Чаққонликни ривожлантириш услубиётлари. Чаққонликни ривожлантириш координация жиҳатдан мураккаб ҳаракатларни бажаришни, ҳаракат фаолиятини тўсатдан ўзгарган шароит талабларига мувофиқ равишда қайта туза олиш қобилиятини тарбиялашдан иборатлигини билдик.
Чаққонликни ривожлантириш учун зарур бўлган ҳаракатларни макон ва вақт бирлигида аниқ идрок этишга ўргатиш, стабил ҳаракатлар қила билиш, мувозанат сақлай олиш, галма-гал зўр бериш ёки мускулларни бўшаштириш, унинг акси, мускулларни таранглаштириш қобилияти ва шунга ўхшаш бошқа хусусиятларни ажратиб такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Демак “чаққонлик” деганда, координациявий ҳара катларнинг умумий тўплами ёки йиғиндиси тушунилади.
Чаққонликни ривожлантириш ва тарбиялашнинг асосий йўли янги, хилма-хил ҳаракат малакалари ва кўникмаларни шакллантириш демакдир. Ўз навбатида бу ҳаракат малакалари заҳирасининг ортиб боришига сабаб бўлади, ҳаракат анализаторларининг функционал имкониятларига самарали таъсир қилади.
Янги ҳаракатларни ўзлаштириш узлуксиз бўлгани яхши. Чунки, янги ҳаракатларни ўрганишни режалаштирмаслигини салбий оқибати сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Аслида таълим жараёни давомида олдиндан маълум бўлмаган янги машқларни бажариб туришнинг ахамияти катта. Янги ҳаракатлар (машқлар) ўзлаштириб турилмаса, шуғулланувчини ҳаракатга ўргатиш қийинлашади. Ҳали ўрганиб улгурмаган машқларни тўла ўзлаштириб олиш шарт эмас, чунки у шуғулланувчиларнинг қандайдир янги ҳаракатларни ҳис қилиб туришлари учун зарур. Турли хилдаги бундай ҳаракатларни, одатда, машғулот кунлариниг актив дам олиш режалаштирилган кунлардаги тренировка жараёни таркибига киритилиши мақсадга мувофиқ.
Чаққонликни ривожлантиришда янги ҳаракатларни ўзлаштириб олиш воситаси сифатида ҳар қандай иҳтиёрий ҳаракатдан фойдаланиш мумкин. Лекин улар фақат машқ таркибидаги янги элементлар бўлгани учунгина ўрганилади. Янги ҳосил бўлган ҳаракат малакаси автоматлашиб борган сари машқни чаққонликнинг ривожлантириш воситаси тарзидаги аҳамияти камайиб боради. Ҳаракат фаолиятини тез ва мақсадга мувофиқ қайта тузиш қобилиятини тўсатдан ўзгарган шароитдаги таъсирларга тез жавоб қайтара олишини намоён бўлиши чаққонликнинг ривожланаётганлигидан далолатдир. Бу жисмоний ўзгаришлар деганидир.
Чаққонликни ривожлантиришга йўналтирилиб юкламани ошириш шуғулланувчиларга координациявий қийинчиликларни кучайтиради. Машғулотлар давомида бундай қийинчиликлар уч гуруҳга бўлинади:
1. Ҳаракатларнинг аниқлигига эришишдаги қийинчиликлар.
2. Уларнинг ўзаро мослаша олишидаги қийинчиликлар.
3. Кутилмаганда, қисқа вақт ичида, ўзгарган шароитда дуч келинадиган қийнчиликлар.
Амалиётда қайд қилинган қийинчиликларнинг юзага келишини олдини оладиган Л.П. Матвеевнинг ч а қ қ о н л и к н и т а р б и я л а ш услубиётидан кенгроқ фойдаланилади:
1. Ғайритабиий, ғайри оддий дастлабки ҳолатлардан фойдаланиш (зарур бўлган томонга орқа билан туриб узунликка сакрашлар ва ҳ.к).
2. Машқни ойнага қараб бажариш (дискани чап қўл билан улоқтириш ёки боксчини чап томонлама туриб зарба бериши).
3. Ҳаракатлар тезлиги ва суръатни ўзгартириш (масалан, машқларни тезлаштирилган усулда ёки секинлаштириб бажариш).
4. Маконда машқлар бажарилаётган чегараларни ўзгартириш (масалан, улоқтиришда снарядларни кичиклаштирилган айланадан улоқтириш ёки майдонининг сатҳи кичиклаштирилган спорт ўйинларини ўйнашдан фойдаланиланиш. Кенг майдон тор майдонга нисбатан чаққонликни намоён қилиш учун қулайлик туғдирмайди. Баландликка турли усул билан: орқамачасига, олдинмачасига, ёнламасига, айланиб, югуриб сакрашлар ва ҳоказолар).
5. Қўшимча ҳаракатлар киритиб машқларни мураккаблаш-тириш (масалан, ерга тушиш олдидан қўшимча бурилишларни қўшиб, ёки таяниб сакраш ва бошқалар).
Do'stlaringiz bilan baham: |