Дин масаласида мавжуд халқаро меъёр (нормалар). Виждон эркинлиги кўп қиррали тушунча бўлиб, у мазмун-моҳиятига кўра қуйидагиларни билдиради: ҳар кимнинг ўз эътиқодига кўра, мазкур жамиятдаги мавжуд ижтимоий меъёрларни бузмаган ҳолда виждони буюрганича яшаш, ишлаш имконияти. Бунда динга муносабат масаланинг бир томони ҳисобланади. Сиёсий жиҳатдан эса унга демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. Юридик нуқтаи назардан виждон эркинлиги инсоннинг асосий шахсий ҳуқуқлари сирасига киради ва демократик эркинликлардан бири ҳисобланади.1 Кўринадики виждон эркинлиги замирида шахснинг ҳуқуқи, демократия, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби катта ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва аҳлоқий тушунчалар ётади. Ҳозирги вақтда виждон эркинлиги демократиянинг ажралмас таркибий қисмига айланган. Биз бу ўринда виждон эркинлигини фуқароларнинг дин эркинлиги нуқтаи назаридан изоҳлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар масаласи барча давлатларнинг ижтимоий ҳаётида муҳим ва шу билан бирга мураккаб масалаларидан бири бўлиб келган.
Бу масалада халқаро меъёрларга келсак, БМТ нинг Уставидан тортиб, барча халқаро ҳужжат ва шартномаларда, дунёвий давлатларнинг Конституция ва қонунларида виждон эркинлиги масаласи ўз ифодасини топган. 1948 йил 10 декабарда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умум жаҳон декларацияси»га мувофиқ ҳар бир инсон эркин фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ ўз дини ва эътиқодини ўзгартириш эркинлигини, диний ибодатларни бажаришда ва диний маросимларда якка тартибда ва одамлар билан биргаликда қатнашиш эркинлигини ўз ичига олади.
«Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» нинг 18-моддасида эса «Дин ёки эътиқодга сиғиниш эрки қонунда белгилаб қўйилган ва жамоат ҳавфсизлигини сақлаш, тартиб, сихат-саломатлик ва аҳлоқ-одобни сақлаш учун, айни вақтда бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини сақлаш учун зарур бўлган чеклашларгагина нозил бўлади», - деб таъкидланган.
Дин ва виждон эркинлиги тўғрисида халқаро ҳужжатлардаги яна бир муҳим масала, турли дунёқараш ва эътиқодда бўлган кишилар ўртасидаги, давлат, дин, диний ташкилотлар билан давлат ўртасидаги муносабатларнинг амалда ҳуқуқий таъминланишини ҳам назарда тутади.
Ўзбекистонда виждон эркинлигининг конституцион кафолатланиши.
Дин эркинлиги нуқтаи назаридан виждон эркинлиги - бу фуқароларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиш ёҳуд ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида қайд этилганидек, «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди».2 Диндор бўлиш ёки бўлмаслик, ўзи хоҳлаган динга ишониш ёки ҳеч қайси динга ишонмаслик ҳар кимнинг шахсий иши. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасининг Конститутциясининг 31-моддасида қонун билан мустаҳкамланган.
Виждон эркинлигининг кафолатлари кўп қирралидир. Бу – аввало динларнинг ва диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилганлиги; барча фуқаролар учун уларнинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслигидан қатъий назар маориф ва маданият масканлари эшикларининг очиқлиги; мактабнинг диндан ва диний ташкилотлардан ажратилганлиги; диндорларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган шароитларнинг яратиб берилганлиги ва бошқалардан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |