ЧАРХПАЛАК ТЕХНОЛОГИЯСИ
Чархпалак технологияси айланиб келиш маъносини англатиб, табиий фанларни ўқитилишида кенг қўлланилиб келинаётган ва юқори натижаларга эришилаётган методлар қаторига киради. Мазкур метод кўпроқ маърузалар ўқишда, талаблар сони 20-25 нафар бўлганда юқори натижа беради. Албатта бу технология ҳам бир неча вариантлар ва босқичлар кўринишида амалга оширилади. Қуйида мазкур методни 3 вариант кўринишида таҳлил этиб ўтамиз.
Биринчи вариантнинг биринчи босқичида аудитория талабалари гуруҳларга бўлинади, иккинчи босқичда ўқитувчи томонидан олдиндан ўтилган мавзу ёки янги мавзу бўйича тайёрланган вазифалар гуруҳларга тарқатилади, учинчи босқичда белгиланган вақт давомида талабалар гуруҳ билан ишлашади ва ўқитувчи талабаларни фаоллашиш даражасини назорат қилиб туради. Тўртинчи босқичда гуруҳлар бажарган вазифалар бир-бирлари билан алмаштирилади, яъни биринчи гуруҳ, иккинчи гуруҳга, учинчи гуруҳга ва хаказо. Гуруҳлар сонига қараб бу жараён бир неча бор бажарилади, токи биринчи гуруҳнинг вазифаси ўзига қайтиб келгунига қадар. Бешинчи босқич, бунда ўқитувчи жавобларни ўқийди, талабалар ўзлари бажарган вазифани текширади, баҳолайди, таҳлил қилади. Ўқитувчи хулоса қилиб, талабаларни баҳолайди.
Иккинчи вариантда аудиторияни гуруҳларга бўлиб ишлаш имконияти бўлмаганда қўллаш юқори самара беради. Мазкур вариантнинг биринчи босқичида ўқитувчи аудитория талабаларига вазифаларни тарқатиб чиқади, бунда талабалар якка ҳолда ишлайди.
Иккинчи босқичда ўқитувчи томонидан белгиланган вақт давомида талабалар вазифаларини бажаришади. Ҳар бир ўтирган талабага битта вазифа ёки бир икки талабага алоҳида алоҳида вазифалар берилган бўлиши мумкин. Учинчи босқичда талабалар вазифаларини бир-бирлари билан алмаштирадилар ва аксинча бир бирлари билан алмашмасалар ҳам бўлади. Ўқитувчи аудиториядаги шароитга қараб ўзгаришлар киритиши мумкин. Тўртинчи босқичда ўқитувчи жавобларни ўқийди, талабалар ўзлари бажарган вазифаларни қай даражада бажарганларига қараб ўзларини ўзлари баҳолайди. Вақт белгиланишига қараб ўқитувчи вазифаларни йиғиб олиши, текшириб кейинги дарсларда эълон қилади.
Бир қатор хорижий мамлакатларнинг (Голландия, Чехия, Япония, Корея) ўқув жараёнлари таҳлил этилганда маълум бўлдики, бу давлатларда талабалар ўқитувчидан кўра кўпроқ ишлайди, яъни фикрлайди, ижодий ёндошади ва ҳоказо. Аудиториядаги ўқитувчи эса талабаларни фаоллаштиради. Шу билан бирга тажрибаларга кўра хорижий мамлакатларда талабаларнинг мустақил ишлашига кўпроқ шароит яратилади ва назорат қилинади. Шу нуқтаи назардан мазкур усулдан фойдаланиш кутилган натижаларни бериши мумкин.
“АҚЛИЙ ҲУЖУМ” ТЕХНОЛОГИЯСИ
Ақлий ҳужум технологияси дарс мавзусига оид қўйилган муаммони ечиш ёки саволга жавоб топиш мақсадида ғояларни жамлаш ва саралашга асосланади. Талабалар бирлашган ҳолда ечими номаълум муаммони ечишга ёки саволга жавоб топишга ҳаракат қиладилар, энг мақбул ечимни топиш бўйича шахсий ғояларини илгари сурадилар. Бунда дарс жараёни қуйидаги босқичлар асосида амалга оширилади: муаммоли вазиятни келтириб чиқариш, унинг ечимини топиш учун талабаларни жалб қилиш, турли ечимлар тақдимотини эшитиш, ечимларни солиштириш ва танлаш ҳамда хулосалаш босқичлари кўринишида.
Ақлий ҳужум технологияси танлаб олинган мавзулар дорасида маълум қадриятларни аниқлаш, айни вақтда уларга муқобил бўлган ғояларни танлаш учун шароит яратилиши керак.
Дарс жараёнида ақлий ҳужум услубидан фойдаланишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш талаб этилади:
-Талабаларни қўйилган муаммо доирасида кенг фикрлашга ундаш;
-Талабалар томонидан кутилмаган мантиқий фикрларни билдиришларига эришиш;
-Талабалар томонидан билдирилаётган фикр ёки ғояларни рағбатлантириб бориш;
-Талаба ўзининг шахсий фикр ёки ғояларига асосланиши ёки аксинча ўз фикрини ўзгартириш мумкин эканлигини тушунтириш;
-Бошқалар томонидан билдирилган фикр ёки ғоялар устидан кулиш, кинояли шарҳларнинг билдирилишига йўл қўймаслик;
-Янги фикр ёки ғояларни билдириш давом этаётган экан, муаммонинг ягона тўғри ечимини эълон қилишга шошилмаслик;
-Дарс жараёнида талабаларнинг ҳар қандай фаолиятлари, улар билдираётган фикр ва ғояларни иложи борича баҳоламаслик, сабаби паст баҳо олган талаба кейинги дарсларда янги фикрлар билдирмаслиги ва дарс жараёнида иштирок этмаслиги мумкин.
Ўқитувчи аудиторияда имкон қадар ҳар бир талабанинг фикрини эшитиши, фикрини янада бойроқ, илмий тарзда баён этишига туртки бўладиган муносабатни билдириши лозим. Аксарият ҳолларда талабалар бирор фаннинг дастлабки босқичларида фаол қатнашишади, кейинги босқичларда эса пассив иштирок этишади. Бунда ўқитувчи томонидан хукмрон фикрни ўтказилиши сабаб бўлади. Қачонки, талабанинг мустақил, ижодий фикри ҳар дарс жараёнида ўсиб борса кўзланган мақсадга эришилади. Аслида янги педагогик технологияларнинг бош мақсади ҳам талабаларнинг мустақил, ижодий ва илмий фикрини шакллантириш, ривожлантириш ҳамда муайян фаннинг юқори даража ўзлаштиришига эришишдир.
Янги педагогик технологиялар орасида “Пинборд” технологияси ҳам «Ақлий ҳужум» технологияси қаторида қўлланилиб келинмоқда. Яъни, бунда фақат билдирилган фикр ва ғоялар оғзаки эмас, балки олдиндан тайёрланган, тарқатма материаллар умумлаштирилиб, доскага ёзилади. Шу боис, уни ёзма “Ақлий ҳужум” деб ҳам аташади. Қолаверса, бу методда билдирилган фикр ва ғоялар барчани кўз олдида туради, фикр ва ғояларни турли хусусиятларига қараб саралаш, синфларга бўлиш имконияти яратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |