Глобаллашув шароитида ахборот коммуникация тизимидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар.
ХХ асрнинг иккинчи ярми тезкор, кенг кўламдаги ахборот тизими ва телекоммуникация технологияларининг ривожланиш даври сифатида, улар ҳаётнинг деярли барча жабҳаларига ва инсон фаолиятига кириб бориши, шунингдек, ахборот маконининг глобаллашуви, бутун жаҳон ривожига таъсир кўрсатган ва кўрсатаётган омил сифатида эътироф этилади.
Информацион соҳа жамият ҳаётини ривожлантириб, хавфсизликнинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларига юқори даражада таъсир кўрсатади. Шу боис, жаҳондаги етакчи давлатлар тажрибаларини чуқур ўрганиш, илмий таҳлил қилиш орқали, юртимиз миллий манфаатларига жавоб берувчи ахборот хавфсизлиги тизимини барпо этиш муҳим аҳамият касб этади.
Глобаллашаётган дунёда ахборот халқлараро ва давлатлараро муносабатларда катта аҳамият касб этиб, у жаҳон ҳамжамияти ҳаётида ҳам ижобий ҳам салбий куч сифатида намоён бўлиши мумкин.
Мазкур жараёнларга муносабат билдирар экан, И.Каримов қуйидаги фикрни илгари суради: “Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.82
Ахборот оқимлари ва уларни шакллантирувчи, йўналтирувчи техник воситалар бугунги глобаллашув жараёнида давлатларнинг нафақат ўз миллий манфаатларини сақлаш, балки ушбу манфаатларни уйғунлаштиришни бош мақсади сифатида қараш лозим.
Сиёсий жараёнларга назар ташлайдиган бўлсак кучга қараганда ахборот омили тобора сезиларли аҳамият касб этиб бормоқда. Бугунги кунда "Ким ахборотга эга бўлса, у дунёни бошқаради" деган қоида ўз кучини кўрсатмоқда. Бугунги кунда жаҳон давлатлари ахборот оқимлари устидан ҳукмронлик қилиш мақсадида ахборот технологияларини шиддат билан инсоният фаолиятининг барча соҳаларига олиб кираётган бир пайтда, бу соҳада илғор давлатлар ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги тафовут борган сари катталашаётгани маълум бўлмоқда.
Бу ўринда Ўзбекистонда жамиятни ахборотлаштириш, ахборот технологияларини изчил ва тезкор ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати жамиятимизнинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон глобал ахборот муҳитига фақат мустақилликдан сўнг мустақил субъект сифатида кириб келган бўлсада, ўтган оз фурсатга қарамай Республикада Интернет провайдерлари ва Интернетдан доимий фойдаланувчиларнинг сони йилдан-йилга шиддат билан ортиб бормоқда.
Албатта ҳар қандай ахборот ҳуружлари ахборот қуроллари орқали амалга оширилади. Ахборот миллий хавфсизликка тобора таъсир кўрсатувчи муҳим давлат ресурси бўлиб бораётган шароитда давлатларнинг ахборот соҳасида, яъни “ахборот уруши” билан бевосита боғлиқ масалаларни ўрганиш ва ишлаб чиқишга интилишлари ортиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |