Даврон Қодиров.Диловар Қобилова
АНЪАНАВИЙ ХОНАНДАЛИК
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
Даврон Қодиров. Диловар Қобилова
АНЪАНАВИЙ ХОНАНДАЛИК
Ушбу ўқув қўлланма Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Низоий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқув-услубий кенгаши томонидан нашрга тавсия этилган
Нашр учун масъул:
Тақризчилар:
М.Тожибоев.Ўзбекистон давлат консерваториясининг профессори, Ўзбекистон халқ хофизи
Қ.Б.Панжиев. Низомий номидаги ТДПУ Мусиқий таълим кафедраси мудири, с.ф.н.
Таржимон:
Ш.Р. Акромов. Низомий номидаги ТДПУ Инглиз тили амалий курси катта ўқитувчиси.
Мазкур ўқув қўлланма олий таълим муассасалари мусиқа таълими йўналишлари талабалари учун Анъанавий хонандалик фанидан фойдаланиш учун мўлжалланган.
Ўқув қўлланма тўртта бобдан иборат бўлиб,биринчи ва иккинчи боблар назарий қисмида қўшиқ матни устида ишлаш,нафас олиш машқлари каби малакаларни шакллантириш бўйича тавсиялар, учинчива тўртинчи бобларда талабаларнинг куйлаш малакаларини шакллантириш учун қўшиқлар тақдим этилган.
I – БОБ.Кириш.
1.Ўзбек анъанавий хонандалик санъати.
Халқнинг ҳаёти бешикдан қабрга қадар қўшиқ билан боғлиқ; инсон руҳига қўшиқ чақалоқлигидаёқ алла орқали сингади, кейин бутун умри давомида унга қўшиқ ҳамроҳлик қилади – қувончли кунларда ҳам, қайғули тунларида ҳам.
Қўшиқда халқ ҳаёти бутун қирралари билан, халқ кайфияти барча кўринишлари билан намоён бўлади. Қўшиқда халқ тафаккури, дунёқараши, анъаналари, урф-одатлари, ўзига хос ҳусусиятлари акс этади.
Биз ҳаётимизни куй ва қўшиқсиз тасаввур қила олмаймиз. Нақл қилинишича, ҳатто инсон жисмига жон ҳам мусиқа воситасида кирган экан. Шунинг учун яхши кунимизда ҳам, ёмон кунимизда ҳам – бешикдан қабрга қадар умримиз давомида бизга қўшиқлар ҳамроҳ.
Ота-боболаримиз санъатни, адабиётни ҳеч қачон илму ҳунардан ажратишмаган.Беқиёс тафаккур қудрати, бетакрор қалами сеҳри билан дунё илму адаб аҳлининг эътирофи ва ҳайратига сазовор бўлган буюк олиму адибларимиз ҳам аксар мусиқа билимдонлари, забардаст бастакору моҳир созанда, баъзида ҳатто соҳир хонанда ҳам бўлишган.
Ривоят қилишларича, Хуросон сафаридаБухоро амири Наср ибн Аҳмадга Марв об-ҳавоси ниҳоятда хуш келиб, шу ерда узоқ қолиб кетади.Аркони давлат юртни соғиниб, бетоқат бўла бошлайдилар.Лекин юрак ютиб, бу ҳақида ҳукмдорга оғиз оча олмайди. Охири Сомонийлар давлатининг малик уш-шуароси Абу Абдулло Рудакийни совға-саломлар билан сийлаб, амирни Бухорога қайтишга кўндиришни сўрайдилар.Шунда шоир Наср ибн Аҳмад ҳузурига кириб “Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме” (“Мўлиён ариғи сувининг бўйи келмоқдадир”) мисраси билан бошланган, асрлар давомида шуҳрат тутиб, 120 шоир тазмин битган, лекин бирортаси бадииятда унга яқинлашолмаган ғазални куйга солиб ижро этади. Ватан туйғуси, интизорлик кечинмалари ўзининг ва ҳассос ифодасини топган бу ёниқ қўшиқни эшитган амирнинг кўнглида Бухоро соғинчи шунчалик жўш урганки, ҳатто кийинишни ҳам унутиб, чодирдан югуриб чиққанича отга миниб, “Қайдасан, Бухоро” деб йўлга тушган экан1.
Комилжон Отаниёзовнинг айтишича, Хоразмдан азалдан “Сувора” ни авж пардада куйлаган хонандагина “хофиз” деб тан олинган. Устознинг бу фикрларини давом эттириб, Ортиқ Отажонов ҳам: ”Санъат оламига мақом деган дарвозадан кирилади” –дейди.
Маълумки, анъанавий хонандаликда ҳар қандай қўшиқ - сўз, оҳанг ва ижро уйғунлигидан иборат яхлит санъат асари.Бу унсурлардан бири етишмадими, билингки, ўша қўшиқ мукаммал бўлмайди.Кейинги пайтларда бу учликни бирга кўриш амримаҳол бўлиб қолди.Куй гўзал бўлса, сўзи саёз, матн теран бўлса, куй хароб, шеър ҳам, мусиқа ҳам жойида бўлса, ижро ўхшамайди Мен бу учлик ёнига тўртинчи қилиб овозни, бешинчи қилиб дардни қўшган бўлар эдим.Ҳолбуки,Ортиқ Отажонов таъбири билан айтганда, санъаткор учун табиий овознинг аҳамияти беқиёс бўлиб, у қўшиқни тутиб турадиган биринчи қанотидир.2
Дард ҳам қўшиқнинг муҳим унсурларидан – сўз ҳам, мусиқа ҳам, овоз ҳам,ижро ҳам жойида бўлса-ю, хонандада дард бўлмаса, бундай қўшиқлар ҳам тингловчи қалбига етиб бормайди.
Ўзбек хонандалик санъати жуда қадимий ва серқирралиги билан Шарқ халқлари маданияти орасида алоҳида аҳамият касб этиб келган.
Ўзбек халқ қўшиқлари ранг-баранг жанрлардан иборат бўлиб, инсон туғулишидантортиб то ҳаётининг сўнгги кунларигача бўладиган жамики маросимлар, анъана ва удумларнинг бари турли-туман қўшиқлардан иборат.Инсон руҳиятининг минг бир хилда товланишлари, ҳасрат-надомати, орзу-тилаклари, воқеликка бўлган муносабати қалб тўридан булоқдай жўшиб, қайнаб чиққан қўшиқларида мужассамлашган.Азалдан қўшиқсевар аждодларимиз ижтимоий ҳаётнинг мураккаблигини, табиат ва жамият муносабатинингсирларини тушунишга, қалбида туғилган туғёнларни мисраларга жо қилишга интилган. Олис юлдузлар жилосидан тортиб, янги остонага ибо билан қадам қўйган келинчакка билдирилган эзгу тилаклар ҳаяжонини, бургут парвози, маъсума ой карашмаси, япроқларнинг осуда шитирлашини чуқур бадиий идрок этган халқимиз ўз ҳис-туйғуларини қўшиқ қилиб куйлаган, ўртанган, ёнган.3
Анъанавий хонандаликдаЎзбек халқ қўшиқчилиги ижодиётиқўшиқчилик жанрларинамуналари:
- Болалар қўшиқлари; ( Бешик қўшиқлари)
- Мавсум ва маросим қўшиқлари;
- Меҳнат қўшиқлари;
- Маиший ва лирик қўшиқлар;
- Эпик қўшиқлар;
- Йиғи-йўқловлар:
- Катта ашула;
- Оғзаки анъанадаги профессионал ижрочилик мактаби
(Мумтоз ашула, мақомларимиз) га бўлинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |