ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА
МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МУКИМИЙ НОМИДАГИ ҚЎҚОН ДАВЛАТ
ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТИ
ЭКОЛОГИЯ ВА ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ФАНИДАН МАЪРУЗАЛАР МАТНИ
Кафедра: Умумий биология
Тузувчи: Қ/х.ф.н. доцент, катта ўқитувчи С.Усмонов.
Билим соҳаси: 1000 – таълим
Таълим соҳаси: 140000 – Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогика фани
Бакалавриат йўналиши: 5140400 – Биология ва инсон ҳаётий фаолияти муҳофазаси ва барча йўналишлар учун.
ҚЎҚОН - 2008 й.
I-МАВЗУ. Экология фани ҳақида тушунча.
РЕЖА:
1. Экология фани ва унинг асосий бўлимлари.
2. Экологик муаммолар.
3. Экология фанида фойдаланиладиган методлар.
4. Экология фанининг вазифалари.
Экология фанининг ривожланиш тарихи.
Таянч сўзлар: Экология, аутэкология, популяциялар экологияси, синэкология, биосфера, инсон экологияси, ижтимоий экологияси, экологик муаммолар, моделлаштириш, биологик ресурс, атроф-муҳит.
Адабиётлар: [1], [5,6,7,8].
1. ЭКОЛОГИЯ ФАНИ ВА УНИНГ БЎЛИМЛАРИ
Экология биология фанлари қаторидаги мустақил фан ҳисобланади. Экология тушунчаси фанга биринчи бўлиб 1866 йилда немис биологи Э.Геккель томонидан киритилган. Экология – юнонча сўз бўлиб, унинг маъноси тирик организмларнинг яшаш шароити ёки ташқи муҳит билан ўзаро муносабатини билдиради.
Умумий экология тўрт бўлимга бўлиб ўрганилади: аутэкология, популяциялар экологияси, синэкология ва биосфера.
1. Аутэкология айрим турларнинг улар яшаб турган муҳит билан ўзаро муносабатини, турларнинг қандай муҳитга кўпроқ ва узвий мослашганлигини ўрганади.
2. Популяциялар экологияси популяциялар тузилмаси ва динамикаси, маълум шароитда турли организмлар сонининг ўзгариши (биомасса динамикаси) сабабларини текширади.
3. Синэкология биогеоценознинг тузилиши ва хоссаларини, айрим ўсимлик ва ҳайвон турларининг ўзаро алоқасини ҳамда уларнинг ташқи муҳит билан муносабатини ўрганади.
4. Экотизимларни тадқиқ қилишнинг ривожланиши биосфера ҳақидаги таълимотни вужудга келтиради. Ушбу таълимотнинг асосчиси В.И.Вернадский ҳисобланади. Сайёрамизда тарқалган организмлар, яъни Ер қибиғидаги мавжудотлар тизими биосфера деб аталади.
Бугунги кунга келиб экология соф биологик фанлар тизимидан чиқиб, мазмуни кенгайиб бормоқда. Атроф-муҳитга замонавий фан ва техника тараққиётининг таъсири натижасида экология тушунчаси ўта кенгайиб кетди. Фанга “инсон экология”си деган атама ҳам кириб келди. Инсонни ташқи муҳитга муносабати бошқа тирик организмлардан тубдан фарқ қилади.
Инсон экологияси янги фан сифатида 1921 йил америкалик олимлар Боржес ва Парк томонидан киритилди. Дастлаб инсон экологияси тиббий соҳа бўлими сифатида қаралиб, кейинчалик унинг ижтимоий, техник, меъморий, иқтисодий ва ҳуқуқий томонлари ҳам ўрганилди. Инсон экологияси инсонни атроф-муҳитга ва аксинча, муҳитнинг инсонга таъсирини ўрганади. Инсон экологиясини ўрганиш натижасида ижтимоий экология вужудга келди. Унга биринчи бўлиб Радерик Мак Кензил таъриф берган.
Ижтимоий экология ижтимоий фанлардан бири ҳисобланиб, унинг предмети инсон билан унинг атроф-муҳит ўртасидаги хусусий боғланишларини ўрганишдан иборат.
Шундай қилиб, экология бугунги кунда тиббий ва ижтимоий фанлар жумласига кириб, ўрганилаётган объект ёки тизимни атроф-муҳит билан муносабатини кенг миқёсда тадқиқ этади. Бир ҳужайрали содда тузилишдаги бактериялар, замбуруғлар, ўсимлик, ҳайвонлар ва уларнинг ҳамжамоалари, биосфера, шунингдек инсон ҳам экология фанининг объекти бўлиб хизмат қилади.
Экология фани табиат билан тирик организмларнинг узвий боғланишини ифода этар экан, у шубҳасиз, табиатни муҳофаза қилишнинг илмий асосини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |