Веда китобларининг бунёдга келиши. Аввалига веда қўшиқлари алоҳида-алоҳида қўшиқлар сифатида жамиятда оғзаки шаклда яшаб келган. Кейинчалик бундай қўшиқлар кўпайиб борган сари дарвеш ва авлиёлар уларни кичик-кичик тўпламлар сифатида жамлаб борганлар ва улар «самхиталар», яъни «тўпламлар» номи билан юритилган. Уларга «Веда» деган ном кейинчалик, кўп асрлар ўтганидан кейин донишманд-авлиёлар томонидан берилган. Улар «самхиталар»ни ўрганиш асосида қўшиқлар мазмунида олам ва табиат ҳақидаги билимлар эканлигига ишонч ҳосил қиладилар ва «самхиталар» таркибидаги кўшиқларни мазмунига кўра ажратиб, улардан алоҳида тўпламлар яратадилар ва уларга «веда», яъни «билимлар» деб ном берадилар. Натижада «ведалар» номи билан юритиладиган уч йирик тўплам бунёдга келади.
Ведаларнинг бунёд бўлиши даври масаласида ҳинд мутахассислари орасида турли тахминлар мавжуд. Айрим мутахассислар ведаларнинг яратилишини милоддан аввалги иккинчи минг йилликларга тақаса, бошқалари ундан ҳам илгарига - тўртинчи минг йилликларда яратилган деб ҳисоблайдилар. Ведаларнинг яратилиш даври ҳақидаги биринчи тахмин кўпроқ ҳақиқатга тўғри келади. Чунки, икки буюк ҳинд эпоси - «Рамаяна» ва «Маҳабхарата» милоддан аввалги биринчи минг йилликлар даврида шаклланганлигини ҳисобга олсак, бу даврда ведалар аллақачон яратилиб бўлинган эди. Аслида олам ҳақидаги даслабки илмларни берувчи ведаларнинг яратилиш жараёни узоқ даврни ўз ичига олади ва уларни эпослардан анча аввал яратилганлиги ҳақиқатга яқиндир. Албатта, ведаларнинг шаклланиши "орийлар"нинг Ҳиндистон яриморолига кириб келиши даври билан боғланадиган бўлса, милоддан олдинги иккинчи мингйиллик тарихий воқелик билан ҳам мос келади.
Мутахассислар фикрига кўра, Веда қўшиқларини жамлаш икки даврни ўз ичига олади, биринчиси - ведаларни илк тўпламларга жамлаш, бу «самхиталар» даври аталади. Иккинчи давр эса авлиё донишмандлар томонидан қўшиқларни мазмун жиҳатдан ажратиб, уч веда китобининг яратилиш даври.
«Самхиталар»нинг яратилишига, юқорида тилга олинган «шрути» (қулоққа чалинган) ва «смрити» (ёдда қолган)лар асос бўлган. «Шрути» ва «смрити»лар бу веда қўшиқларининг халқ оғзаки ижодида қўшиқ қилиб куйлаш орқали асрдан асрга ўтиб бориш жараёнидир.
Авлиё дарвешлар «самхиталар»ни ўрганиш асосида қўшиқлар мазмунида олам ва табиат ҳақидаги билимлар эканлигига ишонч ҳосил қилгач, «самхиталар» таркибидаги кўшиқларни мазмунига кўра гуруҳларга ажратиб, улардан алоҳида тўпламлар яратганлар ва бу тўпламларга «веда», яъни «билимлар» деб ном берганлар. Натижада «веда» номи билан юритиладиган уч йирик тўплам – Ригведа, Яжурведа ва Самаведа номли тўпламлар бунёдга келган126.
Do'stlaringiz bilan baham: |