2) Маҳабхарата. Қадимги Ҳиндистон адабиётининг иккинчи йирик эпоси бу «Маҳабхарата»дир. Асарнинг ўлка тарихи билан чамбарчас боғлиқлиги унинг номидаёқ яққол кўзга ташланади. Чунки, бу мамлакат аслида Бхарат номи билан юритилади. Ўрта асрларда Ҳиндистон ҳудудларига ислом динининг кириб келиши ва ҳинд халқи орасида мусулмонларнинг пайдо бўлиши натижасида мусулмонлар томонидан Бхарат мамлакати "Ҳиндустан", яъни ҳиндулар юрти, деб номлана бошлади, Бхарат мамлакатини Ҳиндустон деб аташ шу асосда пайдо бўлди.
“Маҳабхарата” деган ном икки сўздан ташкил топган: «махан» ва «Бхарата», яъни «буюк» ва «Бхарата». Эпосни «Буюк Бхарата» деб таржима қилиш мумкин. Демак, «Маҳабхарата» Буюк шоҳ Бхарата ҳақидаги асар дейиш мумкин. Афсонавий шоҳ Бхарата Ҳиндистон тарихида шунчалик одил шоҳ сифатида довруқ қозонганки, бутун яриморол унинг номи билан юритиладиган бўлиб қолган.
Шоҳ Бхарата Ҳиндистоннинг марказий қисмида жойлашган Ҳастинапур давлатининг (ҳозирги Деҳли атрофи худудидаги давлат) шоҳи бўлган. Ҳастинапур шоҳи Бхарата ақл заковатда, куч қудратда тенги йуқ шоҳлардан бўлган. У жуда ҳақпарвар ва халқпарвар шоҳ бўлиб, унинг давлатида халқ бахтли, фаровон ва тўқ турмуш кечирган. Тарихда Бхарата шоҳи ҳақида жуда кўп афсоналар мавжуд бўлган. «Маҳабхарата» эпосига шоҳ Бхарата ҳақидаги жуда гўзал ривоятлар киритилган. Ҳастинапур шоҳлиги анъанага кўра авлоддан авлодга ўтиб келаверган ва унинг барча авлодлари ҳам ўз буваларидек одил, ақлли ва халқпарвар шоҳ сифатида ном қолдирганлар. Шу сабаб бу мамлакатда кўп асрларгача тинчлик ҳукм суриб, ҳеч қандай уруш, талон-тарож ёки халқни азоблаш каби воқеалар бўлмаган. Асрлар ўтиб Бхаратанинг еттинчи авлодида тарихда биринчи марта тахт учун кураш, адолат ва адолатсизлик жанги бошланган. Мана шу кураш тарихи «Маҳабхарата» асарининг асосий сюжетини ташкил этади.
«Маҳабхарата» эпоси Рамаяна эпосига нисбатан ҳажм жиҳатидан анча катта асар. У ўн саккиз китобдан иборат. Бу эпос ҳам худди «Рамаяна»дек ҳинд адабиётининг анъанавий рамкалаш усулида яратилган, яъни кўп сюжетли асар бўлиб. у ҳам санскрит тилида яратилган. Кейинчалик эса бошқа миллий тилларга таржима қилинган.
«Маҳабхарата»нинг ёзма адабиётга кириб келиш тарихига тўхталадиган бўлсак, у аввалига кўп асрлар давомида халқ оғзаки ижодида авлоддан авлодга ўтиб келган. Бу давр мобайнида у янги-янги сюжетлар билан бойиб борган. Кейинчалик афсонавий авлиё, достондаги иштирокчилардан бири бўлмиш Вьяса томонидан келажак авлодларга бу тарихий воқеани етказиш мақсадида сўзлаб берилиши асосида у ёзма адабиётга кириб келган, деб тахмин қилинади. «Маҳабхарата» воқеалари Рамаяна воқеаларига нисбатан кейинроқ содир бўлишига қарамасдан ёзма адабиётга Рамаянадан аввал кириб келган. Ҳинд мутахассисларининг ёзишича, «Маҳабхарата» воқеалари бўлиб ўтган давр милоддан аввалги иккинчи минг йиллик охирлари бўлса, унинг бизгача етиб келган энг даслабки ёзма варианти милоднинг V-VI асрларига тўғри келади.
«Маҳабхарата» ҳам “Рамаяна” эпосидек ярим афсонавий ва ярим тарихий асардир. Унинг афсонавийлиги ундаги маъбудлар, ярим маъбудлар, фаришталар ва инсонлар орасида бўлиб ўтадиган турли ғайри табиий воқеаларнинг кўплиги билан боғлик бўлса, тарихийлиги ундаги барча давлатлар ва уларнинг шоҳлари ҳақиқий тарихий шахслар бўлганлиги, уларнинг ўша ҳудудларда шоҳлик қилганликлари, эпос воқеалари тафсилотида учрайдиган шахс ва жойларнинг номи бугунги кунда ҳам мавжудлиги бу асарнинг ўлка тарихи билан боғлиқ эканлигини белгилаб беради.
«Маҳабхарата» эпоси ҳам ҳинд халқининг энг севимли ва ёддан биладиган асари. «Маҳабхарата» эпоси орқали вишнуизм (бугунги ҳиндуизм)нинг муқаддас китоби “Бхагавадгита” нозил бўлган. Бу китоб эса Вишнунинг ердаги тажасссуми Кришнанинг ўгитлар китобидир.
Бугунги ҳинд жамиятини Рам ва Кришнасиз бутунлай тасаввур этиб бўлмайди. Ведалардан кейинги иккинчи йирик диний ғояни ҳинд жамиятига олиб кирган асарлар мана шу икки эпослардир. Аниқроқ қилиб айтганда, ведалар даврида брахманизм диний ғоялари ҳукмрон мафкура бўлган бўлса, эпослар даврида ҳинд жамиятига янги - вишнуизм мафкураси кириб келди. Мана шу вишнуизм ғояси Рамаяна ва Маҳабхарата эпослари орқали ҳинд жамиятида мустаҳкам ўрин олган. «Маҳабхарата»да Кришна маъбуди асарнинг бош каҳрамони Аржунга олам, борлиқ, инсоният ва улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақидаги мулоҳазаларини тушунтиради. Кришнанинг мана шу ўгитлари кейинчалик эпос таркибидан алоҳида ажратиб олиниб муқаддас «Бхагавадгита» китобига айланди. «Бхагавадгита» икки сўздан ташкил топган - «Бхагван» - маъбуд ва «гита» - қўшиқ, демак, китобнинг номини «Маъбуд қўшиқлари (ёки сўзлари)» деб таржима қилиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |