бутун юрт бўйлаб фаровонликни оширади.
Бадани ва боши гулларга бурканган, дудоқларида асал етишувчи, юртга қувват, қорабошларга ҳаёт бахш этувчи санам — Аншан, ҳимматли Ғалла санами, коинот Ғалласи руҳига, хирмонлар узра назорат олиб боришни тайинлайди. Шундан сўнг Энки кетмонга ва ғишт қолипига вазифа топширади, улар устидан ғишт хожаси Кабтани назоратчи қилиб белгилайди. Кейин қурувчилар асбоби «гугун»ни яратади, пойдевор териб, уйлар қуради ва уларни Энлилнинг улуғ меъмори Мушдамма ихтиёрига топширади. Ер юзида турли ҳайвонлар ва набототни ўстириб, уларнинг назоратини «тоғлар ҳукмдори» Сумуганга топширади. Энки қўйлар учун қўралар ва итлар учун итхоналар қуради, кўзаларни сут ва қаймоқлар билан тўлдириб, Думузини уларга бошқарувчи қилиб қўяди. Турли ўлкалар ва вилоятлар аро шартномалар асосида чегаралар ўтказиб, уларни қўриқлашни илоҳий ирода ижрочиси ва самовий адолатни бошқарувчи қуёш санами Утуга топширади. Ва, ниҳоят, Энки «аёллар касби» бўлмиш толалардан ип йигириб мато тўқишни йўлга қўяди ва бу иш устидан назоратни тўқувчилик санами Уттуга топширади.
Тасвир шу ерга етганда асотир воқеаларига севги ва низо санами бўлмиш Инанна аралашади. У Энки даргоҳига кириб келиб, ўзининг тақдиридан савол беради. Унинг айтишича, барча опа-сингиллари — санам—бекалар ўз вазифасига эга: Нинисинна — қимматбаҳо тақинчоқлар эгаси, Нинмуг — олтин урчуқни қўлга киритган, Нидаба - ўлчов чилвирини эгаллаган ва чегараларни, шартномаларни назорат қилади, Нинту — «ложувард жом» эгаси, ҳукмдорлар ва ноибларни тайинлайди.
Инанна хитоб қилади:
Мен —аёлман, мен ҳақимда нима гап айтилган?
Мен — порлоқ чеҳрали Инанна, менинг мақомим қандай?
Энкининг Инаннага жавоби жуда батафсил. Бироқ матннинг ушбу 50 сатрга яқин қисми ёмон сақланган, шу сабабли маъноларини чақиш мушкул. Ҳар ҳолда Энки Инаннани турли либослар, жангу жадал ва низоларга ўчлик, эркакларни ўзига мафтун этиш хислатлари билан тақдирлаганлигини тасаввур қилса бўлади. Қисса анча катта, 450 сатрга яқин.
Умуман, Инанна ва Энки муносабатлари ҳақида бир эмас, бирнеча асотирлар сақланиб қолган. Улардан бири махсус ва муҳим бир мавзуга бағишланган бўлиб, шартли равишда «Инанна ва Энки» деб аташ мумкин. Унда баён қилинишича, Урук шаҳри ҳомийси, самовий малика Инанна ўз шаҳри фаровонлиги ва қудратини ошириш мақсадида илоҳий моҳиятларни қўлга киритмоқчи бўлиб, Эридугга, Энки қароргоҳи — муқаддас ибодатгоҳ Абзуга ташриф буюради. Гап шундаки, Энкининг яна бир хислати у ҳикматлар эгаси эканлигидир. Инсоний маданият асосидан жой олган барча илоҳий моҳиятлар унинг қўли остидадир60. Бу илоҳий моҳиятлар умумий миқдори 100 дан ортиқ бўлиб, мазкур асотир давомида бир неча қайта санаб ўтилади. Улардан 60 дан ошиқроғини олимлар ўқиб, маъно чиқарганлар, аммо шулардан ҳам баъзиларининг маънолари охиригача муайянлашган эмас.
Мана уларнинг асосийлари: 1) олий ҳокимият, 2) олий руҳлар ҳукмронлиги, 3) олий ва абадий тож, 4) ҳукмдор тахти, 5) ҳукмдор ҳассаси, 6) подшолик белгилари, 7) муқадддс ибодатгоҳ, 8) набий салтанати, 9) подшоҳ салтанати, 10) илоҳий беканинг абадий ҳукми, 11) илоҳий бека (коҳинлик мансаби), 12—14) «ишиб», «лумах», «гутуг» (коҳинлик мансаблари), 15) Ҳақиқат, 16) ер ости салтанатига сафар, 17) ер ости салтанатидан кўтарилиш, 18) туғ, 19) тўфон, 20) никоҳ, 21) қонун, 22) санъат, 23) сулҳ, 24) ғалаба, 25) мусиқа, 26) фидоийлик, 27) оқсоқоллик, 28) кенгаш, 29) ҳукм, 30) эзгулик, 31) тўғрилик, 32) қалб қувончи, 33) адолатли қазоват, 34) дурадгорлик, 35) мисгарлик, 36) мирзолик, 37) кўнчилик, 38) сават тўқувчилик, 39) қурувчилик, 40) донишмандлик, 41) эътибор, 42) таҳорат (покланиш), 43) қарор, 44 — 48) «гусилим», «лилис», «уб», «меси», «ала» (мусиқа асбоблари) ва ҳ.к.
Қизиғи шундаки, санаб ўтилган инсоний тамалдунга оид моҳиятларнинг барчаси ижобий ёки бетараф маънолардангина иборат бўлиб қолмай, очиқдан-очиқ бугунги кунда салбий маъноларга эга бўлган моҳиятлар ҳам аралаш тилга олиб ўтилади, масалан: 1) зинокорлик, 2) туҳмат, 3) адоват, 4) низо, 5) вайронгарчилик, 6) исёнкорлик, 7) ёлғон, 8) қўрқув, 9) чарчоқ, 10) хижолатчилик, 11) ваҳима каби.
Санаб ўтилганлардан маълум бўлиб туриптики, шумерлар онгида нафақат моддий нарса — ҳодисалар, балки сиёсий, диний, аҳлоқий, маънавий тушунчалар ҳам шакллана бошлаган ва бу тушунчалар манбаи илоҳий қудрат, ғайб олами эканлиги ҳақида ҳам тасаввур бўлган.
Инанна жозибасига маҳлиё бўлган Энки унинг шарафига зиёфат уюштиради ва мастлик устида Инаннага илоҳий моҳиятларни ваъда қилиб юборади:
Do'stlaringiz bilan baham: |