Жиноят глобаллашувнинг намоён бўлиш хусусиятлари. Бугунги кунда халқаро трансмиллий характердаги жиноий тўдалар турли йўналишларда, соҳаларда ўз хатти-ҳаракатларини амалга оширишмоқда. Албатта бу гуруҳлар ўз хатти-ҳаракатларини йўлга қўйишларида сердаромад соҳаларни ўз нишонлари остига олишади. Бу соҳалар шунингдек яъни сердаромадлигидан ташқари қулайлиги, камчиқимлиги билан ҳам ажралиб туради. Улар қаторига қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Одам савдоси. Одамлар савдоси – бу алоҳида шахсни (ёки гуруҳни) ёллаш, уларни бир давлат чегараси доирасида ёки чегарасидан ташқарига олиб кетиш билан боғлиқ бўлган барча ҳаракат ёки мақсадлар бўлиб, у ўз ичига сотиш, сотиб олиш, топшириш, бундай ҳаракатларни фойда кўриш ёки шунчаки бундай шахсни кейинчалик алдаб ёки мажбурлаб (зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб), шунингдек, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ишлатиш мақсадида ушлаб туришни, шунингдек, шахсни ҳоҳишига қарши ҳолда қулчилик шароитида ҳақ тўлаш ёки тўламаслигидан қатъи назар ушлаб туришни ҳам ўз ичига олади.
Р.Қодировнинг таъкидлашича, одам савдоси – инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Мазкур жиноий фаолиятнинг мотив ва мақсади ғараз, яъни моддий фойда ёки даромад кўришни кўзда тутади. Чунки одам савдосидан кўзда тутилган асосий мақсад жиноятчининг ўзи ёки бошқа шахслар орқали пул ёки бошқа моддий бойликларга эга бўлиш ҳисобланади.
М.Х.Рустамбоевнинг таъкидлашича, одам савдоси – ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Ундан келадиган даромад гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан сўнг учинчи ўринда туради61. Жиноятчиликнинг мазкур туридан келадиган даромаднинг йиллик айланмаси 32 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Йилига 2 миллион инсон бу савдонинг қурбони бўлмоқда. Жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш шу даражада кенг тарқалганки, натижада ҳозирги кунда миллат генофондига, шу билан бирга миллий хавфсизликка жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай ҳолатда ҳар қандай маданияти ривожланган мамлакат мазкур жиноий фаолият тури билан кураш бўйича барча зарур чораларни кўриши лозим. Ўзбекистон ҳам бу борада истисно эмас.
Одамлар (айниқса, аёллар ва болалар) савдоси билан боғлиқ жиноятлар сўнгги йилларда авж олди. Бугунги кунда одамлар савдоси трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлиб, дунё бўйича шунчалик кенг тарқалганки, БМТ ва миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маълумотлари миллионлаб шахслар ундан жабр кўраётганлигидан далолат беради.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 15 ноябрдаги 55/25- сонли резолюцияси билан қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсияда (мазкур халқаро ҳужжат Ўзбекистон Республикаси томонидан (2001 йил 28 июнда ратификация қилинган) эса одам савдоси тушунчасига қуйидагича таъриф берилган. Одам савдоси – одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш, ташиш, бериш, яшириш ёки одамларни қўрқитиш асосида куч билан бошқа воситаларни қўллаш орқали ёки бошқа мажбурлов воситалари, ўғирлик, товламачилик, алдов, ҳокимиятни суистеъмол қилиш, ёҳуд мансаб мавқеидан фойдаланиб, сотиб олиш йўли билан қўлга киритишни англатади. Одам савдоси халқаро ҳамжамият томонидан инсон, оила ва жамият фаровонлигига хавф туғдирувчи акт сифатида баҳоланади62.
Do'stlaringiz bilan baham: |