Жиноят глобаллашувига қарши кураш ва уни олдини олиш борасидаги вазифалар.
Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб терроризм, айирмачилик, одамлардан ноқонуний фойдаланишга, уларнинг миграциясига ва савдосига қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бу соҳани тартибга соладиган бир қанча халқаро ҳуқуқий нормалар Парламент томонидан ратификация қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 1949 йил 2 декабрдаги 317(ИВИ)-сон резолюцияси билан маъқулланган «Одамлар савдосига ва учинчи шахслар томонидан фоҳишабозликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсия ҳамда 2001 йил 28 июнда БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги 55/25-сон резолюцияси билан қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсия ратификация қилинди.
2008 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Одамлар савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш” номли 135-модда билан тўлдирилди, сўнгра шу йилнинг август ойида ушбу модда “Одам савдоси” кўринишида янги таҳрирда баён қилинди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик тизимида ўзининг ҳудудий тузилмаларига эга бўлган “Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бўлими” ташкил этилди.
Одам савдосига қарши кураш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссия тузилди69. Одам савдосига қарши курашнинг устувор профилактик чора-тадбирлари сирасига қуйидагилар киради:
1. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ташқи савдо билан шуғулланувчи идоралар, хорижий давлатларга ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи юридик шахслар фаолияти устидан назоратни кучайтириш.
2. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ахборот билан таъминланишини ошириш. Хусусан, хорижга чиқиш ҳужжатларини тайёрлашда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари мансабдор шахслари хорижга чиқувчилар ўртасида ушбу қонунбузарликларни олдини олиш учун тушунтириш ишларини олиб борадилар.
3. Ғайриқонуний миграцияга қарши кураш билан шуғулланувчи юқори профессионал тайёргарликка эга бўлган ходимлар ёрдамида миграцион назоратни кучайтириш, шунингдек, қонунга зид миграция ҳақидаги маълумотлар алмашинувини амалга ошириш мақсадида ушбу органларнинг хорижий давлатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш лозим бўлади.
4. Одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларга Ўзбекистон Республикаси чегараларини тегишли чегара ва божхона назоратисиз кесиб ўтишга имкон берувчи барча хуфёна йўлларни бартараф этиш.
5. Ёшларнинг ахлоқий тарбияси даражасини ошириш (одам савдоси билан шуғулланувчилар олдида заиф, яъни ишонувчан бўлган фуқароларнинг айни шу тоифаси таваккал қилувчиларнинг биринчи гуруҳига киради), мустақил фикрловчи ва ҳаётга комил ишонч билан қаровчи ёшларни тарбиялаш зарур.
6. Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг чет давлатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа органлари билан одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни очиш, тергов қилиш усуллари ва одам савдоси билан шуғулланаётган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисида ахборотлар алмашиш механизмини такомиллаштириши.
7. Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг жамоатчилик билан ҳамкорликда одам савдосиги қарши кураш соҳасидаги ички ҳамкорлиги механизмини такомиллаштириш.
8. Одам савдоси муаммосига бағишланган ўқув қўлланмалари, бадиий ва ҳужжатли филъмлар тайёрлаш, театрлаштирилган саҳна кўринишларини ташкил қилиш керак. Бу чоралар нафақат инсонларни халқаро муаммо тўғрисида ахборотга эга бўлиши, балки уларнинг бу муаммоларга қарши курашишда яқинлашувига ҳам ёрдам беради.
9. Олий ўқув юртлари, коллежлар, лицейлар ва мактабларда доимий равишда одам савдосига қарши курашга бағишланган факулътатив дарслар ўтказишни йўлга қўйиш зарур70.
Хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, бугунги кунда жиноятнинг глобаллашувига қарши курашиш, олдини олиш глобал аҳамият касб этмоқда. Чунки уюшган жиноятчилик инсон, унинг шаъни, қадо-қимматига даҳл қилувчи, унинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилувчи, жамиятга, инсониятга катта зарар етказувчи ва бугунги кунда чегара билмас даражада барча ҳудудларни қамраб олувчи умумжаҳон миқёсидаги муаммо ҳисобланади. Айниқса, глобаллашув трансмиллий жиноятларнинг янада кенг ёйилиши учун шароит яратмоқда. Бу эса барча давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигига эҳтиёж туғдириб, бу борада давлатлараро ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда кучларни бирлаштириш лозимлигини тақазо этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |