Коррекцион иш босқичлари Биринчи босқич Бу босқичда психолог болага ҳикоя тайёрлашни эмас, балки ўзи бошлаган ҳикояни давом эттиришни ва тугатишни таклиф қилади. Одатда болалар бу ўйинни жуда ёқтиришади.
Психолог столга «пальма» (расмсиз кубик) қўяди, унга «маймунларни ўтқизади» (ҳар хил юз ифодали расми бор кубиклар), ва денгизни таърифлайди. «Мовий денгиз қирғоғида пальмалар ўсар эди. Дарахтда маймунлар яшашар эди. Денгизга балиқчилар тўр ташлашди (битта кубик қўяди) ва уйга кетишди». Шу ерда психолог ҳикояни тўхтатади. Бир оз паузадан кейин агар бола ҳеч нима демаса психолог савол беради «Кейин нима бўлди?»
Одатда бола ҳам кубиклар ҳаракати билан бошлашади. Масалан; «Маймунлар тўрни олишди, уни пальмаларга осиб арғимчоқ қилиб уча бошлашди». Баъзан ҳикоя давомида маймунлар учун баъзи бир ёқимсиз ҳолатлар айтилиши мумкин, масалан; «Улар тўрни йиртиб юборишди. Балиқчилар келишди ва тўрни ким йиртганини билишни хоҳлашди. Аммо маймунлар қайтиб келишди ва тўрни ямашга ёрдамлашишди». Ёки «Балиқчилар тўрни ташлаб уйларига кетишди, маймунлар эса тўрни олиб ундаги барча балиқларни еб қўйишди. Уларга балиқ ёқиб қолди ва ўзлари балиқ овлагани боришди. Маймунлар шунчалик кўп овлашдики, ҳаммасини ея олишмади. Балиқчилар келиб тўрдаги балиқларнинг кўплигини кўришди ва жудаям хурсанд бўлишди».
Боланинг режиссёрлик ўйинларини моҳирлик билан ўйнай олишлари учун, катталар ҳикоясини мустақил давом эттира олишлари учун бир оз ёрдам бериш лозим. Психолог кубиклардан девор ясайди, расмли кубикни олади ва айтади «бу бола деворга бошқа боланинг расмини чизибди». Ҳикоя давомида психолог девор ғиштларидан бирини расмли кубик билан алмаштиради. Шу ерда ҳикоя тўхтатилади. Болалар одатда уни шундай давом эттиради: «Бола уйига келганида онаси уни деворга чизганини билиб қолиб жуда қаттиқ уришди ва бориб ҳаммасини ўчириб ташлашни буюрди. Бола девор ёнига бориши билан ёмғир ёға бошлади ва расмни ювиб юборди». Ёки «Чизилган бола жонланиб расмдан чиқди. Болалар дўстлашиб олишди ва биргаликда мазза қилиб ўйнашди. Кейин улар биргаликда деворга яна бир боланинг расмини чизишди».
Агарда бола ҳикояни давом эттиришга қийналса ёки қандайдир аффектив якун (масалан: «болани онаси уришди ва у йиғлади», ёки «чизилган болага жон кирди ва ўзини чизган болани урди») айтса болага қуйидагига ўхшаш ўйин ҳикояни давом эттиришни таклиф қилиш керак. «Бор экану йўқ экан, бир шаҳарчада фил, тулки, кит, кенгуру, жирафа ва маймун бор экан Улар бир уйда аҳил ва иноқ яшашар экан. Уларнинг катта ҳовлиси бор экан. Улар эрта туришар ва ҳар бири ўз иши билан машғул бўлар экан. Фил хартуми билан ҳовлини суғорар экан. У сувни ҳовлидаги ҳовуздан олар экан, ҳовузда эса кит сузиб юрар ва филга ёрдамлашар экан. Тулки ҳовлини супирар, кенгуру эса ҳар доим почтани олиб келар экан. Улар ҳар хил шаҳардаги болалардан хатлар олишар экан. Болалар сеҳрли шаҳар ҳақида кўпроқ билишни хоҳлашар экан. Кунлардан бир куни..»
Юқоридагилар каби бу ҳикояда психолог ўйин ҳаракатини давом эттиради: уй қуради (катта кубикларни вертикал қилиб теради), ҳовуз ясайди (кичкина ғиштчаларни айлантириб девор қилиб териб чиқади) ва унга китни жойлаштиради. Аммо ҳеч нима қурмаслик ҳам мумкин, шунчаки кубиклардан керакли персонажни белгилаб қўйиши мумкин, қолганини бола ўзининг тасаввури ёрдамида бажаради. Болалар ўйинни давом эттириши кераклигини билишади. У ҳикояни қуйидагича давом эттириши мумкин: «Бир куни ҳайвонлар хат олишди. Фил уларга жавоб ёзди ва болаларни меҳмонга таклиф қилди. Болалар самолётда учиб келишди. Фил жуда хурсанд бўлди ва болаларга келгани учун рахмат айтди». Бола мустақил тарзда ўйинга қанақадир қайғули вазиятни қўшиб қўйиши мумкин, аммо одатда ҳикояни бахтли якунлашади: «Фил ҳовузга чўкиб кетди. Ҳамма уни қутқазмоқчи бўлди ва ўзлари ҳам чўкиб кетишди. Ҳовуз остида сув ости кемаси бор экан. Уларнинг ҳаммаси сув ости кемасига чиқиб олишди ва сувдан чиқишди. Ҳамма қутқарилди».
Ўйин ҳар хил, қувноқ ёки ғамгин, ички низолар билан ёки уларсиз бўлиши мумкин. Юқоридаги босқичларда коррекцион иш мақсади тўлиқ амалга оширила олинса барча болалар ўйинга бахтли якун беришади.