Иқтисодий таълимотлар тарихини ўрганишда маълум даврлаш тизимидан фойдаланилади.
Таниқли иқтисодчи олим Ж.К.Гэлбрейт: «Амалда иқтисодий ғоялар ўз даври ва вужудга келиш жойининг махсули бўлиб, улар билан чамбарчас боглангандир; бу ғояларни улар тушунтириб бераётган дунёдан мустақил равишда ажратиб қараш мумкин эмас; бу дунё эса доимо ўзгаришда бўлади, агар бу ғоялар ўз максадларига тўла жавоб беришни кўзласалар, доимо шунга мос равишда ўзгариб туришлари керак», деб ёзган эди.
Капитализм, бозор муносабатлари даврида хўжалик ва ижтимоий ҳаётда байналмилаллик (интернационализм) кучайганлиги туфайли, иқтисодий фикрнинг ривожланиши ҳам ягона жаҳон жараёнига айлана бошлади. Окибатда, классик иқтисодий мактаб асосчилари В.Петти, А.Смит ва Д.Рикардонинг қарашлари қисқа вақт ичида бутун жаҳонга маълум бўлди, ваҳоланки ундан аввалги кўпгина назариялар айрим мамлакатларда кўпчиликка маълум бўлмасдан «ўлик мол» сифатида ётган.
Fарб мамлакатларида юзага келган «Экономикс» ва бошқа тадқиқотлар барчанинг диққат-эътиборини жалб килмокда.
Қадимдан то ҳозирги давргача минглаб турли-туман иқтисодий ғоя, қараш, концепция, назария, таълимотлар вужудга келганлиги аниқ. Уларнинг барчасини тўла ўрганиш алоҳида мавзу, махсус муаммо. Шу мақсадда янги-янги тадқиқотлар олиб бориш, таҳлил этиш ва умумлаштириб эълон қилиш зарур, бу якин келажак вазифаси сифатида қабул қилиниши мумкин.
Аммо ҳозирги давргача жамланган барча иқтисодий ғояларни маълум системага солиш ва шу асосда ўрганиш мақбулдир. Аммо ўтган давр ҳодисалари ва ғояларини ҳозирги замон қарашлари «қолипи»га зўрма-зўраки келиштириш, мослаштириш мумкин эмас. Бу тарихни вульгар замонавийлаштиришга, ўрганилаётган даврнинг хусусиятларини инкор этишга олиб келади.
Бу фан доим ривожланишда бўлиб, бир-бирини тўлдирувчи эволюцион (мавжуд ғояларнинг янада чуқурроқ такомиллашуви) ва инқилобий (бутунлай янгича концепциялар вужудга келиши) йўллари мавжуд. Инқилобий ўзгаришга мисол сифатида А.Смит ва унинг издошлари ғоялари, маржиналистик тўнтариш, янги классик йўналиш (А.Маршалл), Ж.М.Кейнснинг иқтисодий қарашларини келтириш мумкин. Ўтиш даври иқтисодиёти бўйича ғоялар ҳозирги даврнинг муҳим қарашлари мажмуасига киради ва ниҳоятда долзарбдир, бу масала бизда Ўзбекистон мисолида қараб чиқилди.
Таниқли давлат арбоби Уинстон Черчилл (1874-1965) «Қаерга боришимизни билиш учун, қаердан чиққан эканлигимизни билишимиз керак», деб айтган эди. Бу ғоя ниҳоятда аҳамиятли бўлиб, босиб ўтилган йўлни тўғри баҳолаш ва келажак истиқболини кўзлаш ҳакида гап боради.
Иқтисодчиларнинг тадқиқотларидаги асосий бош ғоя - жамият, инсоният, айрим шахсларнинг бойлиги масаласидир. Мақсад бир, лекин унга элтадиган йўллар ниҳоятда хилма-хил эканлигини кўрамиз. Илк капиталистик муносабатлар вужудга келган давргача (XV аср) бўлган иқтисодий ғоялардаги умумийлик шуки, барча донишмандлар ва уларнинг ёзган асарларида меҳнат ва ер бойликнинг асосий воситаси эканлиги турли йўллар билан талқин этилади, уларда ишлаб чиқариш соҳаси асосий деб ҳисобланган.
XV-XVII асрларда (қисман XVIII аср бошларида) янги иқтисодий таълимот - меркантилизм вужудга келди. Меркантилизм тўғрисида қисқа маълумот берадиган бўлсак, унинг моҳияти иқтисодий сиёсатда мамлакатда ва давлат хазинасида нодир металларни кўпроқ тўплаш, таълимотда эса муомала (савдо, пул обороти) соҳасидаги иқтисодий қонуниятларни излашдир, яъни аввалги даврдаги ғоялардан кескин фарқ қилади.
Кейинги муҳим ўзгариш, бу классик иқтисодий мактабнинг юзага келишидир (XVIII аср). Бу иқтисодий таълимот ичида физиократизм ҳам вужудга келдики, унинг умри унча узоқ бўлмади. Классик мактаб ғоялари ҳозирги даврда ҳам турли шаклларда қайта намоён бўлмокда (неоклассик, либерал, неолиберал...). Маркс номи билан боғлиқ бўлган марксизм таълимоти (нобозор иқтисодиёт) ҳам тарихда муҳим ўринни эгаллайди. Ҳозирги даврда бу таълимот тўғрисида имкони борича гапирмасликка ва айниқса ёзмасликка ҳаракат кучайиб бормоқда, кўпроқ унинг фақат салбий томонларини тилга олиш «мода»га кирган. Бунда «жон» бор албатта, шуни 1917 йили Россияда бошланган марксизмни ҳаётга тадбиқ этиш жараёни самарасиз тугади. Кейинчалик шу йўлга ўтган бир қанча мамлакатларда ҳам эксперимент самарасиз якунланди. Лекин тарих учун инсониятга бу сабок жуда муҳим, шу сабабли уни четлаб ўтиш адолатдан эмас, деб ҳисоблаймиз. Хаёлий социалистлар ва марксчиларнинг иқтисодий ғоялари ҳам ўрганилиши зарур.
XIX аср 2-ярмида аввалги ғояларга, марксизмга муҳолиф равишда вужудга келган ва умумлаштирилган ҳолда маржинализм деб аталадиган таълимот ҳозирги замоннинг асосий иқтисодий ғояси хисобланади. Лекин шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бирор таълимот доимо соф ҳолда амалда деярли қўлланилмайди. Ҳар бир таълимотнинг кўплаб турли оқим ва йўналишлари мавжуд. Одатда соф эркин бозор муносабатлари деярли учрамайди. Бозор муносабатларининг унсурлари, улар ўртасидаги нисбат ҳам доимо ўзгариб туради. Демак, иқтисодий таълимотлар тарихи фанининг муҳим хусусиятларидан бири, бу унинг доимо ҳаракатда, ўзгариш, ривожланишда эканлигидир. Бир мамлакат чегарасида иқтисодий таълимот таъсири остида иқтисодий сиёсат ҳар доим ривожланишда бўлиши керак.
90-йилларда тарихий жараёнларда яна бир ҳолат қайд этилмокда. Бу «социалистик» деб аталган ва иқтисодиёти маъмурий-буйруқбозликка асосланган («режали иқтисодиёт» ҳам дейилади) мамлакатларнинг бозор иқтисодиётига ўтиш даври амалга ошмоқда («ўтиш иқтисодиёти» деб ҳам номланади). Бу тарихда биринчи марта рўй бермокда, охирги ун йилликлар тажриба бор. Аммо бу ҳолат кўп мунозараларга сабаб бўлмокда.
Маърузаларимизда Ўзбекистон мисолида бозор муносабатларига ўтиш иқтисодиёти концепцияси хусусиятлари баён этилади.
Фанни ўрганиш вазифаси ва аҳамияти
Иқтисодий таълимотлар тарихи фанининг бошқа фанлардан фарқли яна бир муҳим хусусияти шуки, ҳар бир ғоя, таълимот уни яратган бир ёки бир гуруҳ инсонлар, олимлар, давлат раҳбарларининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда берилади.
Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Милтон Фридменнинг фикрича, фанни ўрганишда олимларнинг «автобиография ва биографияларига мурожаат қилиш, шу йўл билан олимларни афоризм ва мисоллар ёрдамида рағбатлантириш керак, фақат силлогизм (дедуктив фикрлаш) ва теоремалар билан чекланмаслик зарур».
Шарқ, хусусан Марказий Осиё донишмандларининг иқтисодий ғояларини ўрганиш, аслини олганда, энди бошланди, шу сабабли маърузалар бу б8лими янги материаллар билан тўлиб боришига ишончимиз комил.
Етакчи мамлакатлар тараққиётининг асосий омилларидан бири, бу давлатлар иқтисодиётининг бўлаётган ўзгаришларга тез адаптациясидир, яъни мослашувидир.
АКШ давлати тарихида қисқа вақт давомида иқтисодий сиёсат бир неча бор алмашди ва иқтисодий равнақ сақлаб қолинди. Буюк депрессия (1929-1933 йй.)дан кейинги даврда АҚШ президенти Д.Рузвельт «янги йўл» курси билан Ж.М.Кейнснинг иқтисодий ғояларини амалда қўллади (давлатнинг иқтисодиётдаги роли кескин ошди, ваҳоланки ундан аввалги йиллари хусусий мулк (99 фоиз) асосий ва етакчи бўлган). Кейинроқ президент Р.Рейган даврида давлатнинг иқтисодиётдаги роли анча камайтирилиб, либерал (эркин) иқтисодиётга кенг йўл очиб берилди (рейганомика), оқибатда бу президент даврида қўшимча 14 миллион киши тадбиркорлигига йўл очиб берилди, янги-янги миллионерлар вужудга келди. Худди шундай ҳолат Б.Клинтон президентлик даврида ҳам қайд этилди.
Буюк Британия иқтисодиётида ҳам буни кўриш мумкин (тетчеризм). Иқтисодий сиёсат ва иқтисодий ғояларнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини исботловчи мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Айниқса, «социалистик» деб аталган ривожланиш йўлидан воз кечмаган Хитой ва Вьетнам давлатларининг иқтисодий тараққиёти ҳам диққатга сазовордир. Бозор иқтисодиёти унсурларининг кенг ривожланишига имкон берувчи иқтисодий ислоҳотлар туфайли катта ютуқларга эришилди.
Иккинчи жаҳон уруши туфайли иккига ажратилган ГФР ва ГДРларнинг бу давлатлар қайта бирлашгандан кейинги иқтисодий ривожи ҳам жуда ибратлидир. «Социалистик» лагерь вакиллари ичида етакчи бўлган ГДРнинг тўла эркин бозор муносабатларига ўтиши учун хийла катта маблағ ва вақт талаб этилиши аниқ бўлиб қолди. Ваҳоланки, Россиянинг таниқли иқтисодчи олимлари бозор иқтисодиётига ўтишнинг «500 кунлик», хатто «100 кунлик» дастурларини таклиф этдилар (Шаталин, Явлинский...). Бу йўл ўзини оқламади.
Иқтисодий таълимотлар тарихига, балки бошқа фанларга ҳам хос бўлган яна бир хусусият шуки, иқтисодий ғоялар доимо диалектик ривожланишда бўлиб, уларнинг таҳлилига сўнгги нуқта қуйиш қийин. Бундан бир неча юз йил аввал юзага келган фикр ва ғояларнинг маъноси устида тортишув ва бахслар ҳали ҳам давом этиб келмокда. Масалан, ханузгача К.Маркснинг қиймат (русча - «стоимость») тўғрисидаги фикри аслида қиммат (русча - «ценность») бўлган, деган фикр мавжуд. Маркс асарларини немис тилидан таржимада йўл қўйилган хато туфайли жиддий тушунмовчилик юзага келган, дейилган (Блауг М. Экономическая мысль в ретроспективе.М. ,1994).
Бу фан тарихи шуни аниқ исботламоқдаки, кўпгина иқтисодий ғоялар объектив хўжалик амалиёти билан чамбарчас боғлиқ. Кўпгина олимлар авваллари (ҳозир ҳам учраб туради) ўз қарашларини мутлоқ универсал беками-кўст деб кўрсатишга уринганлар. Албатта, «абадий» қонуниятлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни исталган тизимда кузатиш мумкин, аммо кўп ҳолларда олимлар бугунги хақиқатнинг тарихийлигини илғаб олишга ҳар доим қодир эмас.
Яна бир муҳим масала устида тўхтаб ўтиш керакки, аввал юзага келган иқтисодий ғояларга шу кунги ўлчовлар билан баҳо берилади ва одатда илгариги ғоядаги «хато» ва «камчилик»лар аниқланиб, янги ғоянинг ундан афзаллиги «исботланади».
Бунда диалектик мантиқ бор албатта, лекин юқорида таъкидланганидек, аввалги ғоялар туфайли одатда янги ғоялар юзага келади, шунинг учун бу ғоя «яхши», униси «ёмон» каби баҳолаш адолатдан бўлмайди. А.Смитнинг машҳур асарида ўзидан аввалги даврда юзага келган антик дунё, меркантилизм, физиократизм таълимотлари таҳлил этилган, Европанинг иқтисодий тарихи синчиклаб ўрганилган ва янги гоя вужудга келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |