Нормативлик функсия (мезон-меъёрий) кишилар ҳулқини тартибга солиш, уларнинг кучини бир меъёрда ва жамиятни бир бутунликда сақлаш мақсадида мувофиқлаштиришда намоён бўлади. Меъёр-қоида қандайдир ҳаракат ёки қандайдир предметлар, нарсаларни яратиш соҳасида аниқ кўрсатмадир. Онгли равишда ўрнатилган ёки кўп асрлик анъаналарга таянувчи мажбурий, тақиқловчи меъёрлар мавжуд (ҳуқуқий, ахлоқий меъёрлар), бироқ уларнинг мазмуни мавжуд ижтимоий қоидаларни барбод қилмаслик учун кишилар фаолиятини тартибга солиш, аниқ чегаралар билан белгилаш.
Руҳий ёки «лойиҳавий» мўтадиллик- байрамлар, диний маросимлар, ўйин, томоша жараёнларида руҳий зўриқишларни бартараф қилиш. Қониқарсиз истаклар, рўёбга чиқмайдиган ниятлар, амалда тақиқланувчи жанжаллар мавжудлиги руҳий зўриқишлар пайдо бўлишига олиб келиб, нафақат маълум бир шахс саломатлигига зарар етказади, балки, оммавийлик касб этиб, жамият ҳаракатини издан чиқариши мумкин. Шунинг учун маданиятда кераксиз хиссиётдан халос бўлиш механизми ишлаб чиқилган.
Умуман олганда, инсоният яратган моддий ва маънавий қадриятлар, бойликлар уларнинг қобилиятлари, муносабатлари ва ҳатти-ҳаракатларининг моҳиятан намоён бўлишидан иборат. Инсон маданият соҳасида бу маънавий қадриятлар асосида ўз фаолиятини юритар экан, айни вақтда, ўзи ривожланадиган, ўзи ўзгариб турадиган моҳият сифатида ҳам намоён бўлади. Шундай экан, маданият моддий бойликлар шаклида, инсон фаолиятининг тайёр маҳсулотлари шаклида ва инсоннинг жонли қобилиятлари, билимлари шаклида яшаб туради. Бу мерос, анъаналар, турмуш тарзи, тафаккур тарзи ҳар бир минтақада ўзига хос, такрорланмас холда шаклланганки бу гўзаллик ўз соҳибига ҳар доим такрорланмас куч, яратувчанлик ато этиб келган. Шу боис инсоният бу гўзалликни ҳар доим қадрлаб келган. Лекин кейинги пайтларда яратилган юксак технологиялар, машиналашган ишлаб чиқаришлар, маҳсулотларни катта миқдорда айирбошлаш, ишчи кучи миграцияси билан боғлиқ ҳодисалар инсоният ҳаётида умумийликни келтириб чиқарди. Бетакрор гўзалликка путур етгандек бўлди.
Глобалашув туфайли юқоридаги мавзуларида қайд этиб ўтилганидек, маданият соҳасида ҳам ўзаро таъсир, ўзаро мулоқот кескин кучайди. Инсоният маданиятидаги ранг-баранглик ўрнини умумийлик эгаллай бошлади. Глобаллашувнинг маданият соҳасидаги кўриниш ва натижалари ҳам кўпгина олимларнинг диққат марказида бўлмоқда. Тўғри, биронта маданият бутун инсоният тарихида мустақил тарзда ривожланмаган. Улар қадимдан ўзаро мулоқатга киришган, бир-бирига таъсир ўтказган, бир-бирини бойитиб келган. Ҳар қандай миллий маданият ўзга алоқа ва таъсир асносида фаол ривожланиши, тараққий этиши мумкин. Аммо бугунги кунда миллий маданиятлардаги ўзгариш ва жараёнлар технологик инқилоб, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги глобаллашув жараёнлари таъсирида кечмоқдаки, шу жиҳатдан глобаллашув аслини олганда, халқларни изчиллик билан маҳаллий манфаат, миллий анъана, қадрият ва ахлоқий меъёрлардан узоқлаштириш мақсадига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда глобаллашув бутун дунёни қамраб, жўшқинлик билан кечаётган бу жараёнлар бир вақтда икки, бир-бирига зид, тескари ҳаракатни юзага келтирди. Бир томондан, глобаллашув тарафдорлари, ундан манфаатдорлар, дунёда етакчилик қилаётган, мазкур жараённи фаол бошқаришга интилаётган дунёнинг ривожланган давлатлари ягона умумжаҳон маданияти шаклланишини исташмоқда, шунга мойиллик асосида ҳаракат қилишмоқда. Юқорида мондиализм хусусида фикр юритган эдик. Мондиалистик ҳаракат миллий маданиятларнинг ўзига хослиги йўқолиши, кам сонли халқларнинг ўз тилини унутиши, ҳаттоки, йўқолиб кетиш ҳолатларини юзага келтиради. Бир пайтнинг ўзида замонавий маданият либосини кийган, аслида манқуртлик касаллигини келтирувчи “Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди. Юртбошимиз таъкидлаганидек “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда”71. Ўз навбатида, маданий унификациялаш, маданий ранг-барангликни инкор этишга бўлган ҳаракатлар маданий идентификациялаш, яъни маданий ўзига хосликни сақлаб қолишга интилишни юзага келтирмоқда. Бу борада таълим-тарбия тизими олдида қуйидагилар вазифалар муҳим аҳамият касб этади:
1. Ёшларга ҳозирги даврнинг маънавий-мафкуравий манзарасини ва ундан кўзланган мақсадларни тушунтириб боришга кенг эътибор қаратиш.
2. Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва ёшларда ундан фойдаланишга доир билим, кўникмалар шаклланишига эришиш.
3. Ёшларга ғоявий бўшлиқ, маънавий таҳдид тушунчаларини кенг ёритиб берган холда миллат менталитетига қаратилган маънавий таҳдидларнинг мазмунини ва ундан кўзланган мақсадларни очиб бериш.
4. Ёшларга миллат маънавиятини шакллантирувчи, унинг барҳаётлигининг маънавий омиллари хусусида тушунча бериш.
5. Ёшларда Ватан олдидаги, миллат олдидаги маъсулият, маънавий мерос олдидаги ворисийлик хиссини, келажак олдидаги маъсулият туйғуларини тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
“Оммавий маданият” глобал маданиятнинг кўриниши эканли
Мавжуд ҳозирги даврда жамият ҳаётининг турли соҳаларида рўй бераётган глобаллашув жараёнлари натижасида энг илғор, янги технологиялар асосида ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш, тезкор замонавий коммуникация ва алоқа воситалари тизимларининг ривожлантириш, илмий, техник ҳамда одамлар ҳаёти учун зарур ахборотларни тарқатиш, меҳнат тақсимоти ва унумдорлигини таъминлаш учун қулай шароит яратмоқда. Ижтимоий тараққиётда чекланмаган имкониятларга йўл очмоқда. Булар, ўз навбатида, мамлакатларни, турли халқларни, миллатларни ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида ўзаро яқинлашувига, жаҳон иқтисодиётини ягона тизимга интеграциялашуви жараёнларини фаоллаштиришга хизмат қилмоқда. Тўғри глобаллашувнинг ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларидаги ютуқларини, ижобий томонларини рад этмаймиз. Қолаверса бу масалага алоҳида мавзу сифатида тўхталиб ҳам ўтилди. Шу билан бирга ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини кенг қамраб олган, унга қайсидир маънода ўз таъсирини ўтказиб бораётганини, унинг натижаси ўлароқ маданий-маънавий ҳаётдаги яқинлашув, умумийлик ўзига хос ихтилоф ва зиддиятларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Глобаллашувнинг акс таъсири аввало, маданият ва унинг бош илдизи бўлган маънавий-ахлоқий қадриятларда намоён бўлмоқда. Иқтисодий ёки турли мазмундаги қатор манфаатларни қондиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга оширишга киришар экан инсоният қатор дастурлар ишлаб чиқади, ҳужжатлар қабул қилади, қатор ютуқларга эришади. Афсуски, иккинчи бир соҳа кўп ҳолларда эътибордан четда қолади.
Бошқача айтганда, маданият, маънавий-ахлоқий қадриятлар жамият ижтимоий - иқтисодий тараққиётнинг муҳим қисми бўлсада, унга ортиқча юк сифатида ёндашилиб, катта хатога йўл қўйилади. Бу борада немис олими У.Бек "Глобаллашув нима?" китобида "Ҳозирги дунёни, унинг инқироз ва олға силжишларини "маданий сиёсат", "маданий капитал", "маданий ўзига хослик", "маданий гомогенлик", этник, ирқий ва жинсий мансублик каби таянч сўзлар билан ифодаланадиган воқеаларнинг мазмунига эътибор қилмасдан, тушуниш мумкинлиги" ҳақидаги фик72р ҳамда қарашларни бемаънилик деб атайди. Бугунги кунда улар ҳар қандай мамлакат, хусусан, Ўзбекистан учун ҳам олға ҳаракат қилишнинг самарали шарти, жамият маънавий-ахлокий соғломлигининг кафолати, кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига бўлган умид таянчини ташкил этади. Юртбошимиз таъкидлагинидек, “Бирон-бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур қила олмайди”73.
Инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларини қамраб олган глобаллашув жараёнлари бутун инсоният тамаддуни ва маданиятида қайсидир мазмунда жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда Грузин олими И.Д.Каландия бу борада шундай дейди: "Аслини олганда, гарчи глобаллашув умумжаҳон тамаддуни тарихий тараққиётининг натижаси ва янги босқичи бўлгани билан бирга, янги сивилизацияни дунёга келтирмоқда". Мазкур фикрни давом эттириб, айтиш мумкинки, маданият ва қадриятлар тизимидаги янги сивилизацион ўзгаришлар қандай йўқотишлар эвазига қўлга киритилаётганига олим унчалик эътибор бермаган.
Маданиятшуносларнинг умумий фикрига кўра, цивилизация нафақат иқтисодий, сиёсий, балки маънавий-ахлоқий ва диний соҳаларда ҳам ақл-тафаккурнинг тантанаси ва ёйилишидир. “Цивилизация” атамаси қўлланила бошлаган пайтдан бошлаб ёввойилик, қолоқлик ва ибтидоийликка зид бўлган маърифатли жамият ва идеал, аввало, маънавий-ахлоқий жамият идеали сифатида талқин этилган. Ишлаб чиқариш, савдо, илм-фан, санъат, маданият, эркинлик ва адолат тараққийси билан боғланган. Шунинг учун “Цивилизация” ва “маданият” бир-бирига яқин, бир-бири билан узвий боғлиқ ҳатто синоним тушунчалар сифатида қўлланилган. Америкалик маданиятшунос олимлар А.Кребер ва К.Клакхон «маданият» сўзининг 150 дан ортиқ талқини ва таърифини аниқлаб, улар кўп ҳолларда «тамаддун» атамаси билан биргаликда кўлланилганини аниқлашган.
Глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ салбий ҳодисалар, аввало, маданият, маънавият соҳасида кўпроқ намоён бўлмоқда. Шу жиҳатдан ҳам глобаллашувга бутун дунёни қамраб олган “маданий инқилоб” дея таъриф бериш мумкин. Баъзи тадқиқотларда бир қатор олимлар яқин келажакда сифат жиҳатдан бутунлай янги инсон ва жамиятнинг глобал шакли - "мегажамият", "мегамаданият", "суперетнос"нинг шаклланиши ҳақида фикрлар билдиришоқда. Бир қарашда бунга муайян асос бордек туюлади. Дарҳақиқат, халқаро меҳнат тақсимоти, халқаро ташкилотлар фаолияти, халқаро ҳуқуқий нормалар, глобал ахборот тизимининг шаклланиши, аҳоли миграцияси каби ҳодисалар маълум маънода «глобал инсон» ни шакллантирмоқда. Ўз ватанида туғилиб, чет элди таълим олган, ёки бирон-бир чет мамлакатда ишлаётган, ўзи тушган муҳитга, у ердаги халқнгнг урф-одатларига мослашишга, бегона халқ яшаш тарзини қабул қилишга мажбур бўлган одамни кайси миллат ёки маданият вакили дейишнинг ўзи муаммо. Мамлакатлар, халқлар, миллатлар ўртасида ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида кескин рўй бераётган туб ўзгаришлар, ўзаро ҳамкорликнинг жадал ўсиши, савдо-муносабатларининг ўсиши, халқаро меҳнат тақсимотининг юз бериши, жамият ҳаётининг ижтимоий-маданий, маънавий, илмий соҳаларидаги ҳамкорлик турли маданиятларни умумлаштирувчи, янги этносни шакллантирувчи омиллар вазифасини ўтамоқда.
Албатта, ягона универсал маданиятни яратиш тарафдорларининг фикрлари реал воқеликка кўп жиҳатдан мувофиқлигига қарши чиқувчилар талайгина. Бунинг тасдиғи сифатида айтиш мумкинки, Франсияда яшовчи африкалик мусулмонларнинг бир неча йилдан бери давом этаётган ўз миллий-диний ўзига хосликларини сақлаб қолиш учун ҳаракатлари ҳаттоки, ҳукуматга қарши чиқишлари тўхтовсиз давом этаётгани, Германия фуқаролигини олган, аммо ўз миллий-етник ғояларига содиқ қолган кўп минг сонли туркларни келтириш мумкин. Ироқ ёки Туркиядаги курдлар ҳаракатини, Хитойдаги уйғурлар, тибетликлар ҳаракати ҳам бунга мисол бўла олади.
Баъзи таҳлилларда глобаллашув, хусусан унинг асосий белгилари ва ҳаракатга келтирувчи кучлари меҳнат тақсимоти, аҳоли миграцияси, интернет ёки бошқа энг замонавий ахборот воситалари инсон табиатидаги яхши ёки ёмон, юксак ёки тубан хусусиятларни юзага чиқариши мумкин. Аммо улар янги одамни, яъни муайян этнос, миллат, маданиятдан ташқари бўлган одамни дунёга келтира олмайди. Шунинг учун айримларнинг яқин орада маданиятларнинг тўлиқ интеграциялашуви, яъни ягона дунё маданиятининг шаклланиши ҳатто, миллат ва халқларнинг аллақандай ягона "супер-етнос" ёки “мегажамият"га айланиши ҳақидаги орзуларининг амалга ошиши ҳақиқатдан йироқдир деган назар илгари сурилади. Лекин тахлилда келтирилаётганидек инсон табиатидаги яхши ёки ёмон, юксак ёки тубан хусусиятларни юзага чиқариши мумкин экан, шунинг ўзи маданият, маънавиятга кушанда ҳисобланмайдими?
Глобаллашув социологияси муаммоларига бағишланган тадқиқот ишларида унинг маданиятдаги ифодаси ва оқибатларини ўрганиш етакчи йўналишни ташкил этаётгани беҳуда эмас. Инсониятнинг бугуни ва келажаги ҳақида фикр юритаётган олимлар ичида маданият (сивилизация) лар ўртасидаги фарқни абсолютлаштириб, зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги ҳақида гапираётганлар ҳам бор. Хусусан, ўз пайтида америкалик олим С.Хантингтоннинг «Тамаддунлар тўқнашуви» китоби катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Бу китобида у тамаддунлар ўртасидаги кураш кундан-кун авж олиши, ягона инсоният ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслиги ва ХХИ аср тамаддунлар ўртасидаги тўқнашув асри бўлиши ҳақидаги фикрни илгари суради. "Менинг фикримча, — ёзади у, — туғилаётган мафкура ҳам, иқтисод ҳам зиддиятлар манбаи бўлмайди Инсониятни ажратиб турадиган энг муҳим чегара ва тўқнашувларнинг асосий манбаини маданият белгилайди. Миллат — давлат халқаро ишларининг бош иштирокчиси бўлиб қолади, бироқ глобал сиёсатнинг энг жиддий ихтилофлари турли сивилизацияларга тегишли бўлган миллат ва гуруҳлар ўртасида содир бўлади. Сивилизациялар тўқнашуви жаҳон сиёсатининг асосий омилига айланади. Сивилизациялар ўртасидаги бўлиниш чизиқлари айни келажакдаги фронтларнинг чизиқларидир".
С.Хантингтон ҳар қандай сивилизация (маданият) нинг ўзагини дин ташкил этиши ва диний эътиқод халқлар онгида энг чуқур илдиз отган, турғун экани ҳақидаги ғояга таянади. Шу асосда у навбатдаги жаҳон уруши, агар у содир бўлса, асосан, диний эътиқодлардаги зиддиятлар заминидаги уруш бўлишини башорат қилади Россиялик олим Ф.Х.Кессиди С.Хантингтон фикрига тўлиқ қўшилмасада, шундай фикрлайди. "Фикримизча, — ёзади у, — агар уруш содир бўлса, у этник уруш бўлади Ҳар ҳолда ҳозирги локал тўқнашувлар, ҳарбий ҳаракатлар ва зиддиятларнинг аксарият кўпчилиги этник хусусиятга эга. Акс холда, жаҳонда содир бўлаётган иқтисодий ва сиёсий бирлашиш жараёнлари бораётган, жаҳон коммуникация тизими шаклланаётган, атроф муҳитни асраш буйича ҳамкорликда ҳаракатлар кенгайган бир шароитда этник ва сепаратизм тенденцияларининг кучайишини (масалан, Басклар мамлакатида, Тоғли Қорабоғ, Абхазия, Чеченистон, Курдистон ва бошка ҳудудларда) тушунтириш қийин бўлади".
Масаланинг мураккаблигини назардан қочирмаган ҳолда, тарихнинг бундай қайғули оқибатлари ҳақидаги фикрларга тўлиқ қўшилиб бўлмасада, уларда ўзига яраша асос бор. Аҳоли географияси, демографияси шуғулланган тадқиқотчилардан Вернадский ва бошқалар аҳолининг ўсиши шу темп форматида давом этадиган бўлса (ХIХ-ХХ аср бошлари) аср охирида демографик портлаш юз беришини айтишган бўлса, аср охирида аҳолининг кескин камайиши юз бериши уларнинг таҳлиллари асосиз эканидан эмас. Улар, худди шу сингари Хантингтон ҳам юз бериши мумкин бўлган тўқнашувлардан инсониятни огоҳлантиришди. Инсоният эса бу таҳдидни айланиб ўтди, унинг ечимини излади. Шу жиҳатдан олиб қараганда бу тадқиқотчилардан миннатдор бўлиш лозим. Шунингдек асарда В.С.Нейпаул томонидан илгари сурилган “универсал сивилизация” формуласи илгари сурилади: жоҳилликлардан воз кечиш, ҳар бир миллат учун ниҳоятда муҳим бўлган қадриятларга таяниш, муҳим бўлмаган анъаналардан воз кечиш, наф келтирадиган кечалар, учрашувлар асосида фаолият юритиш-Давос маданияти ва ш.к. Қолаверса, халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари ҳам беҳуда кетмаса керак. Ягона маданиятни шакллантириш ғояси ҳозирча хом ҳаёлдан бошқа нарса эмас, чунки турли халқларнинг маданиятлари, қадриятлари ўртасида муайян муштараклик эзгуликка қаратилганлик каби умумий хусусиятлар мавжуд бўлсада, уларнинг намоён бўлиш шакллари, энг муҳими, дунёни идрок этиш, дунёқараш, воқеликка бўлган ўзаро муносабатлар каби базавий тушунчаларида жиддий фарқлар мавжудлиги маълум.
Маданий глобаллашувнинг бугунги кундаги тенденциялари, ғоя, ният билан, улар қанчалик асосли бўлишига қарамай, таркиб топган реал воқелик ўртасида жиддий фарқ борлигини инобатга олиш зарур.
Хўш, реал воқелик қандай? Глобаллашув тарихий тараққиёт мантиғи билан боғлиқ табиий жараёнми ёки уни кимнингдир иродаси бошқараяптими? Агар ҳозирда кечаётган жараёнлар "глобал кишилик ҳамжамиятини шакллантираётган" ва «Сайёрада яшаётган абсолют кўпчилик аста-секин ҳаётни ташкил этишнинг асосий тамойиллари ҳақида умумий қарашни ишлаб чиқаётган»74 бўлса, унда жаҳон ҳамжамияти ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган зиддиятлар мантиқан инсоният онгли равишда ўз ҳалокати томон бораётгани ҳақидаги фикрга олиб келмайдими? Бу борада Ж.Стиглицнинг нуқтаи назарича агар глобаллашув аввалгидек амалга ошириладиган бўлса, у тарақаиётга ёрдам бериш у ёқда турсин, бундан кейин ҳам қашшоқлик ва беқарорликни юзага келтиришда давом этаверади. Юқоридаги саволларга объектив жавоб бериш учун, аввало, глобаллашув субъектини аниқ белгилаш керак бўлади. Тадқиқотчи Б.Умаров бу борада шундай ёзади: "Глобаллашув халқаро муносабатларнинг анъанавий иштирокчиси — давлатлардан ташқари умумдунёвий жараёнларга бевосита таъсир этувчи, янги субъектларни - Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, "Катта саккизлик" (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония, Франция, Канада, Италия, Россия), минтақавий ташкилотлар (Европа ҳамжамияти, АСЕАН ва ҳоказо), трансмиллий корпорациялар (ТМК), нодавлат ташкилотлар ("яшиллар" ҳаракати каби), Б.Гейц сингари бадавлат кишиларни сиёсат майдонига олиб чиқди"75. Албатта, булар мавҳум, эгасиз ташкилотлар эмас ва уларнинг ўз қарорларини қабул қилишига муайян манфаатлар, кучлар ўз таъсирини ўтказади.
Юқоридаги таҳлил ва мулоҳазалар асосида хулоса қилиш мумкинки, бугунти кундаги глобаллашув жараёнларининг асосий муаммоларидан бирини маданиятлараро мулоқотни тўғри йўлга қўйиш ташкил этади. Жаҳон маданиятида рўй бераётган ва "маданий инқилоб" тусини олаётган ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ икки, бир-бирига зид, бир пайтнинг ўзида бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ ҳаракат юзага келди. Булар: кишилик маданиятининг ранг-баранглигини инкор этиш асносида маданий унификациялаш (бирлаштириш)га ҳаракат ва унинг ортида яширинган мақсадларга қаршилик асносида бошланган маданий идентификациялаш (ажралиш), аниқроғи, давлат ва халқлар томонидан маданий ўзига хосликларни сақлаб қолишга интилишни кузатиш мумкин.
Инсоният тарихи — тақдири умумий бўлган Ер куррасидаги барча халқ, мамлакат ва ҳудудларни ўз ичига олган умумсивилизиация ҳисобланади. Бу оқимга халқлар ўз ноёб маданияти, анъаналари, бетакрор тарихий тажрибаси билан қўшилади. Бу қарама-қаршилик асосидаги бирлик аслида дунё яхлитлигини ташкил этади, унинг бойлигини ифодалайди, унинг доимий ҳаракатда бўлган мураккаб тизим сифатидаги яшовчанлигини белгилайди. Инсоният дунёсининг гўзаллигини унда яшовчи турли халқлар, миллатлар, минтақалар маданияти, турли урф-одат, анъаналарининг ранг-баранглиги ташкил этади. Уни асраш, кейинги авлод етказиш, янада бойитиш маънавий-маърифий жамият олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади.
“Оммавий маданият” га қарши кураш шарт-шароитлари ва омиллари.
Инсоният тарихида ҳар доим турли хил маънавий, ғоявий курашлар, таъсирлар турли мақсадларни кўзлаган, холда, турли манфаатлар амалга ошишини таъмин этишда содир этиб келинган ҳодиса ҳисобланади. Бугунги глобаллашув шароитида “оммавий маданият” мафкуравий таъзиқларнинг энг кучли, одамлар тафаккурини ўз измига солишнинг ўта нозик унчалик сезилмайдиган кучли қуролига айланиб бормоқда. Маданият, санъат, фан ва таълим ҳозирги кунда айрим давлат ва ташкилотлар томонидан мафкуравий таъсир ўтказиш ва маънавий-маданий экспанцияни амалга ошириш воситасига айланмоқда.
Собиқ иттифоқнинг барбод бўлиши билан АҚШ дуёдаги энг қудратли давлат сифатида иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий соҳада глобаллашув жараёнининг ҳаракатлантирувчи кучига айлана бошлади. Бугунги кунда турли мамлакатларда намойиш этилаётган кино, видеофилм ва шоу-бизнес намойишларининг катта уч қисми Америка маҳсулотига тўғри келади. АҚШ нинг глобаллашув жараёнида тутган ўрни ҳақида тўхталиб, Валладао бундай деб ёзади: “Америка жамияти кўп жиҳатдан глобаллашиб улгургани сабабли ўзаро муштарак ва глобал дунёнинг тезроқ шаклланишидан мафаатдор экани шубхасиздир”76. Аммо, бу жараёнлар жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётига салбий таъсир ўтказмоқда.
Ғарб давлатлари томонидан ижтимоий ҳаётда маданият, санъат, таълим ва фан хизматлари бозорини монополиялаштиришга интилишини глобаллашув жараёнларини келтириб чиқараётган жиддий таҳдидлар қаторига қўшиш мумкин. Бу масалада айниқса Америкаликлар фаол ҳаракат қилмоқда. Дунёқараши, яшаш тарзи, қадриятлари яқин бўлган Европа давлатлари ҳам ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини “америкалаштириш”га қаршилик кўрсатаётгани буни тасдиқлайди. Қолаверса бугунги кунда глобаллашув жараёни билан боғлиқ тобора кенг ёйилиб бораётган “Оммавий маданият” деб ном олган маданиятнинг ёшларга таъсири унинг, унинг ижобий томонлари билан биргаликда унинг салбий томонларига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. “Оммавий маданият” деб ном олган халқимиз тасаввурларига, тарихий-маданий анъаналарига, шарқона одоб, ахлоқ нормаларига зид қарашлар, порнографик асарлар, сийқа санъат ва ғайриахлоқий асарлар бугун миллий маданиятларга, миллий ўзликни англашга катта хавф солмоқда.
Мутахассислар “оммавий маданият”нинг кишини ижтимоий муаммоларидан, жамиятда содир бўлаётган ўзгаришлардан узоқлаштириш, чалғитишга қаратилганлигини қайд этишади... “Оммавий маданият”да ўта содда, сийқа қарашлар янгилик, бадиий-естетик кашфиёт сифатида тақдим этилади77. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда “оммавий маданият”ни тарғиб этувчи кўрсатувлар телевидениедан кенг ўрин олишга интилмоқда. Телевидение эса ҳаммамизга маълумки бугун нафақат оммавий ахборотни тарқатиш воситаси, балки у инсонларга ижтимоий онгини ва эстетик дидни шакиллантиради. Бундан ташқари ўзича кишиларда дуч келаётган ижтимоий муаммоларни “ечишга” ёрдам беради, у кишиларни ҳаёт ташвишларидан, аниқроғи, ижтимоий муаммолардан чалғитади, уларнинг уйи, хаёлини енгил-елпи, сийқа, гохо секцуал сюжетларга қурилган дастурлари, кўрсатувлари билан банд қилиб қўяди. Масалан, киши қанчалик қашшоқ, камбағал бўлса, телевидениега шунчалик кўп боғланади, ҳаётий муаммоларини телевидение орқали ҳал этишга (Эскейпизим-“ессаре”) мойил бўлади78.
“Оммавий маданият”да ғайри ҳаётийлик, зўравонлик тарғиб этилади, қаҳрамонлар ғайри ҳаётий шароитга тушиб қолади, бир қаҳрамон юзлаб, ҳатто минглаб қарши кучларни маҳв этади. Инсоний хусусиятлардан маҳрум персонажлар бир-бирининг ичак-чавоқларини титиб йўқотган нарсасини излайди. Уларга ҳеч қандай тўсиқ йўқ: истаса бир хатлаб тўрқават бино устидан сакраб ўтиши, истаса бутун бир шаҳарни яксон қилиши мумкин . Бундай “асарлар” кишиларда, айниқса, ёшларда ёвузлик, зўравонлик туйғуларни уйғотмай қўймайди79. “Оммавий маданият” яратишга ижод қилишга, кишидаги интелектуал салоҳиятини ривожлантиришга эмас, балки ундаги истеъмолчилик кайфиятини кучайтиради. Махсус тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчилик кайфиятига берилмайдиган, ундан мутлоқ озод киши йўқ. “Оммавий маданият” кишида ўз маҳсулотларига нисбатан эҳтиёж, зарурият уйғотишни, шу тариқа чиқараётган махсулот ва товарларни кўпроқ ва тезроқ сотишни назарда тутади.
Энди “Оммавий маданият” масаласига чуқурроқ назар соладиган бўлсак, у ҳозирги кунда маданий глобаллашувнинг, маданий экспанциянинг, қолаверса, мафкуравий тазйиқнинг энг хавфли қуролига айланиб бормоқда. Шуни эътиборга олиш лозимки “Оммавий маданият”да миллий қадрият, миллий хусусият ва миллий тарихга асос йўқ. У миллий маданият, миллий анъана, миллий характер ёки миллий минталитет ҳамда миллий манфаат нима эканлигини билмайди. “Оммавий маданият” нинг моҳияти ва унинг хавфли жиҳатлари ҳақида фикр юритишдан аввал бир тушунчага муайян аниқлик киритиш зарурдир. Чунки “Оммавий маданият”нинг турли олим ва мутахассислар томонидан турлича талқин этилмоқда. Бу борада олим У.Саидов ўзининг “Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот” деб номланган асарида уларни умулаштирган ҳолда қуйдагича ифодалайди:
-“Оммавий маданият” – халқ маданияти урф-одатлари, маросимлари, санъати ва ш.к ифодаловчи тушунча.
-“ Оммавий маданият” ОАВ нинг ривожи билан боғлиқ ҳодиса.
-“Оммавий маданият” ишлаб чиқариш, “кўнгил очиш индустрияси” томонидан яратилган, омма истеъмолига мўлжалланган маданиятнинг сайқаллаштирилган намуналари кўринишидаги салбий ҳодисалардир. Фақатгина халқ маданияти урф-одатлари, маросимлари, санъати ва ш.к ифодаловчи тушунча эмас, балки инкор этувчи тушунча дейиш лозим.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қуйидаги фикрлари эътиборни тортади: “Табиийки, “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзини маънавий негизларига беписандлик, уларнинг қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.
Ҳозирги глобаллашув шароитига келиб "Оммавий маданият" орқали миллий қадрият ва анъаналар тизимини, маълум бир манфаатлар доирасидан келиб чиқиб тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу борада эса ғарб мамлакатлари томонидан маданият "қолиплари" ни ишлаб чиқарилаётганлигидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бу ўзгариш аввало, ғарбона индивидуализм томон ҳаракат қилинаётганлигидан дарак бермоқда. Бу билан глобаллашув шароитидаги "Оммавий маданият" нинг таъсири натижасида миллий маданиятларини ўзига хослигининг юқолиб бориши, кам сонли халқларнинг ўз тили ва урф-одатларини унитиши, ҳаттоки, унинг юқолиб кетиши ҳолатларини келтириб чиқаради. Жаҳонда ғарбона кийиниш кенг тарқалаётган бир пайтда ўзига модага айланиб бораётган либосини кийган, аслида манқуртлик касаллиги кўринишларидан бири - "Оммавий маданият" кўринишининг умумжаҳон маданиятга айланаётганидан далолат бермоқда.
Биз "Оммавий маданият"нинг қай даражада ривожланаётганлиги унинг инсонлар, айниқса ёшлар онгига таъсири масалаларини кўриб чиқдик, уни баъзи кўринишлари ҳақида тўхталдик. Энди "Оммавий маданият"нинг ўзи қандай воситалар орқали таъсир этади. Буларга қуйидагиларни кетириш мумкин, жумладан: кино ва видеофилмлар, театр, адабиёт ва санъат (рассомчилик, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, мусиқа ва бошқалар.), матбуот ва телевидение (оммавий ахборот воситалари), кийиниш маданияти (модалар кўриклари), овқатланиш маданияти (овқатланиш тарзининг бир хиллашуви), Интернет ва ҳоказоларни келтириш мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, кучли давлатлар ўз ҳаётий, аввало, маданий рамзларини ҳимоя қилиш учун барча воситаларни ишга солади, ўз "яшаш тарзлари" ва маданиятларини бошқа ҳудудларга ёйиш каби, бошқача айтганда, маданий рамзлар интервенцияси орқали дунёни ўз таъсири остига олишга ҳаракат қилади. Ўз навбатида, маданий унификациялаш, маданий ранг-барангликни инкор этишга бўлган ҳаракатлар маданий идентификациялаш, яъни маданий ўзига хосликни сақлаб қолишга интилишни юзага келтирмоқда.
Бунинг хавфли томонларини таникли инглиз социологи З.Бауман қуйидагича ифодалайди: "Индивидуаллашган жамият уч ҳарактерли хусусиятга хос: инсон томонидан ижтимоий жараёнлар устидан назоратнинг юқолиши, кишининг жамиятдаги ўзгаришлар қаршисидаги, уларни назорат қилиш имконияти йўқлиги туфайли, ҳимоясизлиги ва ўзи яшаши керак булган мавҳум, ноаниқ воқелик қаршисидаги ҳимоясизлиги; буларнинг оқибати ўлароқ инсоннинг узоқ муддатли мақсадларини, ҳаётий стратегияларини режалаштириб рўёбга чиқара олмагани туфайли, уларни унчалик салмоққа эга булмаса-да, дарҳол қўлга киритиладиган натижалар билан алмаштиришидир. З.Бауман салбий жиҳатларни ўзида мужассам этган индивиднинг пайдо бўлганлигини қайд этган, чунки у ижтимоий муҳитдан, жамоадан ажралиб қолган, ўзгалар ҳақида ўйлаш қобилиятидан, жавобгарлик ва якдиллик туйғусидан маҳрум бўлган ҳамда фақат қисқа муддатли вазифаларни олдига қўйиб, бугунги кун билан яшайдиган кишига айланган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, "Оммавий маданият" кишига инсонийлик, шахс мартабасини берадиган миллий маданиятидан, маънавиятидан, тарихий хотирадан маҳрум этади80.
Бугунги глобаллашув шароитида турли шаклдаги хусусан, «Оммавий маданият» кўринишидаги мафкуравий хуружларга қарши кураш, бунинг учун "халқни - халқ, миллатни - миллат" қилишда Ўзбекистонинг мустақилигини асраб-авайлаш, жамиятдаги баркарорликни таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида маънавий тарбияга эътиборни кучайтириш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |