II. Орографик объектларнинг тарихий-ижтимоий, иқтисодий-сиёсий ва маданий омиллар асосида номланиши
Орографик объектларнинг номланишида юқорида келтирилган омиллардан ташқари, турли тарихий-ижтимоий воқеа-ҳодисалар, аҳолининг иқтисодий-сиёсий муносабатлари, маданий ҳаёт тарзи ва анъаналари ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўтказилган таҳлиллар Жанубий
Ўзбекистон оронимларининг бу турга кирувчи қуйидаги хусусиятлар асосида номланишини кўрсатди.
1.Этнонимлар асосида юзага келган оронимлар (Этнооронимлар).
Этник (халқ, қабила, уруғ, уруғнинг тармоқ ва кичик бўлинмалари) номлар билан аталувчи жой номлари Жанубий Ўзбекистон топонимиясида алоҳида ўринни ва катта гуруҳни ташкил этади. Улар сон жиҳатдан кўп бўлишидан ташқари, турли типдаги объектларнинг номи ҳисобланади1.
Бу фикрлар оронимларнинг этнонимлар асосида юзага келишига ҳам тегишли. Этник белгилар асосида оронимларнинг ясалиши, асосан, турли халқ, миллат, қабила, уруққа мансуб аҳоли вакиллари яшайдиган жойларда юзага келади. Улар қўшни ёки аралаш яшаган жойларда ўша ҳудудга тегишли орографик объектлар этник белгилар асосида яратилади. Бир қабила, уруққа мансуб бўлган кишилар ўзларига қарашли, тегишли объектларни ўзларининг этник белгилари асосида ясамайдилар. Этник номлар, одатда, қўшни қабила, уруққа мансуб кишилар томонидан берилади.
Этнооронимлар ҳам бошқа турдаги жой номлари қатори Жанубий Ўзбекистон аҳолисининг тарихий шаклланиши, тараққиёт босқичлари, қадим ўтмишдан давом этиб келаётган муносабатлари, интеграция ва миграциясини кўрсатувчи муҳим манба ҳисобланади.
Оронимик материалларни луғавий-маъновий жиҳатдан ўтказилган таҳлиллари этник мансублик асосида вужудга келган бир қатор оронимлар мавжудлигини кўрсатди. Уларни қуйидаги маъновий гуруҳларга бўлиш мумкин:
1) миллатига нисбат этиш асосида яратилган оронимлар: Авғонтахта (До., баландлик), Эронитепа (Кс.), Дараитурко (Қм., дара), Камаритурк (Ос., камар), Уйқур (асли уйғур; До., дара), Арабтепа (Бс.) ва б.;
2) қабила номига нисбат этиш асосида яратилган оронимлар: Можарон (Шс., баландлик), Манғити (До., тепа), Мағит (До., яйлов) ва б.;
3) уруғ номига нисбат этиш асосида яратилган оронимлар: Батошоқ (Қм., баландлик), Баҳринтепа (Қм., тепа), Даражови (Шс., дара), Дарихитой (До., дара), Даштикалтатой (Со., дашт), Керайит (Қм., адир), Човлиқалоқ (До., яйлов), Чимбой (Қм., тоғ), Юртихитой (До., яйлов) ва б.;
4) генетик жиҳатдан ҳиндларга мансуб қавмларнинг маҳаллий номлари асосида яратилган оронимлар: Лўлиўтириш (Чр., жой), Лўликамар (Чр., камар),
Лўлитепа (Ғз., Қм.), Лўлимурда (Кт., Шс., адир), Жугитепа (Бс., Дн., Сo., Шс.), Жугидапсан (Бс., Жқ., адир) ва б.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Жанубий Ўзбекистон топонимиясига тегишли 1594 та этнотопонимлардан фақат 303 таси оронимларга тегишли. Бу
кўрсаткич жами этнотопонимларнинг 20 фоизини ташкил этади. Шундан 161 таси индикаторли, 142 таси индикаторсиз қўлланиш хусусиятига эга1. Индикаторсиз қўлланишга эга бўлган этнооронимлар даврий жиҳатдан қадимий ҳисобланади. Бу нарса этнонимларнинг икки хил функцияни бажарганлиги билан изоҳланади: 1) уларнинг этник бирлик номи сифатида келиши; 2) этник гуруҳга мансуб бўлган орографик объектларнинг номи бўлиб келиши.
Ўтказилган таҳлиллардан шу нарса маълум бўлдики, этнонимлар оронимлар сатҳига кўчгач, икки хил грамматик тузилишга эга бўлади, яъни индикаторсиз ва индикаторли. Уларнинг индикаторсиз қўлланиши бирламчи хусусият эканлиги аниқланди. Индикаторли қўлланиш уларнинг қандай функцияда келганлигини кўрсатувчи асосий белги ҳисобланади. Чунки унинг қайси объектга тегишли ном бўлиб келаётганлиги шу кўрсаткич орқали юзага чиқади. Демак, юқорида айтилган фикрлар асосида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин: оронимлар индикатор қўшилган, қўшма от, синтактик ясалиш, атоқли от сифатида тўла шаклланиш босқичини босиб ўтган; иқтисод
принципи талабига кўра ном таркибидаги баъзи индикаторлар тушиб қолган бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |