Рамаяна. “Рамаяна” эпоси вишнуизм таълимотининг бошланишини таъминлаган. Асарнинг номи ҳам Вишнунинг ердаги Рам қиёфасидаги тажассуми билан боғлиқ бўлиб, эпос номининг лексик мазмуни “Рам келди” деган маънони англатади. “Рамаяна” эпоси етти китобдан иборат. Эпоснинг кириш қисмида ёзилишича, биринчи ва еттинчи китоблар кейинчалик қўшилган. Эпоснинг асосий мазмуни эса иккинчи-олтинчи, яъни беш китобда баён этилган. Биринчи ва еттинчи китоблар кейинчалик қўшилган бўлиб, асар учун кириш ва хулоса қисмлар ҳисобланади. Рамаяна эпоси афсонавий эпос дейилишига сабаб ундаги воқеалар турли ғайри табиий ҳолатлар орқали тасвирланган. Уларда эртакка хос бўлган фантастик элементлар ва воқеалар жуда кўп. Жумладан, ҳайвонларнинг инсонлар билан бир қаторда жараёнларда иштирок этиши, уларнинг инсон билан мулоқотга киришиши, маъбудларнинг тилга кириши ва шунга ўхшаш жуда кўп фантастик элементлар мавжуд бўлиб, ҳинд адабиётидаги эртак жанрининг дастлабки шаклланиши Рамаяна эпосида бошланган, деб тахмин қилинади.
Рамаяна эпосининг воқеалари Ҳиндистон жануби-шарқий қисмида жойлашган Айодхья номли шоҳликда бўлиб ўтади. Ҳиндистонда бугунги кунда ҳам ўша Айодхья шаҳри мавжуд ва у ҳиндуларнинг муқаддас зиёратгоҳи ҳисобланади.
Рамаяна эпосининг қисқача мазмуни. Эпос анъанавий ёвузлик ва яхшилик ўртасидаги кураш ва яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабаси билан боғлиқ воқеалар баёнига бағишланган. Эпос қадимий ҳинд адабиётида анъана тусига кирган ҳикоя ичида ҳикоя, яъни рамкалаш усулида яратилган. “Рамаяна” эпоси ярим тарихий ва ярим афсонавий характерга эга. Чунки, ундаги персонажларнинг асосий қисми тарихий шахслар, тарихий жойлар номи билан боғлиқ, лекин шу билан бир қаторда кўпгина тўқима сюжет ва образлар ҳам киритилган. Эпосдаги бош сюжетнинг мазмуни қуйидагича:
Айодхья подшоси Дашаратха кўп йилларгача фарзандсиз бўлади. У фарзанд кўриш учун азизу-авлиёлардан маслаҳат олиб, уларнинг маслаҳатига кўра жуда катта қурбонлик келтиради ва натижада ўзининг уч аёлидан бир вақтнинг ўзида тўрт ўғил фарзанд кўради. Кошаля Рамни, Кекея Бхаратани, Сумитра эса Лакшман ва Шатругханларни дунёга келтиради. Барча ўғиллари аҳил ва иноқликда катта бўладилар. Дашаратха уларга сиёсат ва ҳарбий илмлар билан бир қаторда бошқа барча илмларни ҳам жуда яхши ўргатади. Энг катта ўғли Рам ўғиллар орасида ҳар томонлама - ҳуснда, зеҳнда, тезкорликда, одилликда, халқпарварлик ва ақл- заковатда ҳаммадан ажралиб турар, шоҳнинг ҳам унга нисбатан меҳри кучлирок эди. Халқ орасида ҳам Рамнинг обрўси жуда баланд эди. Шу сабаб Дашаратха ўзидан кейин катта ўғли Рамни ворис деб эълон қилишга қарор қилади. Лекин, иккинчи аёли Кекеянинг бир ёвуз феълли оқсочи унинг ўғли Бхаратанинг энагаси эди. Мана шу аёл Кекеяни йўлдан уриб, агар Рам келажакда шоҳ бўлса, ундан кейин тахтга унинг ўғиллари ўтириши ва унинг ўғли Бхарата бориб-бориб тахтдан ўзи ҳам, фарзандлари ҳам қуруқ қолиши ҳақида уқтиради. Бундан чўчиган малика Кекея ўғлининг келажагидан ҳавотирланиб, қандай қилиб бўлса ҳам тахт вориси қилиб ўз ўғлини ўтказиш йўлини қидира бошлайди. Бунда унга ўша ёвуз энага йўл кўрсатади. Бир вақтлар шоҳ Дашаратха Кекеядан жуда хурсанд бўлган вақтида унга икки шартини бажаришга ваъда берган бўлади. Шу ваъдани энага унга эслатиб ваъдадан фойдаланиш вақти келганини ва бу икки шарт ҳисобидан Рамни ўн тўрт йилга ўрмонга сургун қилиш ва Бхаратани тахт вориси қилиб эълон қилиш талабини шоҳ олдига қўйишни Кекеяга ўргатади. Ҳинд жамиятида эса шоҳнинг ўз ваъдасидан қайтиши унинг эл-юрт олдида обрўсизланишига, халқнинг унга нисбатан ишончи йўқолишига олиб келиши мумкин эди. Шу сабаб бу гапни эшитган Дашаратха боши берк кўчага кириб қолади. Ўз ваъдасини қандай бажаришни кўз олдига келтира олмаган шоҳ кундан кун ўйга толиб, бир қарорга кела олмай сўниб боради. Буни кўрган Рам отасидан унинг ғамгинлик сабабини сўрайди. Бу саволга отасидан жавоб ололмагач, Рам бошқалардан сўраб-суриштириб билади ва ҳақиқатни эшитгач, отасининг Кекеяга берган ваъдасига вафо қилишни, унинг ўғли Бхаратани ҳеч иккиланмай тахт вориси деб эълон қилишини сўрайди. Дашаратха бунга кўнмайди. Рам эса шоҳ сўзида турмаслиги салтанатга путур етказиши ва халқ олдида «ёлғончи шоҳ» деган ном тарқалиши ўзини сургун қилишдан кўра оғирроқ эканлигини отасига уқтиришга ҳаракат қилади, лекин бу қарор ўта ноҳақлигини англаётган шоҳ Рамнинг гапига кўнмайди, натижада Рам отасининг обру-эътиборини сақлаб қолиш мақсадида ўз хоҳишига кўра отасининг ваъдасини амалга ошириш мақсадида ўрмонга кетади. У билан бирга унинг аёли Сита ва укаси Лакшманлар ҳам бирга кетадилар. Бхарата эса тахт вориси деб эълон қилинади. Рамга ўта меҳр қўйган шоҳ бундай айрилиққа ва ноҳакликка чидай олмай виждони қийналавериб, охири қаттиқ касал бўлиб ётиб қолади ва Рамни кўра олмай оламдан кўз юмади. Бу пайтда Бхарата онасининг юрти Кашмирда дам олиб юрган эди. Айодхьяга қайтганида бундан хабар топган халқ уни нафрат билан қарши олади. Саройда ҳам ҳаммани мотам кайфиятида кўриб Бхарата ҳеч нарсани тушунмайди. Кейин у ҳақиқатни билгач онасидан қаттиқ хафа бўлади, унга аччиқ гапларни айтиб, тахту-тож илинжида эл-юрт олдида ўз ўғлини уятга қўйгани учун онасидан юз ўгиради ва тахтга акаси Рамнинг оёқ кийимини қўйиб ўзи акаси Рамни олиб келиш учун ўрмонга йўл олади. Лекин Рам Бхаратанинг гапини инобатга олмайди ва унга саройга қайтиб тахтни бошқаришни буюради. Лекин, Бхарата шоҳ бўлишдан бош тортиб акасининг оёқ кийимини тахтга қўйиб, бошқаришни вазирларга топшириб ўзи бошқа ўрмонга 14 йилга кетади. Бу давр мобайнида ўрмонда турли воқеалар бўлиб ўтади. Рам ёвузлик тимсоли бўлган Раванни енгади. Ланка юртидаги халқни ёвуз шоҳ Раван азобидан қутқаради. 14 йил ўтгач Рам яна Айодхьяга қайтиб келиб, одил шоҳ сифатида тахтни бошқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |