Биринчидан, инсон муаммолари марказий муаммога айланади. Ривожланиш одамлар фаровонлигининг ошиши нуқтаи назаридан таҳлил қилинади ва тушунилади. Ҳар қандай фаолият унда қанча одам қатнашганлиги ва фойдаланганлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Ривожланиш сиёсатининг муваффақиятли бўлишининг бурилиш нуқтаси сифатида ишлаб чиқаришнинг кўпайиши эмас, балки инсонлар ҳаётининг яхшиланиши олинади.
Иккинчидан, инсоний ривожланиш икки томондан иборат эканлиги назарда тутилади. Биринчиси - яхши соғлиқ, саломатлик, чуқур билим ва ҳунарлар каби инсоний қобилиятлар мажмуаси бўлса, иккинчиси - иш билан таъминланганлик, ишлаб чиқариш фаолияти, сиёсий фаолият ва ҳордиқ чиқариш каби эришиладиган қобилиятларга эга бўлиш йўлидаги одамлар дунёқарашини оширишдир. Бу иккала томон меъёрининг инсоний ривожланиш томонидан тартибланмаганлиги инсонлар режаларининг талафотида ўз аксини топади.
Учинчидан, пировард мақсадлар ва уларга эришиш усуллари орасида аниқ фарқ ўтказилиши зарур. Одамлар мақсад сифатида қаралиши керак бўлса-да, унга эришиш усуллари ёддан чиқмаслиги керак. Ялпи миллий маҳсулотнинг (ЯММ) ўсиши кўпгина инсоний фаровонлик кўрсаткичлари ўсишининг муҳим омилидир. Аммо иқтисодий ўсишнинг ҳарактери ва тақсимланиши одамлар ҳаётини бойитишга нисбатан ўлчаниши зарур.
Тўртинчидан, инсоний ривожланиш фақат иқтисодиётни эмас, балки бутун жамиятни қамраб олади. Сиёсий, маданий ва ижтимоий омилларга иқтисодий омилларга каби эътибор берилади.
Бешинчидан, одамлар ривожланишнинг мақсади ва эришиш омили эканлиги тан олинади. Одамлар материалистик машина учун қулай ем эмас, балки ривожланишнинг охирги мақсади эканлиги доим ёдда бўлиши керак. Одамлар товар ишлаб чиқаришнинг «инсоний капитал» ниқоби остидаги қуроли эмаслиги кўзда тутилиши керак.
Хўш, мамлакатнинг инсоний ривожланиш даражаси қандай баҳоланади? Бу муаммонинг замонавий ечимларига бир оз тўхталамиз. Мамлакатнинг ривожланганлик даражасини баҳолашнинг яқингача ягона усули жон бошига ЯММ бўлганлиги сабабли, мукаммалроқ ижтимоий-иқтисодий кўрсаткични кашф қилиш давр талаби эди. Изланишлар натижасида инсоний ривожланиш индекс (ИРИ) кўрсаткичи кашф этилди. ИРИ инсон ривожланиш даражасини кўрсатувчи уч асос - умрбоқийлик, таълим ва яшаш даражаларидан иборат интеграл кўрсаткичдир. Узоқ умр кўриш кутилаётган ҳаёт давомийлиги орқали ўлчанади. Таълим даражаси кўрсаткичнинг 2/3 қисмини ташкил этувчи катта ёшлилар саводхонлиги ва 1/3 қисмини ҳосил қилувчи таълимнинг ўртача давомийлиги кўрсаткичлари орқали ифодаланади. Яшаш ҳаётнинг маҳаллий қиймати (сотиб олиш паритети ёки РРР - «purchasing power parity») га нисбатан тўғриланган жон бошига реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) орқали баҳоланади. Нимага фақат уч кўрсаткич? - деган савол туғилиши табиий. Инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини акс эттириш аъло бўлар эди. Аммо маълумотларнинг тўлиқ эмаслиги бир оз чекланишлар туғдиради ва бу маълумотларга эга бўлинганда, балки уларни ҳам ҳисобга олиш айни муддао бўлар эди. Аммо кўпроқ кўрсаткичларни қўшиш ҳар доим ҳам яхшироқ натижаларга олиб келавермайди. Уларнинг баъзи бирлари ишлатилаётган кўрсаткичлар билан корреляция қилинган бўлиши мумкин. Болалар ўлими даражаси, масалан, кутилаётган ҳаёт давомийлигида ўз аксини топган. Ўз гарувчиларнинг кўпроқ сонини қўшиш умумий манзарани хиралаштиради ва асосий йўналишлардан чалғитади.
Инсоний ривожланиш тушунчаси сўнгги йилларда барқарор ривожланиш ғояси билан тўлдирилди. Бунинг маъноси шуки, ҳозирги авлоднинг инсоний ривожланиш жараёни келажак авлод инсоний ривожланиши ҳисобига рўй бермаслиги даркор. Барқарор ривожланиш концепцияси дастлаб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракати томонидан киритилди, бу ҳаракат намояндалари ривожланиш тушунчаси «авлодлар ўртасидаги муносабатлар» каби ғояни ҳам ўз ичига олишини ҳимоя қилмоқдалар. Табиий ресурсларнинг камайиб бориши келажак авлодлар ривожланиши муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. «Барқарор ривожланиш» концепциялари атроф-муҳит ва табиий ресурслар доирасидагина қўлланилиши мумкин бўлмай, балки инсоний имкониятлар, «инсоний капитал»га қўйиладиган инвестицияларга ҳам тегишлидир.
Инсоний ривожланиш концепцияси БМТ Тараққиёт Дастури (FNDP) томонидан изчил тарғиб қилиниб келмоқда. Бу соҳадаги изланишлар йиллик «Инсоний ривожланиш бўйича ҳисоботлар» (Human Development Report) кўринишида чоп этилмоқда. 1988 йилда бошланган ўн йиллик БМТ Тараққиёт Дастури томонидан барқарор ижтимоий ривожланиш ўн йиллиги деб эълон қилинган. Бу ўн йил давомида ижтимоий масалаларнинг кўпгина жабҳаларига тегишли ўнта бўтунжаҳон анжуманлари ўтказилиши мўлжалланган. 1995 йил март ойида Копенгагенда ўтказилган олий мартабали ижтимоий ривожланиш конференцияси ва 1995 йил сентябрь ойида Пекинда ўтказилган аёллар муаммоларига бағишланган конференциялар (1995 йилги «Инсоний ривожланиш бўйича ҳисобот» эркак ва аёллар орасида тенгликка эришиш масалаларига бағишланган) ана шулар жумласидандир. Ҳар иккала анжуманда ўта муҳим замонавий масалаларга жавоб топишга ҳаракат қилинди. Хусусан, Копенгаген анжуманида 160 га яқин давлат бошлиқлари иштирок этди (унда Республикамиз Президенти И.А.Каримов ҳам иштирок этди). Унда Бутунжаҳон Ижтимоий Декларацияси қабул қилинди ва ҳарбий соҳага сарф қилинаётган ҳаражатларни инсоний ривожланиш мақсадларига сафарбар қилиш йўллари муҳокама қилинди.
1995 йилдан бошлаб БМТ Тараққиёт Дастури миллий даражада ҳам «Инсоний ривожланиш бўйича ҳисобот»ларни нашр қилишда янги мустақил мамлакатларга кўмак бера бошлади. 1995 йил учун ана шундай ҳисоботнинг Ўзбекистонда чоп этилиши бу саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятли тугаганидан далолат беради. Эслатиб ўтилган бу ҳисобот Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён инсоний ривожланиш борасида эришилган ютуқлар ва йўқотилиши керак бўлган камчиликлар ҳақидадир. Келажакда шундай ҳисоботларни доимий асосда чоп этиш мўлжалланмоқда. Бу эзгу йўлда БМТ Тараққиёт Дастўрининг кўрсатаётган ёрдами беқиёсдир (Ўзбекистонда 2000 йилги Дастур ҳам эълон қилинди).
Бундай ҳисоботлар ўзбекистонлик мутахассислар ва БМТ экспертларининг биргаликдаги меҳнатининг мевасидир. Бу ҳисоботлар кенг дунё оммасига тақдим этилади ва Ўзбекистонда инсоний ривожланиш қай ҳолда эканлигини дунёга билдиради.
Ўзбекистондаги ижтимоий ривожланиш концепциясининг асосини айнан инсон ва унинг манфаатлари ташкил этади. У инсонни пировард мақсад ва ривожланиш асоси деб қарайди. Ҳозирги даврдаги мавжуд концепциялар ҳоҳ марказлаштирилган иқтисодиётда моддий маҳсулотнинг ёки бозор иқтисодиётида ички маҳсулотнинг ўсиши бўлсин, товар ишлаб чиқаришни энг асосий мақсад деб билган. Ундан ташқари, бу асосий мақсад, яъни жон бошига товар ишлаб чиқаришнинг ўсиши, жисмоний капитални жамғариш ҳисобига эришилган. Яъни эскича фикрлаш доирасида қўшимча ўсиш пировард мақсад бўлса, инвестициялар эса унга эришиш воситаси ҳисобланган.
Ҳар қандай жамиятларнинг ривожланишида уларнинг бир ҳолатдан бошқасига ўтиш даврлари энг мушкул, оғир бўлиб ҳисобланади. Бу бир ҳаёт тарзининг бўзилиши ва янгисининг яратилишини давомида вужудга келадиган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаракатлардаги мураккабликлар билан боғлиқдир.
Жамиятни бундай тубдан ўзгартириш беозор ўтиши мумкин эмас. Бу ўсиш истар-истамас юзлаб ва минглаб одамлар, оилалар, миллий ва жамоат гуруҳлари, бутун давлатнинг ижтимоий аҳволи, моддий фаровонлиги, тақдирларига даҳлдор бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотларининг инсонлар ҳаёти ва фаровонлигига салбий таъсирини имкони борича камайтириш мақсадида янги иқтисодий ва ижтимоий тизимга босқичма-босқич ўтиш йўлини танлади.
Ўзбекистон учун ҳозирги босқичда биринчи ва муҳим вазифа - бу бозор ислоҳотларини ўтказишда жадаллаштиришга асос бўлган, макроэкономик барқарорликни таъминлашдир. Чунки бу аҳоли турмуш даражасини етарли таъминлашнинг табиий асосини ташкил этувчи келгуси иқтисодий ўсиш заминидир. Масаланинг мураккаблиги шундаки, макроэкономик сиёсатнинг кучайтирилиши шароитида ижтимоий эҳтиёжларга ҳаражатларни кескин камайтиришга йўл қўйилмаслиги керак, чунки инсоний ресурсларга қўйилган маблағлар уларнинг келажакда барқарор ривожланиш асосигина бўлиб қолмасдан, ҳозирги даврда осойишта ижтимоий шароитнинг кафолотланишини ҳам таъминлайди. Ўзбекистон учун бу жуда муҳимдир, чунки у қўшни мамлакатларда ҳарбий тўқнашувлар давом этаётган минтақада жойлашган. Давлат ўтиш даврининг мураккабликларини ҳисобга олган ҳолда ўз олдига аҳолининг истеъмол даражасининг кескин пасайиб кетишига йўл қўймаслик, мавжуд таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, аҳолини соғлиқни сақлаш хизматлари билан таъминлаш, янги бозор муносабатлари шароитларига мослашиши қийинроқ бўлган аҳоли қатламларини қўшимча ижтимоий ёрдам билан таъминлаш, мамлакатнинг ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқароси ўз ижобий кучларини намоён этиши, мустақил равишда ўзи ва оиласи учун яхши ҳаётни таъминлаши учун шароит яратиш вазифаси қўйилган.
Ўтишнинг дастлабки бир неча йилида талай қийинчиликлар қайд этилди, аммо Ҳукумат иқтисодий ва ижтимоий сиёсат юргизиш йўли билан аҳолини тушкунлик шароитида шак-шубҳасиз рўй берадиган асосий ларзалардан ҳимоя қила олди.
Мамлакат, шунингдек, бой табиий ресурслардан фойдаланишнинг пухта ўйланган ёндашуви асосида каттагина маблағларни жалб қилишга эришди. Натижада ишлаб чиқаришнинг пасайиши МДҲ мамлакатларига нисбатан анча кам бўлди, 1996 йилдан ўсиш бошланди. Ундан ташқари давлат ишлаб чиқариш ҳажмлари пасайишига қарамай, аҳолини иш билан таъминлашнинг юқори даражасига эришиш учун барча тадбирларни қўллади. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва инфляциянинг кўтарилиши туфайли реал иш ҳақи кескин пасайди, аммо республика ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенг қамровли ҳукумат дастури йўли билан аҳолининг истеъмол даражасини қўллади.
Албатта аҳолини қўлловчи кенг қамровли дастурни узоқ вақт мобайнида таъминлаш қийин масала ҳисобланади. Аммо ислоҳотнинг дастлабки босқичида бу мадад келажакда ислоҳотларнинг амалга ошиши учун сиёсий ва иқтисодий барқарорликни сақлаш ва миллий бирдамликка эришишда ниҳоятда муҳимдир. Республика амалда муҳим устунликларга эга ва оқилона иқтисодий сиёсат амалга оширилганда ўтишни муваффақиятли якунлаши аниқ.