Пироксен ва амфиболлар гуруҳига бўғиқ рангли минераллардан қуйидагилар киради: авгит, роговая обманка ва бошқалар. Булар кальций, магний, темир ва гилтупроқ силикатларидан ташкил топган. Бу гуруҳдаги минераллар юқори мустаҳкамликка эга. Магматик тоғ жинслари ичида дала шпати 75 %ни ташкил этади. Кварцга нисбатан мустаҳкамлиги ва чидамлилигининг кичиклиги сабабли табиатда кўпроқ дала шпати қум сифатида учрайди. Дала шпатининг нураши таркибида углекислота бўлган сув таъсирида тезлашади.
Чуқурдаги яхлит жинслар
Гранит – қурилишда кенг тарқалган магматик тоғ жинси. У бир тартибли кристалл жинс бўлиб, асосан кварц (20–40 %), дала шпати – ортоклаз (40–70 %) ва слюда (5–20 %) дан ташкил топган. Бундан ташқари, гранит таркибида ишқорли плагиоклаз, роговая обманка каби минераллар ҳам учрайди. Гранит тиниқ сариқ ёки оч қора рангда бўлиб, асосан таркибидаги минераллар рангига қараб ўзгаради. Гранитлар майда, ўрта йирик кристалли, порфир каби яхлит ва қатлам-қатлам (гнейс жинси сингари) ҳолатда бўлади. Гранитнинг зичлиги 2,6–2,8 г/см3, ғоваклиги (0,5– 1,5 %) ва сув шимувчанлиги эса ниҳоятда кам. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 120–250 МПа, иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти 2,5–3,0 Вт/м-град. га тенг. Гранит анча қаттиқ жинс (Моос шкаласига кўра – 6–7), аммо уни қайта ишлаш ва силлиқлаш унча қийин эмас.
Слюда миқдори кўп бўлса, гранитни силлиқлаш қийинлашади. Гранитнинг эриш ҳарорати 1400–1500°С. Ҳарорат 750–800°С га етганда гранит таркибида кварц кристаллари кенгайиб, унинг мустаҳкамлигини камайтиради.
Тош ашёлар орасида гранит юқори техник сифатга эга бўлганлиги сабабли қурилишда (йўл қурилишларида, гидротехника иншоотларида, меъморчилиқда, безак қисмлар тайёрлашда) кенг қўлланилади. У табиатда ҳар хил рангда учрайди. Ундаги дала шпати оқ, кулранг, сариқ, қизил ва бинафша рангларда бўлиши мумкин. Шу сабабли гранит ажойиб пардозбоп қурилиш ашёсидир. Чидамли бўлгани учун очиқ шароитда ва зарарли муҳит таъсирида кўп ишлатилади.
Сиенитлар – асосан калий шпатидан ташкил топган (5,0– 70 %) тоғ жинси бўлиб, гранитдан фарқи, асосан, таркибида кварц минералининг камлиги ёки мутлақо бўлмаслигидадир. Сиенитни силлиқлаш ва пардозлаш қийин эмас. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 100–250 МПа, зичлиги эса 2600–2700 кг/м3. Сиенитлар сариқ, қизғиш, тўқ кўк рангларда учрайди. Ўзбекистоннинг Оҳангарон туманида сиенит захиралари кўп.
Диорит – нордон плагиоклаз (70 %), роговая обманка, биотит ва авгит минералларидан ташкил топган тоғ жинси. Диоритлар бир текис кристалли тузилишга эга. Агар диорит таркибида кварц миқдори кўп бўлса, кварцли диорит деб аталади. У тўқ кўк ва очиқ кул рангларда учрайди. Сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 150–300 МПа, зичлиги 2800–3000 кг/м3 га тенг. Яхши жилвирланади. Диорит йўл қурилишида ва қоплама пардозбоп ашёлар сифатида кўп ишлатилади.
Габбро – отилиб чиққан энг мустаҳкам тоғ жинси, асосан дала шпати (50 %) ва рангли минераллардан ташкил топган. У бир текис йирик донали тузилишга эга. Габбро йўл қурилишида ва пардозбоп безак буюмлари тайёрлашда ишлатилади. Унинг зичлиги 2900–3000 кг/м3, сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 200–350 МПа га тенг.
Do'stlaringiz bilan baham: |