2. Веданта - ведаларга диний-фалсафий талқинлар
Веданта бу қадимий ҳинд адабиёти намуналаридан бўлиб, унинг мазмуни асосан ведаларнинг мадҳия-қўшиқларига изоҳ бериш билан боғлиқ. Асарнинг номи ҳам «веда» ва «ант», яъни «охири» деган сўзлардан олинган бўлиб, ведаларга якуний изоҳлар деган маънони англатади. Веданта мазмунидаги талқин ва изоҳларнинг яралиш тарихи ҳам узоқ вақтни ўз ичига олади. Бу давр ҳинд жамиятида ведалардан бошқа илм берувчи ҳали бирон бир манба яратилмаган бир даврга тўғри келади. Ҳинд зиёлилари, яъни брахманлар аста секин веда қўшиқлари мазмунида яширинган диний-фалсафий қарашларни илмий жиҳатдан ўрганиб, веда илми билан ҳинд халқини яқиндан таништириш мақсадида уларга изоҳлар ёза бошлаганлар. Брахманлар веда қўшиқларига берилган изоҳларни мазмун-моҳиятига кўра уч гуруҳга ажратганлар, улар: брахманлар, араньяклар ва упанишадлар. Бу уч тўпламга ведаларга якуний изоҳлар деган маънони англатувчи «Веданта» номи билан берилган. Ванданта таркибига кирган уч тўпламнинг мазмуни қуйидагича:
1) Брахманлар - инсон ҳаётини даврларга ажратиш ҳақидаги фалсафий қарашлар.
2) Араньяклар - ўрмон ҳаёти ҳақидаги билимлар мажмуаси.
3) Упанишадлар – ведаларга соф фалсафий талқинлар.
Веданта тўпламларининг яратилиш даврига келсак бу милоддан аввалги VIII-VI асрлар бўлиб, бу даврда Ҳиндистоннинг тараққиёт маркази шарққа томон силжиган, жамиятда кастачилик тизимининг роли пасайиб бораётган ва янги дунёқарашлар шаклланаётган бир давр бўлган. Бу даврда хукмрон дин бўлган брахманизмнинг ҳам жамиятдаги мавқеи анча пасая бошлаган. Ведалар эса шундай бир илм манбаи бўлганки, ҳинд зиёлилари улардан ҳамиша қандайдир янгилик излаб, уларни вақт ўтиши билан турлича тавсифлаб борганлар. Шу тарзда ведаларга фалсафий талқинлар кўпайиб вақти-вақти билан бу талқинлар ўзгариб, бойиб борган.
1) Брахманларнинг мазмуни. «Брахманлар»нинг яратилиш даври милоддан аввалги VII-V1 асрларга тўғри келади, деб таҳмин килинади. Ҳинд жамиятининг зиёлилари - брахманлар веда илмлари асосида инсон ҳаётини ўрганиб, унинг бу дунёдаги хаётини тўрт асосий даврга ажратиш мумкин, деган фикрни илмий жиҳатдан асослаб берганлар ва бу ҳақдаги мулоҳазаларини «Брахманлар» номли китобда баён этганлар.
Инсон ҳаётининг бу тўрт даври қуйидагилардан иборат:
1)ёшлик (ҳаётни ўрганиш, яъни шогирдлик даври)
2)грихастха (оилали бўлиш даври)
3)дарвешликка ўтиш даври
4)тўлиқ дарвешлик даври
Бу тўрт даврни ҳар бир инсон бошидан кечиради ва бу даврларга ҳинд файласуфлари қуйидагича таъриф берадилар:
Ёшлик яъни, шогирдлик даврида инсон ҳаётга келиб, унда яшашга ўрганиб, уни англай бошлаганидан кейин иккинчи даврга, яъни оила қуриш даврига қадам қўяди. У энди инсон нима учун пайдо бўлган, унинг ер юзидаги бурч ва вазифалари нималардан иборат, деган саволлар моҳиятини англаб етиб, секин-аста янги ҳаётга, ўз инсоний бурчини бажариш учун иккинчи давр грихастха, яъни оилали бўлиш даврига кириб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |