8-мавзу. Бино ва унинг конструктив элементларига қўйиладиган эксплуатацион талаблар
Режа:
1.Бино ва иншоотларнинг эксплуатацион сифати
2.Биноларда техник эксплуатация тадбирларни ўтказишда талаб ва қоидалар.
3.Эксплуатацияга қабул қилиш шартлари
1.Бино ва иншоотларнинг эксплуатацион сифати
Ҳар бир бино ёки иншоот унда аниқ бир фаолиятни йўлга қуйиш мақсадида яратилиб, бинодан фаолият тури бўйича фойдаланишни- технологик эксплуатация деб қабул қилинади. Бино ёки иншоотдан самарали фойдаланиш учун бино ва уни ташкил этувчи конструктив элементлар соз ҳолатда бўлиши лозим. Бинони соз ҳолатда сақлаб туриш билан боғлиқ бўлган жараёнлар ҳам эксплуатация бўлиб, бу техник эксплуатация дейилади [15].
Бино ва иншоотларнинг эксплуатацион яроқлилиги қуйидаги асосий икки гуруҳ параметрлар билан баҳоланади:
турли таъсирлар остидаги конструктив ишончлилик ва жисмоний узоқяшовчанликни тавсифловчи параметрлар (конструкциянинг мустаҳкамлиги, бикрлиги, устиворлиги, намлик ва совуқбардошлиги, ундаги рухсат этилган деформация ва ҳ.к.);
бино ёки иншоот эксплуатациясининг вазифасига мослиги- маънавий (технологик) умрбоқийлиги, ҳаётий фаолият шарт-шароитлари, жумладан: майдони, ҳажми, хоналардаги ҳарорат-намлик режими, деворларнинг герметиклиги, товуш ўтказувчанлиги ва ҳ.к. ларни тавсифловчи параметрлар.
Бино ва иншоотларни қуришда, лойиҳада қуйилган талаблар даражасига, лойиҳа ва ҚМҚ талабларини аниқ бажариш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини сифатли бажариш орқали эришилади.
Шундай қилиб, лойиҳада кўрсатилган ва қурилиш жараёнида таъминланган бино ва иншоотларнинг эксплуатацияга яроқлилик параметрларининг кўрсаткичлари уларни эксплуатацияга қабул қилишда текширилиб, бинонинг техник эксплуатацияси жараёнида ташқи ва ички муҳитларнинг ҳисобий шарт-шароитларини таъминлаш билан конструкцияларнинг доимий равишда назоратда тутган ҳолда, улардаги емирилиш, дефект ва шикастланиш ҳолатларини бартараф этиш орқали таъминланади.
Бинолар шундай лойиҳаланиши лозимки, унга берилган хизмат муддати давомида ундаги лойиҳавий кўрсаткичлар сақлансин (масалан, девор бутун хизмат даврида мустаҳкамлиги ва товуш ўтказувчанлик кўрсаткичлари билан бир қаторда лойиҳада кўрсатилган иссиқлик щтказувчанлик кщрсаткичлари ва ҳ.к.).
Ишончлилик – бино ёки конструкциялар дастлабки кўрсаткичларининг белгиланган муддат давомида талаб даражасида сақлаши. Ишончлилик- берилган эксплуатация шароитида ва меъёрий вақт оралиғида талаб қилинган параметрларининг сақланиши эҳтимоли билан баҳоланади.
Ишончлилик - лойиҳа босқичида мустаҳкамликка, устиворликка, бикрликка ва ҳ.к. кўрсаткичлар бўйича ҳисобларда келтирилади. Бунда материаллар таркибининг конструкцияни ишлаш шароити билан боғлиқлик коэффициентлари шундай қабул қилинадики, конструкциянинг соз ҳолатда ишлаши 100% га яқин деб қабул қилинади.
Биноларнинг ишончлилиги қурилиш жараёнида юқори сифатли қурилиш метариалларидан фойдаланиш, қурилиш технологиясини тўғри бажариш, лойиҳа талабларига тўлиқ риоя қилиш билан таъминланади.
Эксплуатация жараёнида эса бинонинг дастлабки ишончлилиги вақт ўтиши билан камайиб боради. Бу эса бинода доимий профилактик-таъмирлаш ишларини, зарур ҳолларда эса капитал таъмирлашни талаб қилади. Эксплуатация жараёнида бинога таъсир қилувчи омилларнинг сони ва келиб чиқиши табиати шунчалик кўп ва эҳтимолийдирки, шунинг учун ҳам бинонинг ишончлилик параметрлари эҳтимолий кўринишга эга.
“Ишончлилик” тушунчаси “соз ҳолат”, “ишга яроқли ҳолат”, “чекланган ишга яроқлилик ҳолати”, “ишдан чиқиш” ва “конструкциянинг чегаравий ҳолати” ларига асосланади [5].
Do'stlaringiz bilan baham: |