13-МАВЗУ.ИЖТИМОИЙ ИШДА ИШ ЮРИТИШ ВА АРХИВЛАРНИ БОШҚАРИШ
Режа:
1. Ижтимоий ишда иш юритиш - бу ҳужжатлар билан ишлаш
2. Ҳужжатларни тўғри тузиш, таҳлил қилиш сифатини аниқлаш
3. Ижтимоий соҳа муассасаларида архивларни ташкиллаштириш ва бошқариш
Таянч сузлар: хужжат, ариза, таржимаи хол, архив, баённома, оригинал, нусха, папка, ижтимоий хизматчи.
“Қалам билан ёзилганни болта чопа олмайди”.
Рус мақоли
“Ўқиш кишини билимдонликка, суҳбат топқирликка,
ёзиб юриш одати эса аниқликка эриштиради”.
Ф. Бэкон
1. Ижтимоий ишда иш юритиш - бу ҳужжатлар билан ишлаш
Иш юритиш - бу ҳужжатлар билан ишлаш. Ҳужжатлар яратилади, қайта ишланади, сақланади, улардан турли мақсадларда фойдаланилади. Маълумки, ҳужжатни қўлда, ёзув машинкасида (бирданига бир неча нусхада), шунингдек, компьютер техникасидан фойдаланиб ёзиш мумкин. Компьютер технологиялари мижоз тўғрисидаги маълумотларни ихчам, тежамли, қулай шаклда тақдим қилиш, ижтимоий хизматлар мижозлари
тўғрисидаги тўла маълумотлар банкини тузиш имконини беради. Машинкада
ёзиш ва компьютерни билиш ҳужжатларни яратиш бўйича меҳнатни соддалаштиради ва айни пайтда уларнинг сифатини оширади. Жонли нутқни
тезда ёзиб олиш учун узоқ вақтлардан буён стенографиядан фойдаланилади.
Сўнгги вақтларда ҳужжатлаштиришнинг аудио- ва видеоёзув сингари хизмат кўрсатиш жараёнини, мижоз ва ижтимоий хизматчининг кузатилаётган хулқ-атворини кўргазмали акс эттирадиган шакллари борган сари кенгроқ тарқалмоқда.
Иш юритиш маъмурий фаолият (бошқарув)нинг ҳужжатлар ва улар
билан ишлашга боғлиқ бўлган алоҳида туридир. Ишни рисоладагидай юритиш учун мамлакатимизда ва ундан ташқарида қандай техника воситалари мавжудлигидан хабардор бўлиш керак.
Ҳужжатларга ҳамма жойда дуч келамиз. Ҳар қандай муассасага: мактабга, уйлар бошқармасига, шифохонага кириб кўринг, у ерларда ҳужжатларга кўзингиз тушади. Алоҳида витриналарда, эълон тахталарида турли-туман эълонлар, ташкилот раҳбарининг буйруқлари, уйда истиқомат қилувчиларнинг рўйхати ва бошқаларни учратиш мумкин. Ўн тўрт ёшга тўлганда ҳар бир фуқаро паспорт, ўрта мактабни тугаллагач, умумий ўрта маълумот тўғрисида аттестат олади, ишга жойлашгандан сўнг эса унинг меҳнат дафтарчаси юритила бошлайди. Бу ва бунга ўхшаш ҳужжатларга шунчалик кўникиб қолганмизки ва улар шу қадар кенг тарқалганки, улар бизга ўз-ўзидан бўлиши зарур нарсалардай туюлади.
Ёзув пайдо бўлган вақтдан буён ҳужжатлар ёзиш, қайд қилиш, бошқача қилиб айтганда воқеа, ҳодисаларни ҳужжатлаштиришнинг ишончли воситаси бўлиб қолди. Ҳужжатлар бизга бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида гўё гувоҳлик бергандай бўлади, улар инсоннинг ҳақиқий хотирасидир.
Ҳужжатларга, демакки иш юритишга миллионлаб одамлар алоқадордир. Ҳужжатлардан муасссасаларнинг хизматчилари турли мақсадларда фойдаланишади. Уларни у ёки бу топшириқни бериш, у ёки бу фактни унутмаслик мақсадида тузишади, улардан тегишли маълумотларни олишади. Муассасалардаги ҳужжатлар узлуксиз ҳаракатда бўлади, бир қўлдан иккинчисига ўтиб туради. Уларда топшириқлар битилган бўлади, улар нимани ва қачон бажариш кераклигини эслатиб туради.
Ўз мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд инстанцияларига мурожаат қилиб турадиган ижтимоий хизматчи, ижтимоий
педагог ўзининг барча илтимослари, аризалари, истаклари, турли муассасаларга (айниқса, давлат муассасаларига) мурожаатларини ҳар доим ўз
сўзларининг тўғрилигини тасдиқлаш учун тегишли тарзда расмийлаштириши, ҳар бир ҳужжатда визалар (қондириш ёки рад этиш тўғрисидаги) бўлишини таъминлаши лозим.
Ҳужжатлар ортида тирик одамлар, тирик иш ва ҳаётнинг ўзи туради.
Ҳужжатлар ортида фақат қоғозни, иш юритишда эса фақат бюрократизмни
кўриш яхши эмас.
Мижоз ҳақида ҳужжат юритиш ижтимоий хизматчи фаолиятини ташкил қилиш, мижознинг ҳолатини, унинг муаммолари, хизмат кўрсатиш
жараёнини таҳлил қилиш шаклидир. Ҳужжатларни юритиш янги фикр ва ғояларнинг пайдо бўлиши, демак мижозга нисбатан унинг номидан амалга
оширилаётган фаолиятнинг такомиллашувига ёрдам беради. Иш юритиш ҳатти-ҳаракатларнинг тартибсизлигига, ишдаги тасодифийлик ва ваколатсизликка барҳам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |